31.07.2018

ФРАКЦИЯ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИНИ МАЪҚУЛЛАМАДИ,

бироқ парламент қуйи палатаси йиғилишида уни иккинчи ўқишга қадар маромига етказиш таъкидланди...

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳаси реал ҳаётга мос келмаслигини қайд этмоқда. Бундай қатъий фикр билдирилишининг сабаби нимада?

 

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳаси муҳтож шахсларга шошилинч ёки кечиктириб бўлмайдиган ёрдам кўрсатишни асоссиз рад этганлик учун тиббиёт ташкилотларининг раҳбарлари ва ходимларига жавобгарлик белгиланишини назарда тутади. Тўғри, инсон манфаати ҳар нарсадан устун. Аммо ўйлаб кўрайлик, бугун оилавий поликлиника ёки бошқа тиббиёт муассасасидаги аҳолига хизмат кўрсатувчи ходимнинг иш ҳақи қанча? Энг кам иш ҳақининг уч баравари 500 минг сўмдан ортиқ. Энди савол: бу сумма оддий врач ёки ҳамшира иш ҳақининг неча фоизини ташкил қилади?..

Шу асосларга кўра, белгиланаётган жарима миқдори юқори, деб ҳисоблаймиз.

Масаланинг бошқа томонига ҳам эътибор қаратайлик. Қонунчиликка киритилаётган меъёр, қўшимча ёки ўзгартиришлар бирор-бир масаланинг ечимига хизмат қилиши керак. Бироқ лойиҳада бу савол очиқ қолган. Тиббиёт ходимлари Гиппократ қасами билан ишга киришади. Шунинг ўзи ҳам виждонан ишлаш учун етарли бўлиши керак. Жарима белгилаш вазият ўзгаришини кафолатлай оладими?..

Ҳамшира ёки шифокорнинг эътиборсизлиги оқибатида беморнинг ҳолати ёмонлашса, бу масала бўйича қонунларимизда жавобгарлик белгиланган.

Бундан ташқари, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам сўзлари кишини чалғитиши мумкин. Чунки улар ўзаро синоним ҳисобланади. Шунинг учун бу ҳақда ҳам чуқурроқ ўйлаб кўриш, таклиф этилаётган меъёрнинг ҳақиқий мазмунини очиб берувчи жумлалар билан бойитиш керак, деб ўйлайман.

 

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Мазкур қонун лойиҳасини дастлабки муҳокамасида ҳам қўллаб-қувватламаган эдик. Бунга сабаб, у бугунги вазиятга тўғри келмайди. Концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқилиши бўйича берилган ваъдалар ҳам унутилган. Қонун лойиҳасида Маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар билан зиддиятни юзага келтирадиган жиҳатлари бор. Шу каби сабаблар билан лойиҳани қайтаргандик.

Олмазор туманида тиббиёт ходимлари билан учрашганимизда мазкур қонун лойиҳаси бўйича саволлар беришди. Суҳбат чоғида мутлақо қарши фикрлар билдирилди. Жамоатчилик фикрини ҳам ўрганиб, инобатга олишимиз керак, назаримда.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро тажриба ўрганилган бўлиши мумкин. Аммо ўзимизда ушбу масала қай даражада ўрганилди? Жойларда бу каби ҳолатлар рўй бераётган бўлса, уларнинг сони, кўрсаткичи қандай? Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур қонун талабларини бажаришга тайёрми? Бу борада изланиш, таҳлил ўтказилиши лозим, деб ҳисоблайман. Масалан, айнан рад этилгани ҳақида қанча мурожаат ёки шикоят бўлгани бўйича маълумотлар кўрсатиб ўтилмаган. Айни чоғда бошқа мамлакатлар қонунчилигида бор нарсани тўғридан-тўғри ўзимизга кўчириб бўлмайди. Вазият, рўй бераётган воқеалар, ҳақиқий ҳаёт ўртасида катта фарқ ҳам борлигини унутмаслигимиз зарур.

Қонун лойиҳасини қайтарганимизга бир ойдан кўп вақт бўлди. Аммо унинг ижодкорлари қўшимча ҳеч қандай маълумот, ўрганиш киритмаган. Тез тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортиш ҳолатлари кузатилдими? Унинг оқибатлари қандай экани юзасидан таҳлил ва хулосалар мавжудми? Тиббиёт ходимлари айби билан нохуш ҳолатлар содир этилганда жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонунчилигимизда қатъий меъёр белгилаб қўйилган. Шунинг учун лойиҳанинг қўллаб-қувватланишига қаршиман.

 

Шуҳрат МАМАЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Фракциямиз аъзолари фикрича, лойиҳа «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги ва «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунлар талабларига жавоб бермайди. Хусусан, «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасида «Қонун ­лойиҳасини тайёрлаш қонунчиликнинг ҳолатини чуқур ўрганишга, ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган нуқсонлар ва зиддиятларни аниқлашга, шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларининг қўлланилиш амалиётини таҳлил этишга асосланиши», 15-моддада «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари ҳисобга олиниши, шунингдек, қонун билан тартибга солиш борасида бошқа давлатлар тажрибаси ўрганилиши» белгиланган. Аммо лойиҳада мазкур талабларга етарлича эътибор қаратилмаган.

Шунингдек, Жиноят кодексига жавобгарлик тартибини назарда тутувчи бир эмас, иккита модда киритилган. Шундай экан, маъмурий жавобгарликнинг белгиланиши кўп жиҳатдан тўғри бўлмайди. Чунки аҳолига хизмат кўрсатадиган ходимлар асосан раҳбар ёки мансабдор шахслар эмас. Натижада эса ўрта бўғиндаги электоратимиз вакиллари бу талабларни бажаришга мажбур бўлиб қолиши мумкин.

Умуман олганда, лойиҳада чалкашликлар бор. Шу сабабли мен ҳам унинг маъқулланиши тарафдори эмасман.

Лойиҳа юзасидан яна қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди, баҳс-мунозаралар бўлди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.