Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
21.06.2018

ДЕҲҚОНЛАРНИНГ ДАРДУ ТАШВИШИ

Олтинсой туманида эртапишар картошка ва пиёз мўл бўлди.

Аммо харидор йўқ, ҳосил нобуд бўлмоқда.

Бугун Сурхондарёда эртапишар картошка ва пиёз нарх-навоси ерга тушиб кетгани, сотиш муаммо бўлаётгани кўп гапириладиган бўлиб қолди. Фермерлар ва томорқа ер эгалари меҳнатига куйиб қолаётганидан ёзғиради. Бу масалани атрофлича ўрганиш, деҳқонлар-у депутатларнинг фикрини билиш мақсадида Олтинсой туманида бўлдик.

Вилоят марказидан 160 километр олисда жойлашган бу туманда 169 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Уларнинг асосий даромади, туриш-турмуши томорқа, деҳқончилик ортидан.

Бу йил 80 дан ортиқ хўжалик ҳамда 28 мингдан ортиқ томорқа ер эгаси 1 минг 500 гектарга яқин майдонда картошка ва пиёз етиштирди.

Ҳудудимизда 3 минг 240 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Экраз» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эркин Қодиров. Ўнлаб фермер хўжаликлари ҳамда 30-35 фоиз аҳоли томорқаларида картошка ва пиёз экилган. Ҳозир 360-370 тонна маҳсулот тайёр, аммо харидор йўқ. Тадбиркор ниқобидаги айрим «ишбилармонлар» пиёзнинг килосини 150-200 сўм, картошкани эса 400-450 сўмдан сўраб келишаяпти. Ахир бу деҳқоннинг уруғ учун сарфлаган пулиниям қопламайди-ку...

Олти нафар фарзандимиз бор, — дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Ҳабиба Абдуғаффорова.Йўғон чўзилиб, ингичка узилган паллада тўрт кило пиёз уруғни 2 миллион 400 минг сўмга олиб, иккита томорқага сепгандик. Минерал ўғит, турли кимёвий восита ва бегона ўтдан тозалаш ишларига ҳам 3,5-4 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Ана, 13-15 тонна маҳсулот турибди, ҳеч ким сўрамайди. Хас-хашак билан ёпилган бўлса-да, саратоннинг жазирамасида айнияпти.

Кўпчилик картошка-пиёз эккан, — давом этади қўшни аёл Зархол Авазова.Саккиз тоннага яқин пиёзнинг пулини набирамнинг контракт тўловига бермоқчи эдик. Энди қандай йўл тутишни билмай бошимиз қотган. Бир неча марта маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда туман ҳокимлиги мутасаддиларига мурожаат қилдим. Аммо улар ҳам масалани ҳал қилишолмади.

Чорвачилик қирқ йилда, деҳқончилик бир йилда, деган нақл бор, — фикр билдиради «Абдусалом-Салоҳиддин» фермер хўжалиги раҳбари Салоҳиддин Абдусаломов.Баҳорнинг салқин келгани картошка-пиёз етиштирганлар учун айни муддао бўлди. Аммо маҳсулот хариди борасида жиддий муаммога дуч келдик. Ёз бошлангунга қадар 30 миллион сўмдан ортиқ зарар кўрдим. Илк ҳосил — 20 сотихга экилган карамнинг бир килосини ҳам сотолмадик. 20 тоннадан ортиқ пиёз эса дарвозахонада турибди. Бугун-эрта 40 сотихдаги картошка ҳам терилади. Махсус омбор ёки ертўламиз йўқ. 60 тоннадан кўпроқ картошка-пиёзни қандай сақлашга ҳайронман...

Ердан унумли фойдаланиш инсоний бурчимиз, — дейди Ўзбекистон ХДП Олтинсой туман кенгаши раиси, халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Рўзибой Лапасов.Январь-март ойларида паррандачиликни йўлга қўйиш, асаларичиликни яхшилаш, узумчиликни ривожлантириш ва томорқалардан унумли фойдаланиш борасида 200 дан ортиқ учрашув ташкил қилинди. Тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида одамларнинг ерга ва мулкка бўлган муносабати ўзгарди. Бу яхши, албатта. Аммо деҳқонларимиз картошка ва пиёзни сотишолмаяпти-да...

Хўш, энди нима қилиш керак?! Бунинг учун экспортни кенгайтириш бўйича пухта ўйланган чора-тадбирларни кўриш зарур эди. Йиллар давомида пайсалга солинган иш бугун салбий оқибатларга олиб келди. Масалан, жорий йилнинг беш ойида туман бўйича 16 миллион 700 минг долларлик маҳсулот экспорти кўзда тутилган бўлса-да, амалда бу 1 миллион 700 минг доллар ёки бор-йўғи 10 фоиздан сал ортиқни ташкил қилган, холос. Иккинчидан, қайта ишлаш борасида ҳам ечимини кутаётган муаммолар оз эмас. Бундан 15-20 йил аввал «East west Surxon» қўшма корхонаси фаолият бошлаганди. Дастлабки даврда карам, сабзи, пиёз ва бошқа маҳсулотлар «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи билан хорижга экспорт қилинди. Аммо сўнгги йилларда бу борадаги кўрсаткич ҳам кескин камайди. Йирик корхона бор-йўғи 39,5 фоиз қувват билан ишлаётган экан. Яна бир йирик мажмуа — «Олтинсой мева шарбатлари» масъулияти чекланган жамиятининг эса ному бор-у, аслида ўзи йўқ. Бу ерда икки йилда бирор кило маҳсулот ҳам қайта ишланмаганини қандай изоҳлаш мумкин?!

— Бу йил, ҳақиқатан ҳам, картошка ва пиёз мўл бўлди, — дейди халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Баҳодир Тоғаев. — Бугун маҳсулотни увол қилмаслик чораларини кўриш керак. Узумчилик, боғдорчилик ва мева-сабзавотга ихтисослашган Олтинсойда кўплаб нуқсонлар борлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатаяпти. Умумий қуввати 2 минг 655 тоннани ташкил қиладиган 7 та захира омбор ва совиткич камералари камлик қилиши табиий. Шундай экан, кичик ҳажмдаги мажмуалар барпо қилиш ҳақида ўйлаш керак.

— Қирқ беш йилдан ортиқ қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилдим, — дейди меҳнат фахрийси Яззон Ҳайитқулов. — Бугунги кунда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил қилинган жамоатчилик асосидаги махсус ишчи гуруҳда фаолият кўрсатаяпман. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўтган икки йилда тармоқ тубдан ислоҳ қилиниб, кўплаб қулайликлар яратилди. Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг уруғлик картошка сотиб олишлари учун кредит берилгани тарихий янгилик бўлди. Бундан ташқари, маҳсулот етиштиришга мўлжалланган кенг майдонлар ажратилди. Техника ва минерал ўғит масаласида муаммо бўлгани йўқ. Маҳсулот хариди борасида ҳам ана шундай мукаммал тизим яратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Таъкидланганидек, баҳорги картошка ва пиёзнинг сотилмаётгани нафақат олтинсойлик деҳқонлар, балки минглаб воҳалик миришкорларнинг ҳам дарду ташвишига айланган.

— Халқимизни қийнаётган муаммони бартараф қилиш борасида махсус дастур асосида иш олиб борилаяпти, — дейди халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Бахтиёр Аҳроров. — Сурхондарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида бир гуруҳ ишбилармонлар яқинда Австрия, Венгрия, Словакия, Тожикистон, Афғонистон ва бошқа хорижий мамлакатларда бўлишди. Воҳанинг экспорт-импорт салоҳиятини яхшилаш мақсадида бир неча ўн миллион долларлик шартномалар имзоланди. 2-3 июнь кунлари эса Термиз шаҳрида «Open South Internotional Business Forum» (Очиқ жануб) халқаро бизнес-форум ташкил қилинди. Кўтаринки руҳда ўтган анжуманда дунёнинг йигирмадан ортиқ давлатидан келган 180 нафарга яқин ҳамкорлар билан озиқ-овқат, текстиль, қурилиш, чарм маҳсулотларини ишлаб чиқариш, мева-сабзавотни қайта ишлаш, иссиқхоналар ташкил қилиш, интенсив боғлар яратиш ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 365,5 миллион доллардан ортиқ манфаатли келишувга эришилди. Ана шундай истиқболли лойиҳалар барқарор ривожланиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва юзлаб янги иш жойлари яратишда мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонаман.

— Президентимиз раислигида жорий йилнинг 29 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизнинг экспорт-импорт салоҳияти ва бу борада йўл қўйилган камчиликлар хусусида алоҳида сўз юритилди, — дейди Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Азизжон Абдулфаизов. — Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2018 йилнинг ўтган беш ойида вилоятимизнинг ташқи савдо айланмаси 212 миллион 436 минг долларни ташкил қилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 143,3 фоизга кўпайганидан далолат беради. Экспорт қилинган маҳсулотлар ҳажми эса 60 миллион 318 минг доллардан ошган. Мазкур кўрсаткич ҳам 2017 йилнинг беш ойига қараганда 60,5 фоизга кўпайган. Бу борада Россия, Афғонистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Хитой, Украина ва бошқа мамлакатлар етакчилик қилмоқда. Хулоса қилиб айтганда, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин яхшиланаяпти.

— Жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда, — дейди академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтига қарашли Сурхондарё илмий тажриба станцияси илмий ходими Неъматулло Астанақулов. — Шундан келиб чиқиб, картошка ва пиёзни сақлаш, тўғрироғи, асраб қолиш чораларини кўришимиз керак. Бунинг учун офтоб тушмайдиган жойлардан фойдаланишни тавсия қилган бўлардим. Сараланган маҳсулот 15-20 сантиметр қалинликда ёйилса, узоқ муддат бузилмай туради. Шунингдек, хонадонлардаги ертўла ва омборхоналар ҳам бу борада қўл келиши тайин. Айрим юртдошларимиз маҳсулотни сақлаш учун кимёвий восита ва препарат ишлатаётганини ҳам эшитяпмиз. Бундай пайтда мутахассислар билан маслаҳатлашиб иш тутиш керак.

Бир хил рақамларга қарасангиз, фикрларга қулоқ солсангиз, гўё ҳаммаси яхши бўлаётгандек. Божхона бошқармаси ахборотидаги катта-катта фоизлар, тадбирлар, истиқболли шартномалар... Буларнинг ҳаммаси яхши. Лекин асосий савол барибир очиқ қолмоқда...

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

Таҳририятдан:

Мақолада кўтарилган масала минглаб оилаларнинг рисқ-насибаси, ижтимоий ҳимояси билан боғлиқлиги учун ҳам жиддий эътиборни талаб этади, деб ўйлаймиз.

Қанча меҳнат, сарф-харажат эвазига етиштирилган мўл ҳосил сотилмай, нобуд қилиб кетишига бефарқ қараб бўлмайди. Ҳар бир ҳудудда туман ҳокимлигидан тортиб, тадбиркорлар палатаси, фермерлар уюшмаси каби бевосита масъуллар, сиёсий партиялар, маҳаллий кенгаш депутатлари бор. Демак, улар томонидан ички ва ташқи бозорни ўрганиш, экспортни ташкил этиш масаласига жиддий эътибор қаратилиб, зурур чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган.

Ўйлаб кўрайлик, қайсидир юртда одамлар тупроққа зор ёки қурғоқчилик оқибатида бир ҳовуч ҳам ҳосил ололмай армонда. Биз эса сахий заминимизда мўл ҳосил етиштириб, уни қаерга, қандай сотишни билмай чиритиб, увол қилиб ўтирсак, бунга ким жавоб беради?

Бу муаммони турли баҳоналар билан хас-пўшлаб бўлмайди. Чунки мамлакатимизнинг бошқа туманларида ҳам бундай ҳоллар йўқ эмас. Демак, ўйлаш, излаш, ечим топиш керак бўлади.



DB query error.
Please try later.