17.07.2018

ЛИПИЛЛАБ ТУРГАН ЧИРОҚЛАР

энди соатлаб ўча бошлабди. Муаммога ечим топиш кимнинг вазифаси?..

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани ТТЗ-1 мавзесидан таҳририятимизга телефон орқали мурожаат бўлди. «Юзрабод» маҳалласидаги кўпқаватли 12-уйда яшовчилар номидан қўнғироқ қилган киши хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатида муаммолар кўпайиб кетгани, мурожаатларга жиддий эътибор берилмаётгани, отангга бор, онангга бор қабилида иш тутилаётганини айтиб, шикоят қилди.

Фотомухбир билан манзилга етиб борганимизда ўнлаб одам кўчада бизни кутиб турарди. Аввало ўзини Наргиза Сахабидинова деб таништирган уй боши билан суҳбатлашдик.

 

— Аслида ҳудудимизда бизни қийнаётган кўп масала бор. Лекин, энг асосийси, аҳолини электр энергияси билан боғлиқ масала ташвишга солмоқда, — деди у. — Бу ерда 72 хонадон бор. Ёш болалар, қариялар, беморлар ёзнинг жазирама иссиғида электрсиз қолмоқда. Тахминан 10-12 кун олдин уйдаги чироқлар липиллай бошлади. Телевизор ўз-ўзидан ёниб-ўчадиган бўлди. Аввалига бунга эътибор бермадим. Аммо қўшниларда норозиликлар авж олди. Кимнидир телевизори, бошқасининг совитгичи куйганини айтишди. Электр ҳимоя қутиси (щит) 3 ойча аввал қисқа туташув натижасида ишдан чиққанди. Қўлбола мосламани ўрнатиб, амал-тақал қилиб таъмирлаб беришган. Яна муаммо чиқмасин, деб ширкатга бордим. Улар туман электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилишимни айтишди.

Хуллас, корхонадан келган мутахассис 5-10 дақиқа нимадир қилган бўлди ва кетди. Афсуски, бу ҳеч қандай иш бермади. Шундан сўнг корхонага яна қўнғироқ қилдик. Лекин гўшакни кўтарган аёл бепарволарча «мурожаатингиз асосида усталар бориб келишди, шунинг учун буюртма қабул қилолмайман», деб жавоб берди. Қайта-қайта қўнғироқлар кор қилмагач, маҳалла фуқаролар йиғини раисидан маслаҳат сўрадим. У киши прокурор номига ариза ёзиш кераклигини айтди. 7 июль шанба куни кечга яқин 12-уй аҳолиси иштирокида ариза ёзиб, раисга топширдик. Орадан 5 кун ўтса ҳам, ҳеч ким ҳатто хабар олмади.

— Кеча яна туман электр тармоқлари корхонасига қўнғироқ қилдик. Аммо улар яна буюртмамизни рад этишди, — қўшимча қилди ­Галина Григорева. — Сабабини сўрасам, «ҳозирча бизда кўчма лаборатория йўқ, буюртмангиз қайд этилган», деди қўнғироққа жавоб берган одам. Ёзнинг жазирама кунларида хоналарни совитиш у ёқда турсин, музлаткичларни ҳам ишлата олмаяпмиз.

— Туман электр тармоқлари корхонасидан келган усталар ҳимоя қутисига токни ушлаб турувчи мослама қўйиб кетди. Аммо у хавфсизлик қоидаларига жавоб бермайди, — деди фуқаро Вера ­Дагаева. — Агар кимнингдир хонадонидаги электр тизимида шикастланган қисм бўлса, ёнғин ­чиқиши мумкин. Аслида мазкур ускуна ­бирор-бир хавф бўлса, автоматик тарзда ўчиши керак. Улар ўрнатган ускуна эса қотирилган ва хавф туғилганда ўчмайди. Усталардан муаммонинг сабабини сўрасак, аниқ жавоб айтишмади. Мосламани бир неча бор ўчириб-ёқди-да, қайтиб кетди. Энг ёмони, уланган жойдаги сим узилган, тез-тез ўт чақнаб турибди. Бу ҳаёт учун хавфли. Айниқса, болалар билмасдан тегса, ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.

Фуқароларнинг бири қўйиб, бош­қаси бир-бирининг гапини тасдиқлар, хавотир билан сўзларди.

Биз одамлар билан гаплашиб турганимизда ҳудуд мутасаддилари ҳам етиб келишди. Улар вазиятдан хабардор экан. Лекин ҳокимият вакиллари ва округ раҳбари энди эшитиб турганини айтди. Табиийки, одамлар орасида ғала-ғовур, норозилик бошланди.

— Мени ҳам эшитадиган борми? Дардимни кимга айтсам бўлади? — деди 80 ёшлар атрофидаги отахон. — Станислав Винерскийман, 11-уй, 28-хонадонда яшайман. 7 июль куни соат 12 ларга яқин тушунарсиз ҳолатда чироқ ўчиб қолди. Бир соатча вақт ўтиб, чироқ липиллаб ёна бошлади. Натижада музлаткичим куйди. Устани чақирсам, двигатели ва рельси ишдан чиққанини айт­ди. Нафақадаги одам учун янги музлаткич сотиб олишнинг иложи йўқ. Бу ҳам етмагандек, уйимиз ҳар куни соатлаб электр тармоқдан узиб қўйиляпти.

Масаланинг ечимини излаб туман электр тармоқлари корхонасига бордик. Улар бу муаммони маҳалла ҳал қилишини айтди. Маҳалла раиси эса ширкатга жўнатди. Буни қарангки, ширкат мени яна ТЭТ корхонасига боришим кераклигини, бу муаммо уларга тегишли эмаслигини айтди. 80 ёшга кирган одамни яна қанча сарсон қилиш мумкин? Наҳот, юзлаб одамнинг тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаса?..

Тўғриси, отахоннинг бу саволларига қандай жавоб беришга ҳайрон эдик. Станислав ота 11-уйдаги яна бир қанча муаммоларни санаб чиқди. Уйнинг қувурлари эскиргани, бадбўй ҳид чиқариши ҳақидаги гапларини бошқалар ҳам тасдиқлади.

— Аёлим қанд касали билан оғрийди. Кичкина набираларим бор. Шундай иссиқда электрсиз кўп қаватли уйда ўтиришнинг ўзи бўлмаяпти, — деб гап бошлади яна бир нуроний. — Биринчи қаватда 8 та дўкон бор. Улар ҳам аҳоли учун ажратилган тармоққа уланган. Ҳар бирида 5-6 тадан музлаткич доимий равишда ишлаб туради. Бу, албатта, кучланишга олиб келади-да. Улар учун алоҳида тармоқ тортилиши керак, деб ўйлайман. Ана шунда бу каби кўнгилсиз ҳолатлар рўй бермайди.

Сўзининг охирида отахон билан танишдик. Аҳмаджон ота Ризаев ҳам 11-уйда истиқомат қилар экан. Суҳбатимизни тинглаб турган қўшниси Светлана Орхиреева қўшимча қилди:

— Мавзеимизда 50 та кўп қаватли уй бор. Уларнинг ҳаммаси учун 3 та электр шкаф ўрнатилган. Ёнгинамизда мактаб, болалар боғчаси, стадион бор. Улар ҳам аҳоли учун ажратилган электр тармоғидан фойдаланади. Айниқса, стадиондаги тунги ёриткичлар ишга тушганда хонадонларга ток яхши етиб келмайди. Чироқларимиз хира тортиб қолади...

— Аҳолининг норозиликларидан кўчага ҳам чиқа олмай қолдим, — деди куйиниб 11-уй бошиси Вера Бандаренко. — Таъмирланган электр ҳимоя қутилари хавфсизликка жавоб бермайди. Ҳимоя қутиси ўрнатилган жойга яқин яшовчилар учун айниқса хавф катта. Аввал ҳам бир неча бор уста чақирганмиз. Улар келиб, 2-фазани ўчириб, ёқади. Унисига, бунисига ўтказади. Муаммонинг келиб чиқиш сабабини ўрганмасдан, қайтиб кетишади. Кўпчиликнинг маиший техника воситалари куйиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолмоқда. Қўлимдан келгани — жойларга мурожаат қилиш. Натижаси эса кўриб турганингиздек...

Одамлар яна бир қанча муаммолар ҳақида гапиришди. Айтишларича, кеч тушган маҳал кўпқаватли уйлар атрофида ўсмир йигитлар автопойга ўйнар ва бу болалар ҳаётига хавф солаётган экан. Бир неча бор кичик автоҳалокатлар ҳам содир бўлган экан. Хуллас, бир қарашда обод маҳалла рўйхатига киритиш мумкин бўлган бу ҳудудда ўзига яраша камчиликларни кузатдик. Уларнинг ечими юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида сўраб, масъулларга юзландик.

— Тўғри, фуқаролар бизга мурожаат қилди, — деди «Юз­робод» маҳалла фуқаролар ­йиғини раиси Абдумалик ­Эрназаров. — Бу ҳолат биринчи марта эмаслиги ҳам ҳақиқат. Маҳалламиз фаоллари билан қўлимиздан келган барча чораларни кўряпмиз. Аммо электр масаласини ҳал қилиш бизга боғлиқ бўлмагани боис, ожизмиз. Прокурор номига ёзилган аризани секторга олиб бориб бердим. Тез орада улардан жавоб келиб қолади, деган умиддаман.

— Ҳудудимиздаги кўп қаватли уйлардаги муаммолар босқичма-бос­қич ҳал қилиняпти, — деди «Юзробод Обод Сервис» ширкати раиси Шоҳруҳ Шояқубов. — Атрофни бетонлаштириш ишлари деярли ниҳоясига етди. Айни пайтда ҳал қилиниши керак бўлган 3 та муҳим масала бор. Аввало, аҳоли хонадонларини ҳашаротларга қарши дорилаш керак. Иккинчиси, 11- ва 12-уй ўртасида ёрилган жой бор, уни таъмирлаш талаб этилади. Шунингдек, канализация қувурлари янгисига алмаштирилади. Айни пайтда 17-уйда бу иш ниҳоясига етказилмоқда. Бошқа масалаларда ҳам мурожаатларни қайд этиб боряпмиз. Аҳолига энг яқин ташкилот бўлганимиз учун ҳар қандай масалада ширкатга ва маҳаллага мурожаат бўлади. Қўлимиздан келганча уларга маслаҳат берамиз, йўл-йўриқ кўрсатамиз, ­муаммоларни бартараф этишга кўмаклашамиз.

Аҳоли мурожаатларини тингладик, саволлар, муаммоларни ўзимиз учун қайд этдик. Кетмоқчи бўлиб турганимизда лаблари титраб, кўзларида ёш билан 11-уйдан бир аёл югуриб ёнимизга келди. Уйга кириш йўлагидаги электр ҳимоя қутисидан резинанинг куйган ҳиди келаётгани, ёнғин чиқиш хавфи борлигини айтди. Фотомухбир билан кўрсатилган жойга борганимизда аччиқ ҳиддан йўлакка кириб бўлмасди. Биз электр тизими мутахассиси эмаслигимизни билиб, югуриб келган аёлнинг шашти пасайди. Кўзларида умидсизлик кўринди. Ишхонага қайтгунча ўша аёлнинг «ёш болам бор, илтимос бирор ёрдам қилинглар», деган гапи хаёлимдан кетмади...

Мақола тайёр бўлгунча ҳудуд аҳолиси бизга бир неча бор қўнғироқ қилди. Айтишларича, туман электр тармоқлари корхонаси маҳалла аҳли журналистларни чақирганидан норози бўлибди. Бир неча кун давомида липиллаб турган чироқ энди ҳар куни соатлаб ўчириб қўйилаётган экан...

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.