26.06.2018

ЭҲТИЁЖМАНД КИШИЛАР БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ — ДОЛЗАРБ МАСАЛА

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятига 40 мингдан зиёд кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар бирлаштирилган. Жамият таркибида 80 дан ортиқ тадбиркорлик тузилмалари, жумладан, масъулияти чекланган жа­миятлар кўринишидаги ўқув ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда шўъба корхоналари фаолият олиб боради.

Шу рақамларнинг ўзи аҳолининг жисмоний имконияти чекланган қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарорининг нақадар аҳамиятли эканини англатади. Мазкур ҳужжатда белгилаб қўйилган тартиб-қоидалар ва имтиёзларнинг амалиётда қўлланилиши жуда муҳим масала ҳисобланади. Қарор жамиятимиз тизимидаги корхоналар фаолиятига қандай ижобий таъсир кўрсатади?

 

Дилмурод СУЛТОНОВ, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти бош мутахассиси:

— Қарорнинг 1-бандига мувофиқ жорий йилнинг 1 августидан бошлаб алоҳида тоифадаги тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар ва преференциялар қўлланилиши кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, тижорат банклари томонидан имтиёзли давр назарда тутилган ҳолда кредитлар ажратилиши белгиланган. Кўзи ожизлар жамиятига қарашли корхоналарнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун бино-иншоотлар ажратиладиган бўлди. Айланма маблағларни тўлдириш ҳамда асбоб-ускуналар, сарфлаш материаллари харид қилиш учун қўшимча молиявий имкониятлар яратилади. Бунинг натижасида бугунги кунда зарур ишлаб чиқариш майдонлари ва етарли даражада ўз маблағларига эга бўлмаган тизимдаги айрим корхоналарда иқтисодий фаолият жонланади. Уларда ишловчи кўзи ожиз инсонлар ва бошқа тоифа ходимлар учун доимий меҳнат қилиш, барқарор иш ҳақи олиш шароитлари вужудга келади.

Қарорда иқтисодиёт вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 3 ой муддатда ижтимоий тадбиркорлик субъектларини аниқлашнинг тартиби ва мезонларини, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва фаолияти эркинлиги кафолатларини назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш кераклиги белгилаб қўйилган. Албатта, ушбу масалада 86 йил вақт мобайнида оғир синовларга дош бериб фаолият кўрсатиб келаётган Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятида ибратли тажриба мавжуд.

Жамиятнинг таъсис ҳужжатлари ва Низомларига мувофиқ равишда кўзи ожизлар жамиятига қарашли корхоналарни ижтимоий корхоналар сифатида таснифлаш мумкин. Бундай корхоналар нафақат Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти тизимида, балки Ўзбе­кистон карлар ва ногиронлар жамиятлари таркибларида ҳам мавжуд.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозим, аксарият ривожланган хорижий мамлакатларда ногиронлиги бўлган шахслар давлат томонидан асосан зарур миқдорда пенсия билан таъминланади. Ижтимоий инфратузилмалардан фойдаланиш имкониятлари яратилиши билан чекланилади. Уларда ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус корхоналар ташкил этиш ва уларни меҳнатга жалб қилиш масалалари ижтимоий, долзарб аҳамият касб этмайди. Бизнинг мамлакатимизда эса узоқ йиллар давомида ногиронлиги бўлган шахсларни ўз хоҳиш-истаклари ва имкониятларига мувофиқ равишда ўқитиш, касб хунарга ўргатиш тизими йўлга қўйилган. Шу орқали ногиронлиги бўлган бундай фуқароларни реабилитация қилиш ва жамиятга интеграциялаш вазифалари амалга оширилмоқда. Бу борадаги миллий тажриба хорижда ҳам ибрат бўлиши мумкин.

Қарорга мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахслар жамоат бирлашмаларининг корхоналари тассаруфидаги ишлаб чиқариш объектлари ва ер майдонларидан самарали фойдаланилиши комплекс ўрганилиши ҳам айни муддао бўлди. Аммо мутасадди вазирлик ва идоралар бу масалага холисона ва эҳтиёткорлик билан ёндашиши лозим, деб ўйлайман.

Умуман, мазкур қарор аҳолининг эҳтиёжманд қатлами бандлигини таъминлаш бўйича ташланган муҳим қадам эканлигини таъкидлаш лозим. Такрор айтаман, қарор ҳаётга тўғри татбиқ қилинсагина, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш масаласини самарали ҳал этиш мумкин. Бу борада барчамиздан зийраклик ва дахлдорлик талаб этилишини унутмаслигимиз керак.



DB query error.
Please try later.