24.07.2018

ЭҲТИЁЖМАНД КИШИЛАР ЭНДИ ГАРОВСИЗ КРЕДИТ ОЛИШИ РОСТМИ?

Дурбек ХУДОЙҚУЛОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

— Инсон муносиб ҳаёт кечириши, орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариши учун меҳнат қилиши ҳамда меҳнатига яраша ҳақ олиши зарур. Ишсизлик инсонни тушкунликка туширади, у ўзини жамиятга кераксиздек ҳис қила бошлайди.

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг реал даромадларини ошириш, ишсизлик даражасини пасайтириш мақсадида ўтган бир йил давомида 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий хужжат қабул қилинди. Лекин шунга қарамасдан, ҳудудларда доимий иш ўринларини ташкил этиш, ёшлар, хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар аъзолари бандлигини, айниқса, қишлоқ жойларда таъминлаш масалалари ҳал этилмай қолмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 16-июлдаги «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори аҳолининг ишчанлик фаоллиги ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти, сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган ишларни янги босқичга кўтариш учун асос бўлади.

Қарор билан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга доир «йўл харитаси» тасдиқланди. Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси учун жорий йилда 150 миллиард сўм ажратилиши, келгуси йилдан бошлаб эса 300 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда қўшимча маблағлар ажратилиши белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси ­Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари ташкил этилади. Ушбу жамғармалар ҳисобидан, айниқса, қишлоқ жойларда доимий иш ўринлари ташкил этувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун республиканинг тижорат банкларида кредит линиялари очилиши назарда тутилган.

Қарорнинг яна бир аҳамиятли томони, қишлоқ туманларида, аҳоли сони 5 минг кишидан кўп бўлган аҳоли пунктлари мустасно, сартарошхона хизматларини, якка тартибдаги буюрт­малар бўйича кийим тикиш хизматларини, пойабзал таъмирлаш хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни ташкил этган, шунингдек, жамоат ҳаммомларини ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорлар 2023 йил 1 июлгача барча турдаги солиқлар тўлашдан озод этилмоқда.

Ушбу йўналишдаги якка тартибдаги тадбиркорлар ҳар бир ёлланган ходимга тўланадиган қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод этиладиган бўлди. Шу билан бирга, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик субъектлари 3 нафаргача доимий ишчиларни ёллашга, улар билан меҳнат шартномаси тузишга, шунингдек, меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган бошқа яқин қариндошларини, шу жумладан, болалари ва невараларининг эр-хотинларини, ака-укалари ва опа-сингилларини, уларнинг эр-хотинларини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик субъекти иштирокчилари сифатида жалб қилишга ҳақли эканлиги белгилаб берилди.

Бу вазифаларнинг амалга оширилиши биринчи нав­батда партиямиз электорати учун ниҳоятда муҳимдир. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаати ҳимоя қилиниши мамлакатдаги ижтимоий вазият барқарорлашишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

— Жорий йилнинг ўтган даврида партиямизнинг Жамоатчилик қабулхоналари ҳамда сайёр қабулларда 7 мингга яқин мурожаат бўлди. Уларнинг 2 мингдан ортиғи иш билан таъминлаш масаласида бўлиб, аксарияти кредит олишда ёрдам сўралган мурожаатлардир. Яъни, кўпчиликни кредит олиш учун гаров қўйиш масаласи ўйлантириб келарди. Президент қарорида шу масалага алоҳида эътибор қаратилгани қувонарли.

Унга мувофиқ, кичик лойиҳаларни амалга ошириш учун аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатга олинган ишсиз шахсларга, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга, хотин-қизларга, кам таъминланган оилаларнинг аъзоларига ва аҳолиниинг бошқа эҳтиёжманд қатламларига гаров таъминотисиз энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача микрокредитлар ажратиш назарда тутилган. Шунингдек, иссиқхоналар ташкил этиш, уруғчилик, кўчатлар, чорва моллари, паррандалар, қишлоқ хўжалиги ускуналари, суғориш мосламалари харид қилиш ҳамда бошқа хизмат кўрсатиш фаолияти учун энг кам иш ҳақининг 500 бараваригача бўлган 3 йиллик муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан берилиши белгиланган.

Илгари кредитнинг гарови масаласидаги мурожаатлар ва саволларга жавоб тополмай, электорат вакилларига ёрдам беришнинг имкони йўқлигидан қийналардик. Энди вазият ўзгарди. Бундан кейин ўз ишини йўлга қўймоқчи бўлганларга амалий ёрдам, йўл-йўриқ кўрсатиш ҳақида ўйлашимиз керак.

Қарорда белгиланган қулайлик ва имтиёзлар амалда аҳолига хизмат қилиши учун фаоллик кўрсатишимиз талаб этилади. Одамларни ўз ишини бошлашга тўғри йўналтира билиш, уларни янги ғоя ва лойиҳаларга рағбатлантириш, шу билан боғлиқ дастурлар режасини ишлаб чиқишимиз зарур. Жойларда кўрсатилаётган банк хизматларининг шаффофлиги устидан жамоатчилик ҳамда депутатлик назорати ўрнатилиши ҳам долзарб вазифадир.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.