21.06.2018

ПОКИЗАНИНГ ПОК НИЯТЛАРИ

Партиямизнинг ёш аъзолари, фаоллари, хайрихоҳлари Бўстонлиқ туман мусиқа ва санъат мактаби залида «Ёш сиёсатчи — 2018» танловининг Тошкент вилоят босқичи бошланишини кутишмоқда. Айниқса, ғолиб бўлишни ният қилган 18 нафар иштирокчининг ҳаяжони чексиз.

Суҳбат мобайнида йигит-қизлардаги қатъият, ўзига ишонч, илмга ташналикни кўриб, хурсанд бўлдик. Айниқса, бекободлик Покиза Холбўтаеванинг фикрлари эътиборимизни тортди.

— Турли тадбирларда иштирок этаётган фаол тенгдошларимизни телевизордан кўриб, ҳавас қиламан, — деди Покиза Холбўтаева. — Ўзим ҳам келажакда ташқи ишлар вазирлиги ходими бўлмоқчиман. Инглиз ва рус тилларини биламан. Ҳозир француз ва япон тилини ўрганяпман. Сизга бир орзуим ҳақида айтмоқчиман. Оилада тўрт қизмиз. Мен кенжасиман. Опаларим олий маълумотли. Улар бугун турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда. Мен келажакда Японияда таҳсил олишга аҳд қилганман.

Танловда иштирокчилар уч шарт асосида баҳслашишди. Ўз имкониятлари, билим даражаларини синовдан ўтказишди. Биринчи шартда ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашга қаратилган инновацион лойтиҳалар намойиш этилди.

— Кўп қаватли уйда тураман, — деб сўз бошлади Чирчиқ шаҳридан Дилмурод Саримсоқов. — Шу боис у ердаги муаммоларни яхши биламан. Биз яшаётган уй қиш кунлардагина иссиқ сув билан таъминланади. Шунда ҳам босим кўнгилдагидек бўлмайди. Янги қурилаётган уйлар алоҳида иситиш тизимига эгалигини билдим. Бунинг учун махсус ускуна ўрнатилаётган экан. Ўзим яшайдиган ҳудудда буни жорий этиш бўйича лойиҳа тайёрладим. Дастлаб қурилманинг ишлаш тартиби, ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти билан яқиндан танишдим. Кейин ҳудуддаги аҳоли фикрини ўргандим. Лойиҳа амалга ошса, ҳар бир хонадон ўз эҳтиёжига кўра иссиқлик билан таъминланишига эришилади.

Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаси эълон қилинди. Унга кўра, Оққўрғон туманидан Роза Зокирова учинчи, Ангрен шаҳридан Аҳмадхонов Хайруллахон иккинчи, Бекобод туманидан Покиза Холбўтаева биринчи ўринни қўлга киритди ва республика босқичига йўл олди.

Танловда қатор номинациялар бўйича ҳам совриндорлар тақдирланди.

 

Гулшода АБИЛОВА



DB query error.
Please try later.