24.07.2018

ЎҚИТУВЧИНИНГ ҚАДРИ

Президент Шавкат ­Мирзиёев 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Уни оммавий ахборот воситаларида кузатиб, ич-ичимдан суюндим. Ниҳоят, бизнинг қаддимиз ҳам, қадримиз ҳам, жамиятдаги обрўйимиз ҳам ошириладиган бўлди.

Тўғрисини айтишим керак, бизнинг болалик чоғларимизда мактабларга эътибор бугунгидек эмас эди. Аммо барчамиз ўқитувчини қаттиқ ҳурмат қилар эдик. Уни отамиздек азиз инсон сифатида қадрлардик. Мен ҳам ўқитувчиларимга ҳавас қилиб, ушбу соҳани танладим.

Яна бир аччиқ ҳақиқат аёнки, кейинги йилларда ўқитувчининг жамиятдаги обрўси пасайди. Бунинг ўзига яраша сабаблари ҳам бор. Мисол учун, ҳашарлар, кўча-кўйни тозалаш ўқитувчининг гарданига юкланди. Турли «йиға-йиғ»лар ҳам ўқитувчининг зиммасига тушди. Бундай ҳолат биринчи галда ўқитувчини ўз касбидан совутди.

Ўз устида тинимсиз ишлаб, халқнинг фарзандини маънавиятли инсон қилиб тарбиялашга масъул бўлган фидойи касб эгалари турли асоссиз текширувлардан ҳам чарчади. Натижада фақат қоғозбозлик ишлари авж олиб кетди.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, 2012 йилда туманимиздаги намунавий уйлар қурилишига ҳам ўқитувчилар жалб қилинган эди. Бундай ҳолат ўқитувчини очиқ-ойдин таҳқирлаш билан баробар эди.

Президентимиз таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчининг жамиятдаги обрўсини ошириш бўйича мутасаддилар олдига жуда тўғри ва аниқ вазифаларни қўйди.

Таълим тизимига айрим мутасаддиларнинг панжа ортидан қараши оқибатида замонавий дарсликлар яратиш, илғор технологияларни жорий этиш, мактабларни таъмирлаш масалаларида қатор муаммолар йиғилиб қолган эди. Айниқса, кимё, физика лабораторияларига керакли жиҳозлар ўз вақтида етказиб берилмаганини ҳам кўпчилик яхши билади.

Давлатимиз раҳбари мактабларда технология, муҳандислик фанлари, математика, санъат, чет тиллари йўналишларини кучайтириш, уларга тааллуқли лабораторияларни қайта жиҳозлаш кераклигини алоҳида таъкидлади. Чиндан ҳам бу ишлар ўқувчиларда кўпроқ мустақил таълим олиш кўникмасини шакллантиришга ёрдам беради.

Шу куни Президентимиз яна бир муҳим масалага эътибор қаратиб, таълим тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш лозимлигини таъкидлади. Бу ўқувчиларнинг замонавий таълим олишига замин яратади.

Йиғилишда берилган топшириқларни сўзсиз адо этиш, жойларда таълим сифатини ошириб бориш биз, ўқитувчилардан катта масъулият талаб қилади. Яна бир масала. Ўқитувчиларнинг турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратилиши соҳа ходимларининг ўз касбига бўлган меҳрини янада ошириши шубҳасиз.

Мен бир оддий ўқитувчи сифатида шарафли касб эгаларига кўрсатилган юксак эътибордан миннатдорман ва бу ҳурмат-иззатга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан.

 

Хайринисо ЁДГОРОВА,

«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Навбаҳор туман бўлими раҳбари, туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси.



DB query error.
Please try later.