28.06.2018

ФИКРАТ ДАРҒАЛАРИ

Дилбар МАҲМУДОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

Қирқ йиллик жудоликдан сўнг буви ва набира учрашуви ҳақидаги маълумотни марказий матбуот илиб кетди. «Правда» газетасида «1941 йилга қайтиб» сарлавҳали катта ҳажмдаги публицистик мақола эълон қилинди. Унда газетамизнинг хайрли иши ҳақида эслаб ўтилди. «Неделья», «Известия» каби қатор газета-журналларда, Ўзбекистондаги барча матбуот саҳифаларида бу хушхабар ўз аксини топди.

1986 йили халқлар дўстлиги, хусусан, Шомаҳмудовлар оиласи, Фёдор ҳақидаги очеркларим учун Журналистлар уюшмаси мукофотига сазовор бўлдим.

Ўйлаб кўринг! Агар Шомаҳмудовлар оиласи ҳақидаги таклифимни муҳарриримиз қўллаб-қувватламаганида, менга ишонмаганида инсонлар тақдири билан боғлиқ бу очерклар балки ёзилмай, Фёдорнинг орзулари ҳам армонлигича қолиб кетармиди?! Газетамизда босилган мақола эзгуликни чорлади, бу эзгуликлар — Мақсуд Қориев шарофати билан рўй берган эди, десам тўғри бўлади.

Олға юринг, аммо менинг ортимдан... Қадамларим бироз тезлашиб кетдими ёки раҳбариятнинг янги ишга келган оддий бир ходимга бўлган ишончи, қўллаб-қувватлаши баъзиларнинг ғашига тегдими, менга нисбатан муносабат ўзгарди. Бир гуруҳ кимсалар мени руҳий тазйиққа олди. Бир-бирларини қўллаб-қувватлашди. Мен битта эдим, улар эса кўп. Гўё мен катта гуноҳ иш қилиб қўйганман-у, мени жазолашаётгандай... Ёзган мақолаларим газета юзини кўрмас, тўпланиб қалашиб ётаверарди. Журналист учун бундан ортиқ жазо йўқ. Мен тишимни тишимга босиб ишлайвердим. Икки оёғим бир этикка тиқилган эди. Одатда янги ходимга қизиқишаркан, синаб кўришаркан, ёрдам беришаркан, кейин ўз йўлига қўйиб юборишаркан. Буёғини ўзинг олиб кет, яшаш учун кураш дейишаркан. Мен яшаш учун кураша бошладим. Лекин боши берк кўчага кириб қолгандим. Муҳаррирга шикоят қилишни ўзимга эп кўрмадим. Раҳбаримиз ниҳоятда банд эди. Қўли қўлига тегмасди. У чақимчилик, бировнинг устидан шикоят қилганни ёқтирмас эди. Лекин наилож?! Иложсиз қолганингда шу даргоҳнинг отасига дардингни айтмай, кимга кўз ёш тўкасан?! Қабулига кирдим дейлик, дардимни тўкиб солдим дейлик, лекин у мени охиригача эшитмаса-чи, мени нотўғри тушунса-чи, гапларим ичимда қолиб кетиб, изза бўлиб чиқиб кетсам-чи?! Мен ўзим билан ўзим фикрлашардим. Яхшиси, унга мактуб орқали мурожаат қиламан, деган қарорга келдим ва ёздим... Мактубим жавобини кутаман, кутганим сайин жавоб йўқ... Бунга сайин ич-этимни ейман. Лекин мени бир нарса хотиржам қиларди. Мактубда ёлғон гап, туҳмат йўқ. Фақат ва фақат бор ҳақиқатни ёзганман. Ўзимни ҳақлигимга ишонаман. Раҳбаримизнинг адолатли инсон эканига суянаман.

Вақт ўтган сайин мактубда ёзганим муаммолар ўз ечимини топа бошлади... Охир-оқибат менга қарши надоматлар бошида турган шахс ишдан кетиб, айримлари нафақага кузатилгач, ҳаётим, ижодий муҳит ўз изига тушиб кетди. Мактуб юзасидан муҳаррир билан бир марта ҳам савол-жавоб қилмаганмиз, у ўз-ўзидан ечимини топганди. Бу кўпни кўрган, кўпни синаган устозимиз, ёзувчи Мақсуд Қориевнинг раҳбарлик салоҳияти, иш услуби эди. Иш сўнггига етганда муҳаррир котибаси бир конверт кўтариб олдимга келди ва уни муҳаррир менга бериб юборганини айтди. Очиб қарасам, менинг унга ёзган мактубим. Устига «Архивингизда сақланг, керак бўлиб қолар» деган муҳаррир дастхати.

Юқорида мен ўзим ҳақимда, ўзимнинг кичик бир ижодий, ҳаётий фаолиятимга муҳарриримиз дахлдор бўлган мисоллардан айримларинигина келтирдим, холос.

Таҳририят ижодий жамоаси жуда катта куч эди. Жамоада саксондан ошиқ ижодий, техник ходимлар ишларди.

Қизил империя ҳукмронлик қилган оғир вазиятларда ҳам бу газета халқ фикри билан ҳисоблашган, ҳақгўйлик йўлидан борган, миллатимиз манфаатини кўзлаган. Газета кечаю кундуз назоратида бўлмасин, ундаги асосий мавзу пахта, ғалла, пилла топшириқлари, мажбуриятлари, планлари ҳақида бўлмасин, шу планларни бажараётган одамлар, уларнинг турмуш тарзлари, дунёқарашлари, инсоний хислатларига оид катта-кичик мақолаларга газета саҳифасидан, албатта жой ажратилар эди. Газета ҳеч қачон ўзлигидан чиқмаган. Миллий қадриятларимиз, буюк тарихимизни эслатиб турадиган, бошига кўтарадиган ва бу туйғуларни ўз ижодлари орқали матбуот саҳифаларига олиб чиқадиган фидойи ижодкорлар газета жамоасида ҳамма вақт бўлган. Улар газетани ардоқлашган. Кечаю кундуз уни меҳр билан қўриқлашган. Аслида, журналистнинг иш вақти ҳеч қачон чекланмаган. Шундай кунлар бўлардики, ижодий ходимларнинг таҳририятда бўлишлари шарт эди. Ўн кунлаб давом этадиган съездларда улар навбатма-навбат кечаю кундуз таҳририятда қолишарди. Бетиним келиб турган маърузалар, чиқишлар, ҳужжатларни газета саҳифасига олиб чиқиш, ёритиш ишлари билан банд бўлишарди. Ҳафталаб уйларига бормаган ходимларимиз бир дам мизғиб олиб, яна ишга киришиб кетишарди. Шу ерда овқатланишарди. Ошхонага боришга вақт етишмасди. Баъзида Мақсуд Қориев «ухо-горло-нос» кўтариб кириб келарди. Баъзида бир тоғора қулупнай ёки бир тоғора гилос олиб келарди.

Газетанинг янги сонига муҳаррир қўл қўйди, деганингизда юқоридан янгидан-янги расмий хабарлар, қарор ёки маърузалар матни шошилинч келиб қоларди. Қарабсизки, газета макети бузилар, саҳифалар қайтадан тузиларди. Кўряпсизки, газетанинг ҳар бир сони ҳеч қачон саккиз соатли иш куни билан ўлчанмаган. Газета цехда босилиб, «киоска»ларга сотувга етиб боргунча ўтадиган вақт 24 соатдан ҳам ошиб кетарди. Газета сотувга чиқди, дегани газета масъулиятидан қутилдим, дегани эмасди. Баъзида кун чиқарда уйимизга етиб келиб, бир пиёла чой ичиб, уйдан, бола-чақадан хабар олган бўлиб, яна ишга чопардик. Биз-ку уйимизга бирровга бўлса ҳам бориб-келардик. Муҳарриримиз эса ҳамон ўз хонасида, дамба-дам бўлаётган қўнғироқларга жавоб бераётгани очиқ эшиги орқали эшитилиб турарди. Ишқилиб, газетада хато кетмаганмикан, қўнғироқлар иш туфайли эмасмикан, деган хавотирда бўлардик. Газета ҳафтада олти марта чиқарди. Ҳафтанинг олти куни муҳаррирдан тортиб, ҳар бир ижодий, техник ходим ана шундай ҳаяжонли дақиқаларни бошдан кечирарди.

Ишимиз, вазифамиз оғир эди. Лекин ҳеч ким бу даргоҳдан кетаман, ишламайман, деганини эшитмаганман. Гўё иш дегани шунақа бўлади-да, деб касб-коримизга жон-дилимиз билан қизиқиб, ёпишиб ишлардик.

Қанот қоқиб ишлаётувдим, парвоз қилиб учаётувдим, қандайдир дайди ўқ бағримни тешиб ўтди, ўнг қанотимни қайириб ташлади — онамдан жудо бўлдим. Ўзимни ўнглаб-ўнгламай, вужудимга иккинчи бир ўқ келиб қадалди — отам бедаво дардга учраб қолдилар. Мен довдираб қолдим. Қақшаган жонимни ҳовучлаб раҳбарим ҳузурига ошиқдим. Ўз ҳисобимдан «отпуска» сўрадим. Муҳаррир эса отамни даволатиш учун шифохонага ётқизиш, шифокорлар маслаҳатини олишга ёрдам таклиф этдилар. Бу жараёнларни аллақачон бошимиздан ўтказиб бўлганмиз, буёғи Оллоҳнинг иродаси экани, мўъжиза кутиб яшаш, тақдирга тан беришдан бошқа иложимиз қолмаганини айтдим. Орада кўз ёши тўкиб, кўнглимни бўшатиб ҳам олдим. Мақсуд Қориев оилавий шароитимиз билан қизиқди, акам ёки укам борми-йўқми, сўради. Мен биз икки қизмиз, отамнинг боқувчиси ҳам, суянчиғи ҳам иккимиз, дедим. Шунда устоз: — Ҳозирча уйда ишлаб туринг. Имкон топиб бирор материал тайёрлай олсангиз редакцияга етказиб турарсиз... Асосий вазифангиз — бу отангиз. У кишини парвариш қилинг, дуосини олинг. Уёғини кейин гаплашамиз, — деди. Ишхонадаги ҳамкасблар тез-тез келиб хабар олиб туришарди. Бир куни редакция касаба уюшмаси раиси келиб дори-дармон учун деб бироз пул ҳам ташлаб кетди... Отажоним пешонамизга сиғмадилар. Икки йил оралиғида икки тоғимдан айрилдим. Энг оғир кунларимда ижодий жамоамиз ёнимда бўлди. Усмон Юсупов, Раҳматилла Исҳоқов, Тожибой Унабоев, Маъруф Назаров отамни сўнгги йўлга кузатишда белларига белбоғ боғлаб, ўғил ўрнига ўғил бўлиб бизнинг қаторимизда туришди. Бу эзгуликлар орқасида раҳбаримиз тургани сир эмас эди.

Шу ўринда муҳарриримиз билан боғлиқ яна бир воқеани ҳикоя қилгим бор. Ёзувчи ва публицист Самар Нуров газетамизнинг Сирдарё вилояти бўйича мухбири эди. 1973 йил, 22 июнь, айни саратон. Газета топшириғи билан у Оқолтин туманидаги «Фарғона» хўжалигига боради. Кун иссиқ, дала, чанг-тўзон. Бир ювиниб олай, деган маънода у шийпондаги ҳовузга ўзини ташлайди. Сув остидаги қувурнинг ўткир учи бошига жароҳат етказади. Умуртқа суяги 3-4 бўғиндан синади... Транспортда олиб юриш мумкин бўлмагани учун «Мирзачўлқурилиш» бошқармасига қарашли шифохонада қолдиришади.

...Махсус кроватда ётибман. Бўйнимга тош осилган. Нафас олишим оғир. Иштаҳа йўқ. Умуртқа суякларим ёнади. Ўйлов, ваҳима, азоб-оғриқларга кўника бошладим. Иссиғим қирқ бир даражага етганда ҳушимдан кетаман. Шунда резина идишларига солиб музлатилган муз халталарни пешона, кўкрак, биқин, тиззамга қўйишади. Ҳарорат ўттиз тўққизга тушганда ҳушимга келиб, кўзларимни очаман, атрофга қарайман...

«...Мақсуд Қориев республиканинг энг катта нейрохирургларини Оқолтинга бошлаб келдилар. Нейрохирургия марказининг илмий раҳбари Абдулхайр Мирсодиқов мени кўрди... Ҳушимга келиб, Мақсуд аканинг сўзларини эшитдим: — Ҳали Самар билан катта уммонларда чўмиламиз...»

«...Ҳар куни Тошкентдан бир машина бўлиб ҳамкасблар келиб-кетишади. Дори-дармон, озиқ-овқат, гул... Ҳар шанба шифохона устида «Кукуруз» — самолёти айланиб, махсус майдончага бориб қўнади. «Тез ёрдам» уларни олиб келади. Профессор маслаҳат бериб, яна қайтиб кетади... Бу борди-келдилар ўз-ўзидан бўлмаслигини, Мақсуд аканинг саъй-ҳаракатлари ҳосиласи эканини сезиб турибман...»

«...Тошкентга олиб келишди. Нейрохирургия марказида алоҳида хонага жойлаштиришди. Ҳароратим ҳали ҳам баланд. Танамда бир литрга етар-етмас қон қолган. Бу жароҳатларнинг битиши у ёқда турсин, аъзоларнинг рисоладагидек ишлашига ҳам кифоя эмас... Етмиш бир кунда таним қирқ бир килограм озиб, ўттиз бир килограмм қолибман...»

«...Абдулхайр ака хонага суюниб кирди. Қўлида картон қути: — Мақсуджонга раҳмат, — дейди жилмайиб. Икки флакон хорижда ишлаб чиқарилган ноёб дори сўровдим, у бўлса катта хазина юборибди.

Етти марта қон қуйишди... Ниҳоят, оёққа турғазишди...»

«Мақсуд акам елкаларига оқ халат ташлаб соғлиқни сақлаш вазири Қаюм Зоиров бошлиқ казо-казоларни палатага бошлаб келди. Қаюм ака ҳол-аҳвол сўраб туриб, касаллик варақамга «Семашкога» деб ёзиб бердилар».

«О, тангрим, мен ғариб, нотавон юрган бу дунёда қандай мўъжизаларинг бор-а! Ўликни тирилтирадиган куй-қўшиқлар, ожизнинг кўзларини очувга қодир ранглар, хуршиди жаҳон, ой-ю юлдузлар. Лекин барибир шуларнинг гултожи, шоҳ асари Инсон, унинг юраги бўлса керак».

«О, тангрим! Бу ғариб, серғалва дунёни безаш учун шундай олижаноб, оқибатли инсонларни яратиб қўйганингга шукроналар бўлсин... Мақсуд ака тўқсон ёшга етганларида айтадиган икки оғиз сўзимни ҳам юрагимга тугиб қўйибман. Тангри иноят қилса, бу ҳам армон бўлиб қолмас...»

Юқоридаги самимий дил сўзлари ёзувчи, публицист Самар Нурнинг Мақсуд Қориев етмиш ёшга тўлганда ёзган икки калом сўзи — «Қиёмат қарз» отлиқ табрик мактубидан олинган айрим парчалар. Устоз Мақсуд Қориев тўқсон ёшга етолмадилар. Самар Нур ҳам узоқ яшай олмади. Армонлари ичида кетди. Лекин улардан буюк бир хотира қолди. Бу — яхшилик деган ном. Ўшанда бу ижодий жамоага янги ишга келган пайтларим эди. Юқорида тасвири берилган қайғули, таҳликали онларнинг гувоҳи бўлганман. Муҳарриримиз бошчилигида ижодий жамоанинг Самар Нуров учун оёққа тургани, уларнинг жон фидойиликларидан қаттиқ таъсирланиб, «Инсон қадри» сарлавҳали мақола ёзганман. Ахлоқий-инсонийлик йўналишидаги бу мақолам ўзимизнинг газетамизда босилган. Бу ҳикоялар Мақсуд аканинг инсонийлик хислатларидан мен кўрган, билганларимдан бир шингил, холос. Ҳали мен билмаган, кўрмаганларим қанча экан-а!

 

(Бошланиши 21-26-июнда.

Давоми кейинги сонда).


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: