Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
17.07.2018

АЛОУДДИН КОСОНИЙ ҲАЁТИ ВА ИЖОДИ ТАДҚИҚ ҚИЛИНМОҚДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятида бўлганида, буюк аждодларимиздан бири Алоуддин Косоний номини ёд олган ҳамда унинг маънавий меросини чуқур ўрганиб, халқимизга етказиш бўйича бир гуруҳ олимларга тавсиялар берган эди. Орадан ўтган вақт ичида қандай ишлар қилинди?

Алоуддин Косоний ислом ҳуқуқшуноси, шореҳ (шарҳловчи), муҳаддис (ҳадис илмининг билимдони) ва усулий олим сифатида дунёга машҳур шахс бўлган.

Манбаларга кўра, Алоуддин Абу Бакр Косоний Бухоро мадрасасида мударрис Алоуддин Самарқандий қўлида таҳсил олган. Талабалик йилларидаёқ фиқҳ илмини чуқур эгаллагани учун у «Малик ул-уламо» (олимлар подшоҳи) рутбасига эришган. Устози Алоуддин Самарқандийнинг «Туҳфату-л-фуқаҳо» асарига шарҳ ёзган.

Алоуддин Косоний илм йўлида турли кентларда бўлган, Рум (Усмонли турк салтанати) диёрининг Конья шаҳрида оиласи билан бир муддат истиқомат қилган. Бу ўлкада ҳам у шариат илмининг билимдони сифатида ном қозонади. Алоуддин Косоний турли мазҳаб вакилларининг баҳс-мунозараларида иштирок этиб, ўзининг мантиқий теран фикрлари билан эътибор қозонган.

— Косоний тахминан ҳижрий 541 (1146-1148) йилларда Ҳалабга Мовароуннаҳрдан элчи қилиб юборилган. Маълум муддатдан кейин унинг илму заковатига эътиқод қўйган Ҳалаб ­­ҳукмдори Нуриддин аз-Зангий ­Косонийни янги қурилган Ҳалавийя мадрасасига бош му­даррис этиб та­йинлайди, — дейди фалсафа фанлари доктори, профессор Турсунбой ­Файзуллаев. — У 587 ҳижрий ражаб ойининг 1-куни (1191 йил 3 август)да Ҳалаб шаҳрида вафот этган. Буюк бобокалонимиз шаҳар ташқарисидаги Мақоми Иброҳим Халил мозорига, аввалроқ дунёдан кўз юмган умр йўлдоши ёнига дафн этилган. Улар дафн этилган қабристон «Эр-хотин қабри» номи билан аталадиган машҳур зиёратгоҳ ҳисобланади.

Алоуддин Косоний ва Фотима бинти Алоуддин ас-Самар­қандийдан Маҳмуд исмли фарзанд қолган бўлиб, уни Аюбийлар хукмдорларидан Султон аз-Зоир Ғозий ўз қарамоғига олиб, камолга етказади.

Алоуддин Косонийнинг илмий мероси, китоблари хусусида фикр юритадиган бўлсак, у зотнинг «Бадоиъус-саноиъй фи тартиб аш-шароиъ» (Шариат ҳукмларини тартибга солишдаги маҳоратларнинг бадиятлари) номли китоби тилга олинади. Бошқа асарлари тўғрисида маълумотга эга эмасмиз. Лекин ана шу ягона асар ҳам мутахассисларнинг фикрича, муаллифнинг фав­қулодда истеъдодидан дарак беради. Мазкур асар фиқҳ масалаларини ўрганувчи ва шу соҳада амалиёт юритувчилар томонидан ҳозиргача қўлланилиб келинади. Таниқли уламо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ушбу асарнинг қиммати ҳақида шундай шарҳ берган: Бу улкан китоб. Ундан ҳамма фойдаланиб келган ва фойдаланадилар ҳам. Иншааллоҳ, китоб муаллифи Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косоний (587 ҳижрий йилда вафот этган). У кишининг лақаби «Малик-ул уламо» бўлган. Асосан Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самар­қандийда ўқиган...

НамДУ доценти, арабшунос олим Муҳаммаджон Юсупов ва катта ўқитувчи Юнусхон Раҳматуллаевларнинг берган маълумотларига қараганда, Алоуддин Абу Бакр Косонийнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги фундаментал кутубхонасида сақланаётган «Бадоиъус-саноий фи тартиб аш-шароиъ» китоби 7 жузъдан (томдан) иборат бўлиб, асар 5 китоб ҳолида Мисрдаги «Матбаъа ал-илмия» нашриётида чоп этилган.

— Асарда муҳим исломий ақидалар талқини билан бир пайтда ҳаётда учраши мумкин бўлган иқтисодий-ижтимоий, ахлоқий, яъни дунёвий масалаларга ҳам муносабат билдирилган, — дейди педагогика фанлари номзоди Қодиржон ­Носиров. — «Одоб ул қудот» (қозиларнинг ахлоқ ва одоб нормалари), «Сайр», яъни, инсоннинг юриш-туриши ва шу билан боғлиқ ҳолатларга шарҳ берилган.

Кейинги пайтларда ­Алоуддин Косонийнинг мазкур ­асарини илмий таҳлил қилиш ­билан Ўзбекистон ­Халқаро ­Ислом Академияси ма­гистранти Сайидаҳмадхон ­Ғайбуллаев шуғулланмоқда. У ўз мақолаларидан бирида Косоний асарининг муқаддимасидан иқтибос келтиради: «Машо­йихлар шаръий ҳукмларни тартибга солишга кўп ҳам эътибор қаратмадилар. Бу ишга мендан олдин устозимгина аҳамият берди. Ушбу асарни ёзишдан кўзлаган мақсадим — барча илмларда бўлганидек — талаб қилинган нарсаларга етишишни осонлаштириш. Бу мақсадга шаръий ҳукмларни маҳорат билан тартибга солиш орқали эришилади. Ушбу таърифнинг вазифаси ҳам шаръий масалаларни усталик билан маҳорат эгаларини мамнун қиладиган кўринишда тартиблаш ва таҳлил қилишдир».

Алоуддин Косоний тарбия­ланган оила, ота-онаси, ёш­лиги, унда буюк истеъдоднинг шаклланиш жараёнлари, ­Бухоро мадрасасида ўқиши, Туркия ва Шомда олиб борган фаолияти билан боғлиқ тўлиқ маълумотлар деярли йўқ. Шу билан бирга, комиссия аъзолари, университет олимлари шу кунларда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузуридаги фундаментал кутубхона архивида, Ўзбе­кистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланаётган Алоуддин ­Косоний ҳаёти ва фаолиятига доир манбааларни астойдил ўрганмоқдалар.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.