21.06.2018

ФИКРАТ ДАРҒАЛАРИ

Бугун «Ўзбекистон овози» газетасининг ташкил топганига юз йил тўлди. Бу газета 1918 йил 21 июнда «Иштирокиюн» номи билан саккиз юз нусхада босилган эди. Газета Ўзбекистондагина эмас, бутун Туркистон ўлкасида биринчи миллий матбуот нашри сифатида намоён бўлган. Тарихий манбаларда ёзилишича, газетанинг биринчи сони чиқиши ўлкамизда халқ байрами сифатида нишонланган.

Газетамиз 1920 йил 12 декабрдан «Қизил байроқ», кейинроқ «Туркистон», 1924 йил декабрдан бошлаб «Қизил Ўзбекистон», 1964 йилдан «Совет Ўзбекистони», 1991 йилдан «Ўзбекистон овози» номи билан чиқиб келмоқда.

 

Дилбар МАҲМУДОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

Газета номларининг ўзгариб туриши албатта замон, давр, ижтимоий-сиёсий муҳит талаблари асосида рўй берган.

Бир асрли ёшга кирган мўътабар ва донишманд нашр дарёсидан қанчалаб ижодкорлар сузиб ўтмади. Бу нашр қанчалаб фикрат дарғаларининг ғоялари, захматли дунёлари, кўз нурлари, ақл-заковатлари билан дунё юзини кўрмади. Ана шулардан бири, мен кўрган, билган, кузатган, бир сафда ишлаган устозимиз Мақсуд Қориев ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.

Гапни яхшиси ўзимдан бошлайман. Негаки, ўз муаммоларинг, ўз сўровларинг, сенга берилган топшириқлар ва бу вазифалар юзасидан бўлган мулоқотлар одамни синовдан ўтказади. Ўзаро савол-жавоблар асносидаги қисқа суҳбатлар орқали ҳам одамлар бир-бирларининг кўнгил майллари, феъл-атворлари, дунёқарашларидан маълум даражада бўлса-да огоҳ бўладилар.

...1973 йил, март ойи. «Ўзбекистон овози» газетасига адабий ходим бўлиб ишга келдим. Республикамизнинг энг нуфузли газетасининг мухбири бўлишдек орзуимга эришган эдим. Мени «Ахлоқ-одоб, тарбия» бўлимига ўтказишди. Буниси ундан ҳам соз, кўнглимдагидек. Бошқа йўналишларга қараганда, бу соҳага мойиллигим, қизиқишим кучлироқ. Ҳамма гап шундаки, бошқа бўлимларда икки, уч, қишлоқ хўжалиги бўлимида ҳатто тўрт ижодий ходим фаолият юритар, менинг бўлимимда эса бўлим мудири ҳам, адабий ходим ҳам бир ўзим эдим. Газетамизнинг саноат, маданият, хатлар ва шикоятлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги бўлимлари қизғин фаолият олиб борарди. Улар жўшқин ҳаётнинг қайноқ бағридан нақ тандирдан янги узилган сўлқилдоқ нондек иссиқ нафаси, хушбўй ҳиди гуркираб турган ранг-баранг воқеалар, кўрсаткичлар, янгиликлардан тўхтовсиз хушхабарлар бериб туришарди. Бундай кўтаринки ахборотлар ортида шундай ахлоқий, тарбиявий мезонлар мавжуд эдики, улар парда ортига яширингандек, тезда кўз илғамас эди. Уларни ўрганиш, ибратли мақолалар тайёрлаш учун ҳам вақт, ҳам катта тажриба керак эди. Бундоқ қараганда, буларнинг ҳар иккови ҳам менда етишмас эди. Ишни нимадан, қандай бошлайман, деб фаромуш турганимда, ижодий жамоамизнинг «летучка» деб номланган навбатдаги йиғилишига тўпландик. Ҳафтанинг ҳар душанба ва жума кунлари иш фаолиятимиз ана шу йиғилишдан бошланар эди. Бир ҳафта оралиғида газетада эълон қилинган материаллар, улар каттами, кичикми, бирма-бир таҳлил қилинар, баҳоланарди. Ижодий жараён ҳеч қачон канда бўлмаган. Бундай йиғилишлар қўлига қалам олиб, ҳаёт ҳақиқатлари ҳақида ёзмоққа отланган ёш қаламкашлар учун катта ижод мактаби эди. Бу дорилфунун бошида бағридаги ҳар бир толиби илм аҳлининг лаёқати, иқтидорини ҳис қилаолган, уни тўғри йўлга йўналтира оладиган Мақсуд Қориевдек устоз бўлиши омадимизнинг юришгани эди.

Муҳаррир «летучка»ни бошқарарди. Газетада эълон қилинган бош мақоладан тортиб, оддий ахборотгача, очерк, ҳикоя, шеърий туркумлар, ҳажвиялар, айниқса, фелъетонлар ҳақидаги ижодий ходимларнинг таҳлиллари, фикр-мулоҳазаларини эътибор билан эшитарди. Ҳар гал, албатта, муҳаррир хулосавий фикр билдирар эди.

 «Ўзбекистон овози» газетасида сиёсий ахборотларга, кенг ўрин берилиши табиий ҳол. Лекин матбуот аввало халқ юзи, у халқ ҳаётидан узилиб қолса, унда миллат орзу армонлари ҳақида ёзилмаса, бундай матбуотнинг ҳурмати қолмайди.

Муҳарриримиз дастлаб ишга келганимда, Ахлоқ, одоб, тарбия бўлими соҳасига алоҳида тўхталди:

— Редакция ўз ўқувчиларидан ҳар куни юзлаб хат-хабарлар олаяпти. Уларни ўқиб, халқимиз одоб-ахлоққа доир чиқишларга муҳтожлигини сезасан. Бу борадаги ишларимиз мақтовга сазовор эмас. Уни жонлантириш керак, янгилаш керак. Тарбиявий ишларни асосан мактабга, оилада онага ва яна она зиммасига юклаб қўймаяпмизми?! Оталар қаерда?! Нега кексаларга суянмаймиз, ахир, улар бизнинг олтин захираларимизку!

Бу сўзларни эшитиб, ўйланиб қолдим. Аслида ахлоқий, тарбиявий мавзулар кўнглимга жуда яқин. Нақ дутор торларидек таранг тортилиб, созлангану, чертмоққа ҳозир-нозиру, лекин чалиб юбормоққа бир туртки етишмаётгандек эди. Етишмаётган туртки ажаб эмаски, муҳарриримизнинг мана шундай даъватлари, талабчанликлари туфайли менга етиб келгандир.

Ўша йили Бешқайрағочга яқин Хондамир бекатидаги янги ҳовлимизга кўчиб келганмиз. Маҳалламиз «Шарқ юлдузи» номи билан аталар, ундаги уч юз хонадон ҳам бу ерга бирин-кетин кўчиб келган оилалар эди. Уларнинг аксарияти биз каби 1966 йилги Тошкент зилзиласидан зарар кўриб, давлат ҳар қайсимизга ер ажратиб берган, қурилиш ҳамон давом этарди.

Бу жойлар шаҳар четидаги колхоз ерлари бўлиб, унда-бундаги мевали дарахтларни ҳисобга олмаганда, яйдоқ дала эди. Кўчалар ажратилмаган, йўллар ўнқир-чўнқир, тоза сув танқис, машиналарда ташиб келтириб, аҳолига тарқатилар, озиқ-овқат магазинлари йироқ, транспорт қатнови ёмон. Буларни йўлга солиш, авлоқ гўшани обод этиш учун давлат кўмагидан ташқари аҳоли сафарбарлиги ҳам зарур эди. Нафақадаги маҳалладошимиз Ҳакимхўжа Қодирхўжаев каби кекса отахонларимиз бел боғлаб ҳашарга шайландилар. Йўллар текисланди, кўчаларга тунги чироқлар ўрнатилди, маҳалла идораси ҳашар йўли билан қуриб битказилди. Бир йилга қолмай хароб гўша гўзал масканга айланди қолди. Бу хайрли ишларга бош-қош бўлган кексаларимиз, фахрийларимиздан Ҳакимхўжа отамиз меҳрибон оталиги, устозу каломлиги, донишманд фикр-мулоҳазалари билангина эмас, балки яхши ота, яхши қайнота экани билан ҳам маҳалладошларга ибрат бўлаолади.

Отахоннинг ҳаёт тажрибасидан ҳикоя қилгим келди. Номзод муҳарриримизга ҳам маъқул бўлди. Газетамиз фото мухбири Исаак Глоуберзон билан Ҳакимхўжа ота хонадонидан фото лавҳалар олдик. Газетамизнинг 1973 йил 8 апрель сонида «Аҳил оилалар даврасида» рукни остида «Қайнота» деган очерким босилди. Бу редакцияга ишга келганимдан кейинги биринчи ижодий чиқишим эди. Лавҳам жамоа муҳокамасида баҳо олди. Муҳарриримиз олдида юзим ёруғ бўлганди. У шундай деди:

— Очеркда қайнота оила бошлиғи сифатида, хонадон иқлимини бир мезонда бошқариб турадиган адолатли посбон сифатида намоён бўлади. Ота кези келганда қаттиққўл, кези келганда энг меҳрибон инсон. Муаллиф бу меҳр чашмасини шундай ифодалайди: «Ушоқдай меҳр берсанг, у албатта бутун нон бўлиб қайтади...». Очерк менга маъқул, шундай давом этинг...

Орадан бир ҳафтача ўтиб, муҳаррир мени йўқлаётганини айтишди. Қабулига кирсам, иш столи устидан «почта» хатлар орасидан ажратиб қўйилган бешта конвертни олиб, менга узатди: — «Қайнота» очеркингизга вилоятлардан билдирилган фикр-мулоҳазалар. Уларни ижодий архивингизда сақланг, кейинчалик керак бўлади, — деди.

Ижодий архивим ана шу кундан бошланган бўлса ажаб эмас. Айтинг-чи, бундай эътибордан сўнг ким қанот қоқиб ишламайди, ким меҳр кўрган даргоҳини муқаддас уйим-жойим деб билмайди?! Ҳовли-жойим супуриқсиз қолса қоларди, болаларимнинг кир-чирлари вақтида ювилмаса ювилмас, тўй-маъракаларга бормасам ҳам редакция топшириғи менинг ҳаёт-мамотим эди. Вилоятларга ижодий сафар, Тошкентга қайтаётиб йўл-йўлакай кўрган-кечирганларинг, суҳбатлашган қаҳрамонларинг ҳақида ўйлаш, фикрлаш, сен самолётда, поездда, автобусда бораяпсанми, фарқи йўқ, таассуротларни тезроқ қоғозга тушириш, бунга ошиқиш, бу ҳаяжоннинг суратини эртага газета саҳифаларида кўриш завқи ҳамма нарсадан баланд эди...

 

(Давоми кейинги сонда.)

 

Бу сурат 1978 йил газетанинг 60 йиллиги муносабати билан эсдалик учун туширилган.

Биринчи қаторда чапдан биринчи Мақсуд Қориев, учинчи Зиёд Есинбоев.

(Таҳририят архивидан олинди.)



DB query error.
Please try later.