19.07.2018

ЁШЛАРГА ЭЪТИБОР ҚОҒОЗДА ЭМАС, АМАЛДА БЎЛИШИ КЕРАК

Бунинг учун юзаки, мақсадсиз тадбирлардан воз кечиш талаб этилади

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши «Ёшлар муаммосига оид истиқболли вазифалар: таҳлил, танқид, стратегия» мавзусида давра суҳбати ўтказди. Мавзу юзасидан кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Ҳотамжон КЕТМОНОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари:

— Ёшлар масаласида қанча гапирмайлик — кам. Аммо амалий ишга ўтиш вақти аллақачон етди, деб ўйлайман. Хўш, бугун партия тизимида ёшлар йўналишида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Уларни ўйлантираётган муаммолар ечимини топяптими? Йигит-қизларнинг бандлиги қай даражада таъминланмоқда? Шу сингари саволлар жуда кўп. Аммо уларга асосли жавобимиз йўқ.

 Жорий йилнинг 4 июль куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала атрофлича муҳокама қилинди. Ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, замонавий билим ва кўникмага эга бўлишларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш, улар илгари сураётган ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасида сўз юритилди. Шу вақт­га қадар кўп шиорларни ёд олиб, уларга кўр-кўрона амал қилдик. Партия тизимида ҳам сони бор-у, сифатга келганда оқсайдиган тадбирлар ўтказилганини, ҳамон ўтказилаётганини рад этолмаймиз.

Йиғилишда вазирлар, фракция раҳбарлари ва бошқа ­масъул шахсларга мурожаат қилинди: айни вақтда ёшларга берилаётган эътибор қоғоздами ёки амалда?..

Очиғи, ҳар қандай виждони бор раҳбарни бу савол чуқур ўйга толдиради. Партия тизимида ёшлар йўналишида нималардир қилишга уриндик. Маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам мазкур йўналишда муайян ишларни амалга оширган. Аммо бир муаммони маҳкам ушлаб, уни тўла бартараф этдик, дея олмаймиз.

Шунингдек, йиғилишда ёшлар бандлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ҳам жиддий муаммолар борлиги таъкидланди. Тар­ғибот-ташвиқот ишлари етарли даражада амалга оширилмаётгани қайд этилди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 1700 дан ортиқ вояга етмаганлар ўртасида жиноятга қўл уриш ҳолатлари аниқланган. Шундан 500 нафари мактаб ўқувчилари экани ачинарли ҳолат. Бундан ҳам ёмони жиноятларнинг аксарияти дарс вақтида содир этилган. Бир болага етти маҳалла ота-она, де­йилади. У менинг болам эмас, бу менинг хизмат вазифамга кирмайди, деб ўзимизни олиб қочсак, келажагимизни бой берамиз. Ҳар биримиз хоҳ партия тизимида, хоҳ бошқа соҳада фаолият юритмайлик, шуни унутмаслигимиз лозим.

Бугунги тадбирда республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган ёшлар йиғилган. Фурсатдан фойдаланиб, ҳудудларда ёшларнинг кайфияти қандайлигини билиб, фаолиятимизга аниқлик киритиб олишимиз керак. Партиямизнинг ёшлар қаноти ишини такомиллаштириш борасида чора-тадбирлар тузилмоқда. Бунда юқоридаги жиҳатлар ҳам ўз аксини топиши лозим.

 

Абдурашид ОЧИЛОВ, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш бўлими бошлиғи:

— Соҳадаги ишлар жойларда бирдек самарали ташкил этилган, деб бўлмайди. Ёшлар масалалари бўйича шуғулланадиган ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари жуда суст. Идоравий назорат ҳамда вояга етмаганлар билан ишлаш ходимларининг фаолияти, тарғибот, тушунтириш ишлари тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида олдин судланган ёшларнинг жиноятга қайта қўл уриш ҳолатлари кузатиляпти.

Коллеж ва академик лицей ўқувчилари томонидан 17 бор босқинчилик, 6 марта талончилик, 8 безорилик жиноятлари амалга оширилган. Ҳатто мактаб ўқувчилари томонидан 4 марта безорилик, 8 ўғирлик содир этилиб, бир бола гиёҳванд моддалар билан қўлга тушган.

Жойларда ўтказилаётган давомат тадбирларида ўқувчилардан 9 та ўткир тиғли жисм, 5 та кастет, 1 та тўқмоқ олинган. Ёшлар бу буюмларни таълим ­муассасасига нега олиб келди? Уларнинг ота-онаси, ўқитувчилари наҳот бу ҳақда билмаган?

Ўйлайманки, соғлиққа зиён етказувчи қурилмаларни ўқув биносига олиб келишни тақиқлаш юзасидан муайян чекловлар қўйилмагани ҳам бунга сабаб бўлмоқда. Қонунчилигимизда мазкур ҳолат билан боғлиқ қўшимчалар киритилиши керак, назаримда.

Менда таклиф бор. Жиноят кодексига шу ҳақда қўшимча киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бунда жамоат жойларида ўзи билан пичоқ, бигиз, кастет, тўқмоқ, ҳар хил заҳарли газ пурковчи мосламалар, умуман, инсон соғлиғига зиён етказувчи қурилмаларни олиб юриш, ишлатиш, ўзида сақлаганлик учун жарима белгиланиши, агар бу ҳолат такрорланса ёки ушбу шахс 18 ёшга тўлмаган бўлса, профилактик ҳисобга олиш чоралари кўрилиши назарда тутилиши керак, деб ўйлайман.

Шунингдек, давомат тадбирларида дарсларга мунтазам равишда бормаётган ўқувчиларни мактабга қайтариш юзасидан бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Лекин қонуний чора кўрилмагани боис, бу ҳолат яна такрорланяпти. Белгиланган тартиб-қоидаларга бўйсунмаган ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс­ларга нисбатан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилса, яхши бўларди.

 

Нигора ШОМУРАТОВА, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази катта ходими:

— Хизмат вазифамиз доирасида республикамизнинг турли ҳудудларида бўламиз. Нотинч оилалар фарзандлари билан суҳбатлашамиз. Бундай болаларда руҳий босим борлиги билинади. Оиладаги шахслараро муносабатлардан норози бўлган болада нима учун айнан менинг оиламда, менинг тақдиримда, деган саволлар такрор-такрор туғилаверади. Жиноятга қўл урган ёшларнинг руҳиятида ҳам норозиликни, ўзига нисбатан ишончи сустлигини кўриш мумкин.

Бир боланинг тарбияси оғир экан, деб хулоса чиқариш жуда осон. Қайси омиллар хулқ-атворни тўғри идора эта олмасликка сабаб бўлаётганини таҳлил этиш керак.

Жиноят йўлига кириб қолган йигит-қизларнинг аксарияти оилада «маънан тан олинмаган» бўлади. Бу нима дегани? Ота-она фарзандининг фикрига, ҳаётдан чиқарган хулосаларига, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга билдирган муносабатларига жиддий қарамайди. Натижада бола қаердадир нотаниш одамни учратиши, унинг фикрлари ўша шахс томонидан эътироф этилиши оқибатида, бегонага эргашишга бўлган мойилликни келтириб чиқаради. Ёшлар тан олинган жойда ўзини эркинроқ ҳис этади. Жиноятларнинг аксарияти кечира олмаслик оқибатида содир бўлади. Бу ҳам оилавий муҳитга боғлиқ.

Ёшлардаги ташаббускорликни оширмоқчи бўлсак, уларга ишонч, хайрихоҳлик кўзи билан қараш керак. Ёшлар масаласи фақат вазирликда, давлат идораларида ишлайдиган масъулларнинг вазифаси эмас. Бу ҳар бир шахснинг бурчи ҳисобланади. Зеро, ўз болангни ўзинг асра, деган шиор бекорга келиб чиқмади.

 

Миродил СУЛТОНОВ, Тошкент давлат шарқшунослик институти 2-босқич талабаси:

— Мен жаҳон сиёсати факультетида таҳсил оламан. Бизнинг йўналишдаги илмий, соҳавий адабиётларнинг асосий қисми рус ва инглиз тилларида. Масалан, Збигнев Бжезинскийнинг «Буюк шоҳмот тахтаси», Сэмюэль Хантингтоннинг «Цвилизациялар уруши», Жан Серре ва Джон Вуднинг «Дипломатик маросим ва протокол» каби асарлар. Бундай асарларни ўқиш жуда муҳим. Курсдошларим орасида рус ва инглиз тилини билмайдиганлари ҳам талайгина. Аммо улар иқтидорли, ­фикрлаш қобилияти кенг ёшлар. Шундай курсдошларим мактабда рус тили фани яхши ўқитилмагани ёки бошқа сабаблар билан энди тил ўрганаётганини айтишади. Албатта, тил ўрганишнинг эрта-кечи йўқ. Лекин улар ўз вақтини илмий асарларни ўрганишга сарфласа яхши бўларди.

Президентимиз юртимизда бир вақт­нинг ўзида ўзбек ва рус тилларида дарс ўтиладиган ўқув юртлари камлигини, шунингдек, таълим соҳасида чуқур ислоҳотлар ўтказилиши лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, университет ва коллежлар учун керакли адабиётларнинг рус, инглиз тилларидан ўзбек тилидаги таржимаси сифат ва кўламига кўра талаб даражасида эмас, деб ўйлайман.

Юртимизда барча бошланғич синф­ларда дарслар ҳар икки тилда олиб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда ўзбек ва рус синфлари, деган айро тушунчага ҳожат ҳам қолмайди. Бу орқали ўқув адабиётлар ва соҳада кадрлар етишмовчилигининг олдини олган бўламиз. Бугунги кунда олий ҳарбий ўқув муассасаларида бу тажриба ўзини оқламоқда.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.