21.06.2018

ЁШЛАРГА ЭЪТИБОР — КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

Раимберган САБУРОВ, халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотининг Хитойнинг Циндао шаҳрида ўтказилган саммитида нутқ сўзлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташкилот доирасида эмас, балки бутун дунё ҳамжамиятида муҳим аҳамиятга эга бўлган янги ташаббуслар билан чиқди. Президентимиз, айниқса, ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

Бир ўйлаб кўрайлик, нима учун давлатимиз раҳбари айнан ёшлар масаласига алоҳида урғу бермоқда? Давлатимиз раҳбари нуфузли халқаро ташкилотлар минбарларидан туриб, жаҳон ҳамжамиятини ёш авлод турли бузғунчи ғоялар ва радикал гуруҳларга қўшилиб кетишининг олдини олишга чақирмоқда. Асосий эътиборни маърифатга, ёшларнинг маънавий ва ахлоқий тарбиясига қаратиш, лозимлигини жонкуярлик билан таъкидламоқда. Бу бежиз эмас, албатта.

«Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди», дейди донишмандлар. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўймаслик лозим.

Ҳозирги кунда дунё миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кескин тус олмоқда. Диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, «оммавий маданият» каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзод асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, қадриятларга путур етказмоқда.

Мана шундай ва бошқа кўплаб таҳдидлар инсоният ҳаётида жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани ҳақиқат бўлиб, буни ҳеч ким инкор этолмайди.

Президентимизнинг ташаббуси билан саммитда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури қабул қилиниши терроризм мафкурасига қарши қатъий ва барқарор иммунитетни шакллантиришга хизмат қилишини эътироф этиш зарур.

Шунингдек, саммитда давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Шу билан бирга, ШҲТга аъзо давлатлар ёшларининг учрашувларини ўтказиш, уларнинг ўзаро мулоқотини йўлга қўйиш ёшларда турли мафкуравий хуружларга қарши кучли иммунитет шаклланишига хизмат қилади.

Ёшлар — ҳар қандай жамиятнинг эртаси. Уларнинг онги учун вайронкор ҳамда маърифатпарвар ғоялар ўртасида кураш давом этаверади. Ушбу ғоявий курашда эса ўзининг эзгу амалий ҳаракатлари билан ёшларнинг ишончини оқлай олган томон ғолиб бўлади.

Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ташаббуслар, шубҳасиз, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлашга ҳамда Ватанимизнинг халқаро майдонда нуфузини янада оширишга хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.