17.07.2018

СУВНИ ИСРОФ ҚИЛГАНЛАР МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛАДИ

Жорий йил 29 майда Президентимиз раислигида экспорт-импорт, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш билан боғлиқ бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Йиғилишда берилган топшириқ ва белгиланган вазифалар юзасидан июнь ойи бошида халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари сессиялари ўтказилиб, штаблар тузилди.

 

Масаланинг ниҳоятда долзарб эканидан келиб чиқиб, республикамизнинг барча вилоят, туман ва шаҳарларида ташвиқот-тарғибот, жамоатчилик ҳамда депутатлик назорати гуруҳлари иш бошлади. Мазкур вазифага Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам жалб этилган.

Шу кунларда қишлоқ хўжалигида муҳим палла ҳукм сурмоқда. Мутасаддилар, деҳқон-фермерлардан ҳар доимгидан ҳам ҳушёр ва масъулиятли бўлиш талаб этилади. Мухбиримиз айни пайтда Сурхондарё вилоятида депутатлик назорати гуруҳида иш олиб бораётган парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат ­Норбоев билан боғланди. У ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.

Депутатнинг айтишича, ташкил этилган гуруҳларнинг саъй-ҳаракатига қарамасдан, вилоятда сувдан оқилона фойдаланиш масаласида камчиликлар учрамоқда.

Вилоятда мавжуд 5 та сув ­омборида бугунги кун ҳолатига сув ҳажми 1035,5 миллион метр куб бўлиб, ҳозирда уларга келаётган сув миқдори сониясига 128,3 метр кубни, чиқарилаётгани эса 184,6 метр кубни ташкил этмоқда. Вилоятда 78529 гектар майдонда пахта етиштирилаётган бўлса, экиннинг аксарият қисми 1-сув билан таъминланган.

Айни мураккаб паллада сувдан тежамкорлик билан ва самарали фойдаланиш, ғўза ниҳолларининг яхши ўсиб, ривожланиши учун қатор ораларига ишлов беришни тез ва сифатли бажариш катта аҳамиятга эга. Ишлов бериш муддатидан кечикса, тупроқнинг сув ва ҳаво режими, ўсимликнинг озиқланиши бузилади, бегона ўтлар, уларнинг зарари кўпаяди, ҳосилдорлик 15-25 фоизга пасаяди.

Бир суғориш ғўза ҳосили тақдирини ҳал қилиши мумкин, деган нақл бежизга айтилмаган. Барча агротехник тадбирлар қаторида экинни чанқатиб қўймаслик учун суғориш олдидан эгат олиш тавсия қилинади. Тупроқ таркибини инобатга олиб суғориш, эгатлар узунлигини тўғри белгилаш, сувдан самарали фойдаланиш билан бирга, ўсимликнинг барқарор ривожланишини таъминлайди. Биринчи суғориш 3-5 кун кечиктирилса, ниҳолда қурғоқчиликка чиниқиш жараёни содир бўлиб, ҳосилдорлик 5-7 центнерга камаяди.

Танқислик кузатилаётган мушкул пайтда жойларда сув беҳуда оқизиб қўйилган ёки кўллатиб суғорилаётган ҳолатларнинг гувоҳи бўляпмиз. Айрим фермер хўжаликлари ўқариқлар оралиғини 50-60 метр ўрнига, 150-200 метр қилиб суғормоқда. Бу усул сув сарфини анча оширади.

Музрабод туманидаги «Қўнғирот Жайхун» СИУ ҳудудидаги «Нав­баҳор Музрабод» фермер хўжалигининг пахта режаси 17 гектар бўлиб, сув олиш қулоғи жиҳозланмаган. Гидропост қурилмаган, ер ўқариқлар билан бўлинмаган. Дала узунлиги 300 метр қилиб олинган. Бундай масъулиятсизлик учун фермер хўжалиги раҳбари Хайрулло Баҳромовга нисбатан тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, маъмурий иш очилди.

«Ш.Бобоев» СИУ ҳудудидаги «Пиримқул Жўра Агро» фермер хўжалиги 24 гектар пахта майдонига эга. Шундан 10 гектар майдонга сув таралган, сувни тежаш чораларини қўллаш ўрнига, исрофгарчиликка йўл қўйилган. Фермер хўжалиги сувчилари устидан етарлича назорат ўрнатилмаган, дала охиридан 0,03 гектар майдон сувга кўллатилган.

Хўжалик раҳбари Ойбек Жўраевга нисбатан далолатнома расмийлаштирилиб, тегишли органга тақдим этилди ва берилаётган сув миқдори қисқартирилди.

 Денов туманида «Ҳазарбоғ» ҳудудидаги «Зулфиқоров Дил­мурод» фермер ҳўжалигидаги ўрганиш жараёнида 4 гектар пахта майдонига сув таралгани, лекин хандақ ўра қазилмагани, ­маҳаллий ўғит чиқарилмагани, ўқариқлар орасидаги масофа 180-190 метр олингани, дала охиридан сув ­беҳуда оқизиб қўйилгани аниқланди. Фермер хўжалиги раҳбари ­Абдураҳмон Зулфиқоровга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан жарима қўлланилди ва берилаётган сув миқдори қисқартирилди.

Ушбу ҳудуддаги «Ҳайработ олтин дала» фермер хўжалигига қарашли 10 гектар ғалладан бўшаган майдонга сув истеъмоли қоидасини бузиб, ўзбошимчалик билан сув қуйилган ва дала охиридан 0,02-0,03 сотих майдон сувга кўллатилган. Фермер хўжалиги раҳбари Зокир Қурбоновга нисбатан ҳам далолатнома расмийлаштирилиб, маъмурий иш очилди ва берилаётган сув миқдори қисқартирилди.

Шеробод туманидаги «Деҳқон­обод обиҳаёт» СИУ ҳудудидаги «Қурбонов Санжар Давронович» фермер хўжалигининг пахта режаси 21 гектар бўлиб, шундан 3 гектар майдонга шарбатсиз сув таралган. Гидропост қурилмаган, фермер хўжалиги сувчиларига шарт-шароитлар яратилмаган, 50 метр ички ариқлар тозаланмаган, ўқариқлар оралиғи 150-170 метр олинган. Фермер хўжалиги сувчиларининг эътиборсизлиги оқибатида 10-12 л/сек сув поёнобга ташлатиб қўйилган. Фермер хўжалиги раҳбари Даврон Қурбоновга огоҳлантириш берилди ва сув миқдори 40 фоизга қисқартирилди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Масъулиятсиз фермер хўжаликлари раҳбарлари тегишли тартибда жавобгарликка тортиляпти. Албатта, мақсад кимнидир жазолаш, кимнингдир кайфиятини бузиш эмас. Бироқ қишлоқ хўжалиги учун ўта муҳим паллада сувнинг қадрига етиб, масъулият билан иш тутиш ҳаммамизнинг бурчимиз. Сувга яқин одам уни исроф қилиши, сувга узоқроқ одам бир томчи сувга зор бўлиб қийналиши тўғри эмас.

Жойларда бошбошдоқликка йўл қўяётган, эътиборсиз фермерлар ҳамон учрамоқда. Сувдан хўжасизларча фойдаланаётган, обиҳаётнинг қадрига етмасдан, коллекторларга ташлаб қўйган фермер хўжаликлари раҳбарлари, сув тақсимоти меъёри ва адолатни бузган бош­қа мутасаддиларга нисбатан бундан ке­йин ҳам қатъий чоралар кўрилади. Бу ҳақда огоҳлантириш ва тушинтириш ишлари ишчи гуруҳ томонидан олиб борилмоқда.

 

Зилола АНВАРОВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.