Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
21.06.2018

МУШТИПАР ОНА ҲАЙКАЛИ ЯРАТИЛИШИНИ ТАКЛИФ ЭТАМАН

Ассалому-алайкум ҳурматли таҳририят ходимлари!

Бу мактуб талаб ёки шикоят эмас, таклиф нуқтаи назаридан битилган. Ўтган асрнинг 50-60 йилларида колхоз даласида ўсмир колхозчи бўлиб ишладим. Урушдан кейинги йиллар, қаҳатчилик, кўп эркакларимиз урушга кетиб, қайтиб келмаган, фронтда ҳалок бўлганларнинг бева қолган аёллари, фронтдан ногирон бўлиб қайтган эркаклар ва болалар — ҳамма далада меҳнат қиларди.

Бригадамиз аъзолари йиғиладиган шийпон, Сурхондарё халқи таъбири билан айтганда, хуржин том бўлар эди. Икки хона ўртаси айвон, хоналарнинг биттаси бригадир идораси, яна бири омборхона бўларди. Ўртасидаги катта айвон бола боғча вазифасини ўтар эди. Пахса деворга қозиқ қоқилиб, икки қатор арқондан беланчак ясаларди. Беланчаклар 5-6 тадан 10-12 тагача бўларди. Сабаби, ёш болали оналар пахта даласида ишлаш учун гўдагини шийпонда қолдирарди, вақти-вақти билан келиб, эмизиб кетарди.

Шийпонга уйи яқин оналар боласини бешикка солиб, бир қўли билан бешикни кўтариб, иккинчи қўли билан 3-4 яшар боласини етаклаб келар эди. Болачалар пахта далаларида, эгатларда ухлаб қоларди. Оналар ҳар куни навбат билан боғча опа вазифасини бажарарди, биз уларни муштипар она, деб атардик. Гўдакларга ҳам шийпонда пишириладиган умумий ёвғондан берилар эди.

Ўша пайтда ҳам бола боқиб, ҳам далада эркаклар билан теппа-тенг ишлаган матонатли, метин иродали оналаримизнинг сабр-бардоши ҳар қанча мақтов ва таҳсинга лойиқ, деб ўйлайман. Бундай ҳолат, оналар ҳаёти фақат бизнинг вилоятда эмас, балки республикамизда ана шундай ночор тарзда бўлган.

Юртимиз мустақилликка эришганидан кейин аёл зотини бундай оммавий тарзда оғир меҳнат қийноқларига солишларга барҳам берилди, ёш авлод таълим-тарбияси учун фақат ота-она эмас, балки боғча, мактаб, маҳалладан тортиб бутун жамият масъул, деб белгиланди.

Юртимизда аёл зотини улуғлайдиган, унинг машаққатли ҳаёт йўлини ўзида намоён қиладиган ҳайкаллар кўп. Менинг таклифим — мамлакатимиз марказида, барча вилоятларида иккинчи жаҳон урушида севимли ёридан, фарзандларидан жудо бўлиб, чуқур қайғуга ботган она ҳайкаллари бунёд этилган ва у «Мотамсаро она» деб номланган. Унинг чеҳрасида акс этган қайғу-изтиробни, ғам-аламни ҳеч қандай мусибат билан тенглаштириб бўлмайди. Лекин шу билан бирга, оғир мусибатларни бошидан кечирган. Халқимиз мустақиллик кунларига етди, ўз келажагини ўзи мустақил белгилиш ҳуқуқига эга бўлди.

Демак, ҳаёт давом этмоқда. Шунинг учун ҳаёт фақат қайғу-ғамдан иборат эмас, балки, шоду хуррамликлар ҳам меҳри дарё оналаримиз, аёлларимизга ярашишини амалда исботласак, жуда яхши бўларди.

Юртимизда аёлларимиз шарафига Тож Маҳалга ўхшаган дурдона бир сарой қурилиб, унга «Муштипар она» ҳайкали ўрнатилса, ўша жой турмуш қураётган ёшлар, боғча болалари, мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари, олий ўқув юрти талабалари, халқимизнинг энг севимли зиёратгоҳига айланса, бу ҳаммамиз учун ибрат ва қадрият масканига айланарди. Аёлларимиз ана шундай эҳтиромга лойиқ, деб ўйлайман.

 

Сулаймон бобо МАВЛОНОВ,

Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Галагузар маҳалласи.



DB query error.
Please try later.