05.07.2018

«SPARK» 65 МИЛЛИОН СЎМ ТУРАДИ,

унинг ойналарини қорайтириш учун 1 йилга 16,5 миллион сўм тўланади. Бу нарх кўпчиликка оғирлик қилмайдими?..

Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталига транспорт воситаларининг ойналарини қорайтириш (тонировка) тартиби тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси (жорий йил 28 июнь куни) жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Бундан кўзланган мақсад транспорт воситалари ҳайдовчилари, жумладан, мамлакатимизга келувчи сайёҳлар учун қулай шароит яратиш, бу борада тегишли тартиб жорий қилишдан иборат, деб кўрсатилган. Лойиҳа Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Қарор лойиҳасига кўра, енгил автомашиналарнинг орқа ва орқа ён ойналарини қорайтириш тартиби белгиланиши назарда тутилган. Тонировка Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги тузилмалари томонидан 1 йил муддатга бериладиган рухсатнома асосида, тасдиқланган давлат стандартига мувофиқ ИИВ қошидаги Инновацион лойиҳалар ва аҳолига хизмат кўрсатиш маркази давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Ойналари қорайтирилган хорижий давлатлар транспорт воситаларида Ўзбекистон ҳудудига кириш ва транзит ўтиш ҳолатларида 15 доллар миқдорида йиғим ундирилиши қайд этилмоқда.

Ушбу масала юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотди, ҳужжат лойиҳаси бўйича порталда кўплаб мулоҳазалар билдириляпти. Муносабат билдирганларнинг аксарияти Ўзбекистоннинг иссиқ иқлим шароитида, айниқса, жазирама ёз кунлари автомашинада юриш анча қийинчиликлар туғдираётганини таъкидлаб, транспорт воситаларининг ойналарини қорайтиришга рухсат берилаётганини фаол қўллаб-қувватламоқда.

Шу билан бирга, қарор лойиҳасининг айрим бандлари бўйича фикр ва таклифлар ҳам билдириляпти. Мунозараларнинг асосий мавзуси тонировкага рухсат бериш ва уни ўрнатиш учун тўлов миқдори билан боғлиқ.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, бу сумма жисмоний шахслар учун энг кам ойлик иш ҳақининг 90, юридик шахслар учун 120, хорижий давлатларнинг юридик шахслари учун эса 140 баробари миқдорида белгиланяпти.

Аксарият фикр билдирувчилар бу нархларнинг жуда юқори эканини айтишмоқда.

Хусусан, Очилов Сардор мамлакатимизда қуёшли кунлар 7-8 ой давом этиши, ёзги 35-40 даража иссиқда автомобиль ичида ўтириш азоб бўлиб қолишини ҳисобга олиб, автомашина ойналарини қорайтиришга рухсат берилаётганидан мамнунлигини, аммо нархлар кўпчиликнинг ҳамёнига тўғри келмаслигини таъкидлаган. У қуйидагича таклиф берган: ойнани қорайтириш нархини автомобиль маркасига қараб ёки оддий халқни ҳамёни кўтарадиган қилиб белгилаш лозим.

Маматов Шуҳратбек шундай фикр қолдирган: Қуйида келтирилган саволларни яна бир бор кўриб чиқишингизни сўрайман: Бу лойиҳани амалиётга татбиқ қилишдан мақсад нима ўзи? Иссиқ юртда яшаётган халқимизга ва меҳмонларимизга автотранспортда ҳаракатланишда қулайликлар яратиб беришми? Агар қулайлик учун бўлса, бунга пул тўлаш шартми? Шарт бўлса, тўлов қилиш имконини берувчи нарх белгиланиши керакмасми?.. Шу сабабли мукаммал қарор тайёрлаб, амалиётга татбиқ қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Искандаров Самандар ойна қорайтириш учун давлат божи бир ойга энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида бўлиши кераклигини таклиф қилган.

Қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилганига бир ҳафтадан ошмоқда. Унга юртдошларимиз томонидан кўплаб фикрлар, таклифлар бериляпти. Улар қай даражада инобатга олинади — буни вақт кўрсатади.

Аммо ҳозир кишини бошқа бир ҳисоб-китоб ўйлантириб қўяди. Бугун автосалонларда «Spark» машинасининг турли русумлари 65 дан 75 миллион сўмгача сотилмоқда. Юқоридаги қарор қабул қилинса, ушбу машина ойнасини қорайтириш учун 1 йилга энг кам ойлик иш ҳақининг 90 баробари, яъни 16,5 миллион сўм тўлаш керак бўларкан. 4-5 йил давомида «тонировка» учун тўланадиган маблағ миқдори 60-80 миллион сўм атрофида бўлади...

Эслатиб ўтамиз, қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси жорий йил 13-июлгача давом этади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.