31.07.2018

ДЕПУТАТ ЎЗИГА ИШОНМАСА, ҲЕЧ КИМ УНИ ҚЎЛЛАМАЙДИ

Жойлардаги муаммоларни ўша ҳудуддан сайланган депутатлар бошқаларга қараганда яхшироқ билади. Бу ҳақда гап кетганда, маҳаллий Кенгаш депутатлари биринчи бўлиб кўз олдимизга келади, албатта. Хўш, бугун халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоят Кенгашларига партиямиздан сайланган депутатлар ўз ваколатларидан қай даражада фойдаланаяпти? Жойлардаги муаммоларни ҳал этишда қандай иштирок этишяпти? Бу саволларга Тошкент вилояти мисолида жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Вилоят партия кенгаши раиси Меҳрож ­Дархоновнинг таъкидлашича, қонуний ваколатларидан самарали фойдаланаётган депутатлар аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал қилиш бўйича ижобий натижаларга эришаётгани кўзга ташланмоқда.

— Бугунги кунда халқ депутатлари Тошкент вилояти туман, шаҳар Кенгашларида 188 нафар депутат фаолият олиб бормоқда, — дейди у. — Улар томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 279 депутатлик сўрови юборилган. Шундан 173 таси қонун ва қарорларнинг ижросини таъминлаш юзасидан, 106 таси эса фуқароларнинг мурожаатлари асосида амалга оширилган.

Одамлар ишончини қадрлаган, халқ вакили бўлиш нималигини ҳис қилган депутатлар ҳар доим ҳаракатда, изланишда бўлади. Лекин вилоятимизнинг туман, шаҳар Кенгашларидаги партиямиз гуруҳларининг айрим аъзолари ижро ҳокимияти идораларига бирор марта ҳам депутатлик сўрови билан мурожаат қилмаган.

Яна бир ҳақиқатни очиқ айтишимиз керак. Аксарият сўровлар кўпчиликни ўйлантираётган масалалар ечимига эмас, маиший, шахсий, тор манфаатларга қаратиляпти. Буни қандай баҳолаш мумкин? Баъзи сўровларда кўтарилаётган муаммо сабаблари, ечими йўллари ёки таклифлар аниқ кўрсатилмаган. Бу депутатлик сўровининг натижасиз қолишига сабаб бўлмоқда.

— Сайловдан кейин айрим депутатлар ўзларини номзод этиб кўрсатган партия билан алоқани узиб қўяди, — дейди Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши бўлим мудири ­Фурқат Исроилов. — Табиийки, бундай депутатлар ўз сайловчилари билан камдан-кам мулоқот қилади. ­Масалан, халқ депутатлари Ангрен ва Олмалиқ шаҳар Кенгашларидаги партия­миз гуруҳлари фаолияти жуда суст. Улар сессия­лар ва доимий комиссиялар йиғилишларида, мансабдор шахсларнинг ҳисобот ёки ахборотларини эшитиш жараёнларидаги муҳокамаларда ­фаоллик кўрсатишмаяпти. Айниқса, сессия олдидан ўз йиғилишларини ўтказиш, кун тартибини тузиш ишларида ташаббускорлик етишмаяпти. Мисол учун, Ангрен шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзолари Б. Норматов, Э. Эргашев, Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутатлари Б. Садиқов, Э. Абдурайимов ва Э. Маҳмудовлар томонидан жорий йил давомида бирор масала кўтарилмаган. На депутат сўрови, на бош­қа бир амалий иш қилинмаган.

Шунингдек, Қуйи Чирчиқ тумани Кенгашидан сайланган 11 нафар депутат 8 та, Оққўрғон туманида 7 нафар депутат 5 та, Бекобод туманида 7 нафар депутат 4 та, Янгийўл туманида 8 нафар депутат бор-йўғи 3 та депутатлик сўрови юборганини қандай тушуниш мумкин? Тўғри, депутатлик сўрови жўнатилгани масала ҳал бўлишини англатмайди. Аммо бу депутат ўзи сайланган ҳудуд учун жон койитаётгани, изланишда, ҳаракатда эканини билдирувчи муҳим белги.

— Ҳаёт барчамиздан, хусусан, биз, депутатлардан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори бўлишни талаб этмоқда, — дейди халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Қизилгул Қосимова. — Ўйлаб кўрайлик, бугун одамлар қандай депутатга қулоқ солади, ишонади? Катта-кичик ­муаммони бартараф этишда ёрдами теккан депутатни. Депутат доимо ўзига ишониши, ўзини ҳурмат қилиши керак. Асосий масала шунда, деб ўйлайман. Депутат ўз кучига ишонмаса, ҳеч ким уни тингламайди, унга эргашмайди.

Баъзида партиямиздан сайланган депутатлар фаолиятида сусткашликларни кузатамиз. Бундай ҳолат бизни чуқур ўйга толдиради. Кўп йиллик тажрибага эга депутатларимиз кўникмаси камроқ депутатлар билан бирга иш олиб бориши, уларга йўл-йўриқлар кўрсатиши керак, деб ўйлайман. Де­путат­лар фаолиятини таҳлил қилиб, уларга тўғри йўналиш бериш, қўллаш ҳам зарур бўлади. Шунда ҳам ишида ўзгариш сезилмаса, қонунчиликка мувофиқ йўл тутишга тўғри келади.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.