Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
10.07.2018

ЎЗБЕК РАҚС САНЪАТИ ОЛИЙ МАКТАБИ

Ҳар бир миллат ўз миллий мусиқаси, қўшиқлари каби миллий рақсига ҳам эга. Рақс санъати сўз билан айтилмайдиган қўшиқ. Рақсда қувонч-шодликни, алам-изтироб, армонни ҳам кўрасиз.

Ўзбек миллий рақси тарихида Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг ҳам ўз ўрни бор. Бу даргоҳда таҳсил олган иқтидорли ёшлар орасидан кўплаб машҳур раққос ва раққосалар етишиб чиққан.

Ўзбекистонда рақс санъати соҳасида мутахассис кадрларни тайёрлаш мақсадида 1933 йилда Тошкент шаҳрида биринчи балет мактаб-студияси ташкил этилади. Ўз даврининг таниқли санъаткорлари уста Олим Комилов, ­Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Елена Обухова, Валентина Губскаялар ёшларга рақс санъатидан сабоқ бера бошлаган. 1947 йилда мактаб-студия Хореография билим юрти мақомига эга бўлди.

1997 йилда Тошкент давлат маданият институтининг хореография бўлими ва Тошкент хореография билим юрти негизида Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ташкил этилди.

Бугунги кунда Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби таркибида узлуксиз таълимни таъминловчи уч бўғиндан иборат ихтисослашган мактаб-интернат, хореография коллежи ҳамда бакалавр ва магистр даражасидаги мутахассисларни тайёрловчи олий мактаб фаолият кўрсатмоқда. Ихтисослашган мактаб-интернат ва хореография коллежида ўқувчилар миллий ва мумтоз рақс йўналишлари бўйича таълим олиб, «Балет артисти» ва «Миллий рақс ансамбли артисти» касбий малакага эга бўладилар. Шунингдек, Олий мактабнинг юқори босқичида хореография ва санъатшунослик таълими йўналишларида мутахассислар тайёрланмоқда.

— Миллий рақс санъатининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшаётган педагогик жамоамиз катта масъулият билан меҳнат қилмоқда, — дейди ­Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ректори ­Шуҳрат ­Тохтасимов. — Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев ўтган йили 3 августда мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан бўлиб ўтган учрашувда Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабига «Ипотека банк»и ҳомийлик қилиши мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтган эди. Ана шу ташаббус туфайли иқтидорли ёшларимизнинг халқаро кўрик-танловларда қатнашиш имконияти яратилди.

Иқтидорли талабаларимиз ҳар йили жаҳон миқёсида бўлиб ўтадиган турли конференциялар, танловлар, байраму тантаналарда қатнашиб, ўзбек ҳалқининг маънавий мероси ҳисобланган миллий рақсларини бутун дунёга тараннум этиб келишаяпти.

Ҳозир мактабда ўқувчи ёшларнинг ҳар томонлама яхши билим олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Яна бир янгилик, Президентимиз ташаббуси билан олий мактабнинг бакалавр ва магистр талабалари учун алоҳида бино — Алишер ­Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг олти қаватли ўқув биноси ва унга тегишли бўлган ҳудуд бизга берилди. Ҳозир бу бинода таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти.

Кейинги пайтда ўзбек миллий рақс анъаналарини бузиб, унга баъзи бир ўзига хос бўлмаган ҳаракатларни сунъий равишда сингдиришга уринишлар кўзга ташланаяпти. Мен бунга тамомила қаршиман. Чунки асрлар бўйи сайқалланиб келаётган бу миллий қадриятларимизни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, деб ўйлайман. Рақс шундай санъатки, худди спортда бўлганидек, эрта-ю кеч залдан чиқмай, машқ қилган инсонгина кўзлаган мақсадига эришади, томошабинлар олқишига сазовор бўлади. Ўз устида ишлаб, устозлар таълим-тарбиясини олиб, сидқидилдан интилган киши албатта рақс санъатининг чўққисига чиқади.

Биз таълим жараёнини янада кучайтириш, талабаларимизнинг билимларини ошириш мақсадида хориж мамлакатларидан катта балет артистлари, рақс санъатининг малакали мутахассисларини таклиф этмоқдамиз. Бу тажриба катта самара бермоқда. Четдан келиб, ўзбек рақсини ўрганаётганлар ҳам бор. Ёшларимиз эртага маҳоратли рақс усталари бўлиб етишиши учун ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиб берилаяпти, биз ҳам шунга яраша жавоб қайтаришимиз керак.

 

Мафтуна МИРЗАХЎЖАЕВА,

Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби талабаси.



DB query error.
Please try later.