19.07.2018

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙНИНГ БЕШ ЖИЛДЛИК ТЎЛИҚ АСАРЛАР ТЎПЛАМИ НАШР ЭТИЛДИ

Улуғ адиб Абдулла Қодирийнинг қисса ва романлари, публицистикаси алоҳида китоблар шаклида нашр этилгани, этилаётгани, муаллифнинг беназир ижоди ҳақида беҳисоб мақола, тадқиқотлар битилгани жамоатчиликка яхши аён. Айни чоғда ёзувчи ижоди, ҳаёти тўғрисида яхлит, тугал тасаввур берадиган кўп жилдликлари ҳали нашр этилгани йўқ эди. «INFO CAPITAL GROUP» хусусий нашриёти томонидан яқинда ­нашрдан чиққан беш жилдлик маданий ҳаётимизда қувончли воқеа бўлди.

Жилдликлардан «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романлари, «Обид кетмон» қиссаси, публицистикаси, таржималари, фарзандлари Ҳабибулла, Маъсуд Қодирий, адибни яхши билган, мулоқотда бўлган инсонларнинг хотира, эсдаликлари, унга ихлоси баланд кейинги авлод вакилларининг дилномалари, ўткан аср йигирманчи, ўттизинчи йилларда матбуотда босилган мақола, баҳс-мунозара, фикр-мулоҳазаларнинг аксарияти, шеърлар, ҳикоялар, суратлар, ҳужжат, қўлёзмаларнинг фотонусхалари ўрин олган.

Биринчи жилдга Иброҳим ­Ғафуров «Абдулла Қодирий сиймоси» номли гўзал ва теран сўзбоши ёзган. Кейинги жилдларда Усмон Азимнинг «Ватанни севиш дарслари», Умарали Норматовнинг «Обид кетмон ҳа­қиқати», Омонулла Мадаевнинг «Қодирий ижодида миллий қадрият», Сирожиддин Аҳмаднинг «Ис­тибдод замонининг қиёфаси», ­Хондамирнинг «Қодирий ўқиган саҳифалар» номли мисол, далилларга бой мақола — ўзига хос очқичлари берилган.

«Ўткан кунлар»нинг 1926 ва 1933 йиллардаги, «Меҳробдан чаён»нинг 1929 ва 1935 йиллардаги нашрлари тафовутлари (ўрнига ўрин киритилган сўз ва жумлалар чизиқ тортиш, иккинчи нашрига киритилганлари тўлқинли (курсив) ҳарфлар билан ажратиш, тушириб қолдирилганлари қавс ичига олиш орқали) бирма-бир келтирилгани, «Инқилоб» журналининг 1923 йил 9-16 сонларида босилган бўлимлари берилиб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этилгани, аввало адибнинг асарлари устида қанчалик қаттиқ ишлагани, ҳайратангиз маҳоратини англатса, иккинчидан, ноширларнинг сабр-тоқат билан эринмай жиддий меҳнат қилганидан далолатдир.

Иккинчи жилдга Абдулла ­Қодирийнинг Гоголь, Чеховдан, шунингдек, Альфонс Додэ, Эмил Золя, Марк Твен, Эса де Кейрош, Виктор Маргарет, С.Ж. Гусев-Оренбургский асарларидан таржималари, адибни кўрган, билган, мулоқотда бўлган Олтой, Музайяна Алавия, Раҳмат Азизхўжаев, жами 25 кишининг эсдаликлари ҳам киритилгани жилднинг салмоғи, аҳамиятини янада оширган. Таржима, хотиралар турли вақтларда, турли нашрларда чиққан (баъзилари илк бор эълон қилинаётир), эндиликда бир жойга жам этилиши ўқувчи, тадқиқотчиларга қулайлик туғдиради .

Учинчи жилд — Қодирийнинг ўтган аср ўнинчи, йигирманчи, ўттизинчи йилларда яратган шеър, ҳикоя, тақриз, мақола, очерк, фельетон, хатларидан иборат. Изланувчан, тиниб-тинчимас невараси Хондамир илгари ҳам бобосининг кичик асарларини «Диёри бакр» номи билан алоҳида тўплам қилиб чиқарган эди, бу гал янги далил, мисоллар билан тўлдириб, бойитиб, «Қодирий ўқиган саҳифалар» номли тадқиқот қўшгани таҳсинга сазовор. «Улоқда», «Жинлар базми» «Жувонбоз» ҳикоялари носирларга, «Бахтсиз куёв» пьесаси драматургларга, «Калвак махсум», «Тошпўлат тажанг» фельетонлари ҳажвчиларга («адиб йигирманчи йиллардаёқ «фельетон қироли» деган эътирофга лойиқ кўрилгани бежиз эмас), адабий-танқидий мақолалари мунаққидларга кўп нарса беради.

Тўртинчи жилдда «Обид кетмон» матни, адиб ижодига бағишланган мақолалар, муаллифлар изоҳлари, М.Шевердин, Сотти Ҳусайн, Миён Бузрук, Мирза Нуртой, Олим ­Шарафиддинов, Жуманиёз Шарифий, Зиё Саид, Назир Сафаров ва бошқаларнинг чиқишлари ҳавола қилинади. Илгари бу чиқишлар ҳақида асосан адиб, адабиётшунос, муна­ққидлар мақола, тадқиқотлари асосида тасаввур ҳосил қилган ўқувчи эндиликда ўзи ўқиб, уқиб, мустақил фикр, хулосага келиш имкони туғилади. М.Шевердин, Сотти Ҳусайн, Миён Бузрук ва бошқалар адиб ижодига вульгар социологизм, синфий кураш қолиплари, большевистик мафкура талаблари асосида ёндошган, «Ўткан кунлар» бизнинг роман эмас», «Қодирий бизнинг ёзувчимиз эмас» дея қатъий ҳукм чиқаришган бўлсалар-да, барибир муаллифнинг санъат­корлигига тан беришга, образ, характер яратиш маҳоратига мисоллар келтиришга мажбур бўлишган.

Бешинчи жилдга Абдулла Қодирий­га бағишланган эсдалик, мақола, фикр-мулоҳазаларнинг аксарияти киритилган. Албатта, кўп жойни Ҳабибулла, Маъсуд Қодирийларнинг «Отам ҳақида», «Ўтканлар ёди» номли хотиралари эгаллайдики, бу табиий ва мантиқий. Таниқли олим, адиб, шоир, мунаққидларнинг катта-кичик мақолалари, ҳатто бир чимдим фикрлари ҳам ўқувчи ёдида ­нақшланиб қолади. Хусусан, Бертельс­нинг жаҳонга маълум бешта романчилик мактабига Қодирий романчилик мактаби олтинчи бўлиб қўшилгани ҳақидаги мардона ­хулосаси, Чўлпоннинг «Ўзбек онаси яқин ўртада иккинчи Абдулла Қодирийни туғмаса керак», деган чўнг ­фикри, Мухтор Авезов, Берди ­Кербобоев, Хидир Деряев, Жалол Икромий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Одил Ёқубов, Абдулла Орипов, ­Тоҳир Малик, Хайриддин Султон ва бошқаларнинг ҳайратомуз эътирофларини эслаш жоиз. Юнус Мақ­судов ўз хотираларида адибнинг ўзидан эшитган бир воқеани эслайди: ўттизинчи йилларнинг бошларида республика олий раҳбарларидан бири Қодирийга мурожаат қилиб, агар Юсуфбек ҳожининг энг ёвуз душман кимлиги ҳақидаги, Отабекнинг чор аскарлари билан урушда шаҳид бўлгани эпизодларини олиб ташласангиз, «Ўткан кунлар»ни қайта нашр қилардик, сизга мўмай қалам ҳақи тўлардик, деганда муаллиф бу жойларсиз романнинг сариқ чақалик аҳамияти қолмайди, рози эмасман, деб жавоб қайтарган, раҳбар ҳам пировардида унинг фикрига қўшилган экан.

Адабиётимиз, матбуотимиз , маънавиятимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшган, мустабид тузумнинг энг қора, кир ўттизинчи йилларида бегуноҳ қатағон тегирмонига тушган Абдулла Қодирий бобомиз хотираси олдида ҳали кўп қарздормиз, бурчдормиз. Адиб номига олий ўқув юрти, метро бекати, боғ, кўча, мактаблар қўйилгани, бугун адиб асарлари қайта нашр этилаётгани, хорижий тилларга ўгирилаётгани қутлуғ ишлардир. Абдулла Қодирий ижоди битмас-туганмас ноёб хазина, уни қанча кўп ўргансак, ўзбек тилининг бойлиги, гўзаллиги, муаллифнинг бадиий маҳорати, фалсафий қарашлари, доно фикрларидан баҳраманд бўлиб бораверамиз. Энг муҳими, адиб асарлари кишида миллий ғурур ва ифтихорни уйғотади.

 

Сайди УМИРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар ­мураббийси, адабиётшунос.



DB query error.
Please try later.