19.07.2018

ИШЛИ ИНСОН — БАХТЛИ ИНСОН

Бандлик бўйича ҳудудий жамғармалар, солиқ имтиёзлари, гаровсиз кредитлар...

Инсон ўзини бахтли ва хотиржам ҳис қилиши учун аслида кўп нарса керак эмас. Тинчлик, доимий иш жойи, зарур эҳтиёжлари учун етадиган даромад манбаига эга кишининг ҳаётга ишончи мустаҳкам бўлади.

Республикамизда ҳар йили аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича дастурлар тасдиқланмоқда. Бўш ва квоталанган ўринларга ишга жойлаштириш механизмларини такомиллаштириш, ўзи­ни ўзи банд қилишнинг самарали шакл­ларини ривожлантириш борасида тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Куни кеча Президентимиз «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилди. Бу ҳужжат шу пайтгача бандлик йўналишида қабул қилинган қарорлардан кўп жиҳатлари билан фарқ қилади. Турли соҳа вакиллари, депутатлар, партиямиз ­фаоллари шу ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришяпти.

 

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бир йилнинг ўзида соҳага алоқадор 10 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамай, янги иш ўринлари ташкил этишда давлат буюртмаларини ишлаб чиқиш ва аҳолининг эҳ­тиёжманд қатламига иш жойлари квотасини белгилаш, аниқ мақ­садга йўналтирилган ­ком­плекс тадбирларни амалга оши­ришда қатор муаммолар мавжуд эди. Президент қарори ушбу масаланинг ечимига хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда энг кўп ишлатиладиган, айниқса, тадбиркорлик соҳасидаги тушунчаларга сингиб кетган кредит беришнинг янги механизм­лари жорий этилмоқда. Янги кредит линиялари очилиб, 7 фоиз миқдорда микрокредитлар ажратилиши кўзда тутилмоқда. Эҳтиёжманд ҳам­да иш билан банд бўл­маган аҳолига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача бўлган кредит маблағлари ҳеч қандай гаровсиз берилади.

Масалан, микрокредитлар ажратиш бўйича кичик тадбиркорлик субъ­­­­ектларига, шахсий томорқа ва деҳқон хў­жаликларида маҳсулот етиштириш, уруғчилик, кўчатлар, чорва, парранда, инвентарлар сотиб олишга кредит имкониятлари яратилмоқда. Муҳими, кредит маблағлари маиший, таъмирлаш, таълим, тиббиёт, ахборот-коммуникация ва талаб юқори бўлган соҳаларда хизматлар ташкил этишга йўналтирилади. Бунинг учун янги имконият ва имтиёзлар белгилаб берилмоқда.

Маҳаллий давлат ҳо­кимликларининг ҳам иш ўринларини яратиш, мав­­жуд иш ўринларини сақлаб қолиш, умуман, ҳу­дудда бандлик сиёсатини юритиш бўйича молиявий имкониятлари кенгайтирилмоқда. Яъни, ҳудудларда ҳокимликлар хузурида янги иш ўринлари яратишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармаларини ташкил этиш белгиланди.

Мазкур қарорнинг қа­бул қилиниши ва унда белгилаб берилган йўналишлар бандликни таъминлашдаги муҳим восита ҳисобланади. Шунингдек, парламент «ҳу­кумат соати»да Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, депутатлар томонидан кўтарилган айрим муаммолар ушбу қарор билан ечим топаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.

 

Робия КАЗИМОВА, Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси:

— Партиямиз Сайловолди дас­турида аҳоли бандлигини таъминлаш, одамлар муносиб ҳақ тўланадиган ва барқарор иш ўрнига эга бўлишлари учун кўмаклашиш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Шундан келиб чиқиб айтиш керакки, пар­тия­миз дастурий мақсадлари Ҳаракатлар стратегияси билан муштарак.

Ҳудудларда мазкур йўналишда қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бироқ соҳада ечимини кутаётган муаммолар кўплиги, меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш ҳоллари мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Битирувчиларни ишга жойлаштиришга юзаки ёндашувлар ҳамон учрамоқда. Бунга сабаб, айрим мутасаддиларнинг ишга масъулиятсизлиги, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун кредит, молиявий, маслаҳат-ахборот бериш хизматлари ва бошқа зарур хизматлар даражаси пастлиги, деб ўйлайман. Ишлаб чиқариш кадрлари кўпинча иқтисодиёт тармоқларининг жорий ҳамда истиқболдаги эҳтиёжлари, имкониятлари ва ресурсларини ҳисобга олмаган ҳолда касбга тайёрланмоқда ёки қайта тайёрланмоқда. Оқибатда меҳнат бозорида айрим мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар тақчиллиги кузатиляпти.

Президентимиз қарорида ўз аксини топган ҳар бир масала ва уларни амалга ошириш меха­низм­лари аҳолини узоқ йиллар қийнаб келаётган муаммоларни ечиш йўллари, десак муболаға бўлмайди. Қарорда, айниқса, имконияти чекланган кишилар банд­лигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилгани бизни қувонтирди. Зеро, ногиронлиги бор инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ижтимоий адолат тамойилини қарор топтиришда катта аҳамиятга эга.

Эътиборлиси, аҳоли бандлигини таъминлаш фаолиятини жонлантириш мақсадида ҳудудий жамғармалар ташкил этилмоқда. Улар маҳаллий бюджетлар даромадларининг 40 фоизигача бўлган, юртимиз, хорижий ва халқ­аро ташкилотларнинг грантлари ҳамда беғараз ёрдами, хайрия қилувчи жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, қонунда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Ҳудудий жам­ғармалар барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилади.

Қарорнинг 8-бандида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги 2018 йил 1 августдан бошлаб Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига бир марталик субсидиялар берилишини назарда тутадиган ишсизлик бўйича суғурталаш тизими жорий этилиши кўрсатиб ўтилган. Банд­ликка кўмаклашиш марказларида рўйхатдан ўтган ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳловчи ишсиз шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қатор имтиёзлар қўлланилиши назарда тутилган.

Эндиги вазифамиз аҳоли орасига чуқур кириб бориш, тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳар бир ҳудудда бандлик соҳасидаги муаммони ижобий ҳал қилиш учун барча имкониятларимизни ишга солишдан иборат.

 

Ҳайдар БОБОХОНОВ, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Ҳудудларда ўрганишлар, аҳоли билан олиб борилган мулоқотлар жараёнида гувоҳи бўлдикки, ишсизларнинг кўпчилигини ёшлар, турмушда қийинчиликларга дуч келган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилмоқда. Энг ачинарлиси, юртимиз меҳнат бозоридаги аҳолининг 56 фоизини норасмий банд бўлган фуқаролар ташкил қилади. Мазкур масалага ечим топилса, норасмий банд бўлганларнинг пенсия жамғармасини шакллантиришга эришилса, уларнинг ижтимоий муҳофазаси яхшиланади.

Президент қарорида ишсиз фуқаролар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва оила аъзолари бандлигини таъминлаш борасида қатор имкониятлар яратилмоқда. Унга мувофиқ, 2023 йилнинг 1 июлига қадар қишлоқ туманларида, сартарошхона, якка тартибдаги буюртмалар бўйича тикувчилик, пойабзал таъмирлаш хизматларини кўрсатиш ҳамда жамоат ҳаммомларини ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорлар барча турдаги солиқлардан озод этиладиган бўлди.

Бу нимани англатади? Қишлоқ жойларда аҳолининг ўзини ўзи банд этишга қаратилган ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, улар солиқ юкидан озод этилади. Сартарошлик ёки пойабзал таъмирлаш хизматини кўрсатиш мақсадида якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, имтиёзли кредит асосида фаолиятини бошлайдиган киши ўзи меҳнат билан банд бўлади, оила аъзоларини ҳам ишга жалб этади, барча турдаги солиқлардан кейинги беш йил мобайнида озод этилади.

Бу ўз навбатида олаётган даромади 100 фоиз ўзида қолиб, фаолиятини янада кенгайтириш, ёнига тенгдошларини жалб этиб, янги иш ўрни яратиш имконини беради. Яна шуни айтиш керакки, ўз ёнига яна қўшимча ишчи ёллайдиган бўлса, ҳар бир ходимга тўланадиган қатъий белгиланган солиқдан ҳам озод этилади. Бу ҳам якка тартибдаги тадбиркорларга қўшимча қулайликларни яратади. Энди аввалгидек солиқдан қочиб, ходимларни рўйхатдан ўтказмасдан, уларга меҳнат дафтарчаси очмасдан, қонунчиликни четлаб ўтиб, «конверт»да ойлик тўлашнинг ҳожати қолмайди.

Бу қарор партиямиз электорати ҳисобланган эҳтиёжманд аҳоли қатламига қатор имтиёзларни тақдим этади. Негаки, кам таъминланган оила вакили бўлган ёшларнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини қонуний амалга ошириши учун солиқ имтиёзлари белгиланиши, иш бошлаш учун кам фоизли кредит маблағлари олиш, қонуний меҳнат қилиш, меҳнат стажига эга бўлиш имконияти юзага келади.

Партиямиз депутатлари бу жараёнларга қандай ҳисса қўшади? Қарор ижросида қандай иштирок этамиз?.. Биз ана шу саволлар ҳақида ўйлаб, аниқ режаларимизни ишлаб чиқишимиз талаб этилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.