19.06.2018

ЭНГ КАТТА ВАЗИФА ИШОНЧНИ ОҚЛАШДИР

Тошкент шаҳри туманларида халқ депутатлари Кенгашлари ташкил этилганига ярим йил бўляпти...

Ўтган йили июль ойида Олий Мажлис палаталари ва ­сиёсий партиялар вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни тубдан кучайтириш, давлат бошқарувида сиёсий партиялар ва халқ вакилларининг таъсир кучини ошириш билан боғлиқ долзарб масалалар хусусида танқидий фикрлар билдирилган, кўплаб таклиф ҳамда ташаббуслар илгари сурилган эди. Хусусан, Тошкент шаҳри туманларида халқ депутатлари Кенгашларини ташкил этиш ишлари бошлангани, сайлов жараёнидан тортиб барча масалаларда пойтахтдаги маҳаллий Кенгашлар фаолияти ҳар томонлама намуна бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланган эди.

Ана шу ташаббус асосида ўтган йили 24-декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига ­сайлов ўтказилган, унинг якуний натижаларига кўра, Ўзбекистон Халқ демократик партияси жами 50 депутатлик ўрнини қўлга киритган, партия гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган эди. Мана, сайловдан кейин қарийб ярим йил вақт ўтди. Шу муддат ичида депутатлар фаолияти қандай йўлга қўйилди, нима ишлар қилишга улгурилди? Туман Кенгашлари фаолия­ти самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бор?..

Шу каби саволларга жавоб олиш учун Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига Ўзбекистон ХДПдан сайланган депутатлардан бир гуруҳини таҳририятимизга таклиф этиб, давра суҳбати ўтказдик.

 

 

Давра суҳбатини «Ўзбекистон овози» ва ­«Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар Остонов олиб борди:

— Республикамизнинг барча ҳудудларида туман Кенгашларига депутатлар сайланарди. Аммо бу амалиёт Тошкент шаҳри туманларига жорий қилинмаган эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан пойтах­тимизда туман Кенгашларига сайлов ўтказилди. Бу жойлардаги ҳақиқий аҳволни чуқурроқ ўрганиш, аниқланган муаммолар ечимлари бўйича ижро ҳокимиятига таклифлар бериш, янгидан-янги ташаббуслар билан чиқишда катта аҳамият касб этади.

Мана, яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган ўрганиш жараёнларида аҳолини, айниқса, эҳтиёжманд кишиларни узоқ йиллардан бери қийнаб, очиғини айтганда, азоблаб келаётган муаммоли ҳолатлар аниқланди, уларнинг аксарияти марказий телеканал­ларда бир неча марта кўрсатилди. Бу аянчли муаммоларни бартараф этиш, соғлиғини йўқотган, эрта-индин нураб тушиш хавфи бор уйларда яшаётган кишиларга тизимли ёрдам бериш туман Кенгашлари депутатлари зиммасига икки ҳисса кўпроқ масъулият юклайди, албатта.

Сайловдан кейин орадан деярли 6 ой вақт ўтяпти. Бу даврда депутатларимиз қандай таклиф ёки ташаббуслар билан чиқди? Депутатларимиз ўз ҳудудида партиямиз электоратини ўйлантираётган қандай муаммоларни ҳал қилишга эришди? Қайси масалаларда депутатлик сўрови билан чиқилди? Туман раҳбарларининг депутатлар фикри ва ташаббусларига муносабати қандай?

Бугунги давра суҳбатида шу каби масалалар хусусида фикрлашмоқчимиз.

 

Тошниёз АҲМЕДОВ, халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари, Тошкент молия институти қошидаги молия академик лицейи директори:

– Аввало, мутасадди идораларда депутатларга бўлаётган муносабат хусусида тўхталиб ўтмоқчиман. Туман ҳокимияти ёки бошқа ташкилотларга мурожаат қилганимизда, беписанд қараш ҳоллари учраяпти. Депутатга муносабат шу бўлса, оддий одам додини кимга айтсин, деб ўйлаб қоламан рости. Ўтган қисқа фурсатда баъзи масъуллар билан мазкур масалада тортишишга ҳам тўғри келди. Сессияларда ҳам бунга алоҳида тўхталиб ўтдим. Ўйлайманки, ҳар бир депутат талабчанлигини сусайтирмаса, албатта давлат идораларида туман кенгаши депутатига муносабат ўзгаради.

Давлатимиз раҳбари депутатларга катта ишонч билдирди. Биз бу ишончни оқлаш учун қаттиқ меҳнат қилишимиз керак. Кимларнинг­дир кўнглига қараб, яна кимгадир юзхотирчилик қилсак, халқ вакили деган юксак шарафга доғ туширган бўламиз...

Сайланган округимда истиқомат қилаётган аҳоли билан мулоқот қилишни йўлга қўйганмиз. Мулоқот пайтида кўтарилган масалалар асосида турли давлат идораларига 15 марта депутатлик сўрови юбордим. Ижобий мазмундаги жавоб хатлари олдим. Аммо, очиғи, айрим масалалар ҳамон ечимини топгани йўқ. Хусусан, маҳаллалардаги ички йўллар таъмири бўйича юборган депутатлик сўровини шундай сўровлар сирасига киритиш мумкин.

 Уй-жой мулкдорлари ширкатлари тизимидаги муаммолар бугунги кунда энг оғриқли нуқталаримиздан, десак муболаға бўлмайди. Бир нечта ширкатга бир киши раҳбарлик қилаётган ҳолатлар кузатилди. Натижада соҳада муаммолар тўпланиб қоляпти. Аъзолик бадаллари ўртасидаги катта фарқ ҳам аҳоли норозилиги ошишига сабаб бўлмоқда. Тўпланган бадал пуллари сарфи билан бажарилган иш мутаносиб эмаслиги кишини ўйга толдиради.

Фаолиятим мобайнида маҳалламиздаги оилавий поликлиникада патронаж хизматининг қай даражада йўлга қўйилганини ўргандим. Даволанишга муҳтож эҳтиёжманд оила вакилларининг бепул даволанишлари борасида туман тиббиёт бирлашмасига бешта депутатлик сўрови юбордим. Шундан учтаси ижобий ечим топди.

Молия академик лицейида фаолият юритаман. Ушбу муассаса номзодим кўрсатилган сайлов округида, яъни «Обод» ва «Посира» маҳаллалари ҳудудида жойлашган. Шу боисдан ҳам аҳоли вакилларини яхши танийман. Сайловчилар билан кунора суҳбатлашамиз. Аниқланган муаммоларни қоғозга тушираман. Ҳудуддаги ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни жадвал кўринишига келтирдим ва уларни босқичма-босқич ҳал этиб боряпмиз.

«Боғибўстон» маҳалласида умумий ётоқхона мавжуд, бино аҳволи ниҳоятда оғир. Яқинда ташкил этилган комиссия аъзолари билан у ерни ўрганишни бошладик. Поллар кўчиб кетган, ошхонада оёқ қўйишга жой йўқ. Ҳожатхонадаги канализация яроқсиз ҳолатда. Ўрганишлар натижасида аниқланган муаммолар юзасидан таклифлар ишлаб чиқдик. Ётоқхона биноси республика миқёсидаги инвестиция дастурига киритиладиган бўлди.

Сессияларда ҳудудий раҳбарларнинг ҳисобот бериш амалиёти жорий этилган. Аммо ҳисоботлардаги маълумотларнинг барчаси ҳам тўғри, ҳаққоний маълумотларга асосланган, дея олмаймиз. Шу масалада менинг таклифим бор. Муайян соҳа ёки тармоқ раҳбари ҳисобот берганидан кейин ўша тизимдаги ҳолатни чуқур ўрганиб, таҳлил қилиш лозим. Кўрайлик, ҳисобот ва ҳаёт бир-бирига қанчалик тўғри келади.

Вакиллик ҳокимияти иш самарадорлигини ошириш учун менинг яна бир таклифим бор. Депутатларнинг фикр-мулоҳазаларини бир ерга жамлаб, умумлаштирадиган марказ ташкил этиш керак, деб ўйлайман. Ушбу марказ таклифлар, таҳлилларни ҳал қилувчи кучга эга бўлган органларга етказади.


Омонулла МУТАЛОВ, халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари, «Чилонзор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Маҳалламиз 1934 йилда ташкил топган. 1945 йилдан 1960 йилларгача бобом, ундан кейин 1990 йилгача отам раислик қилган. Мен эса маҳаллага 28 йилдан буён раислик қиляпман. Маҳалламизда 5600 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Депутатликка номзодим қўйилишидан олдин 1200 ўринга мўлжалланган мактаб, 4200 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси биносини қуриш таклифи билан чиқдик. Ҳозирда қурилиш ишлари бошланган.

Маҳалламиз аҳли ўзига тўқ. Тўғриси, бизда кам таъминланган оилалар йўқ ҳисоби. Ҳамма ишли, уйли-жойли. Тушунаман, бу маълумотга бироз ишониш қийин. Маҳалламизда тадбиркорлар кўп. Улар ишсиз юрган маҳалладошларини ёнига олиб, кўмаклашади.

Кўпчилик инсонлар дам олиш учун оромгоҳларга, санаторийларга боришади. Менинг севимли масканим эса маҳалла идорасидир. Фақат шу ерда ором олгандек бўламан. Иложи бўлса, йигирма тўрт соат идорада бўламан. Эрта тонгда ва кечки маҳал маҳаллани бир айланиб, кунлик вазиятни ўрганаман. Маҳалланинг, у ерда яшаётган оилаларнинг тарихини биламан. Бу ҳам депутатлик, ҳам раислик фаолиятимда қўл келади. Маҳалланинг каттасидан кичигигача яхши танийман. Болалар айб иш қилса, ота-боболарини эзгу ишларидан мисол келтириб, уларга муносиб бўлишга чақираман. Барча болаларнинг исмини ёддан биламан. Ҳудудимизда битта кутубхона, икки футбол майдони, сузиш ҳавзаси фаолияти йўлга қўйилган. Аҳолимиз бундан мамнун.

Юртбошимиз нима деяпти?.. Одамлар бугун яхши яшаши керак, деяпти. Бу гапнинг тагида катта маъно бор. Яхши ҳаёт учун аввало одамнинг ўзи ҳаракатчан бўлиши керак. Албатта, бунинг учун раҳбарлар, депутатлар одамларни қўллаб-қувватлаши лозим. Ҳар бир оилага кириб, мулоқот қиляпмиз. Бу ўзига хос анъанага айланиб қолди.

Рамазон ойида маҳалламиздаги саховатпеша инсонлар билан бирга хайрли ишларга бош-қош бўлдик. 30 нафар инсонга моддий ёрдам кўрсатилди. Шу ойда нуронийларимиз оладиган ёш билан боғлиқ нафақа пули белгиланган муддатдан кеч қолишини билдиришди. Бу масала юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, маҳалламиздаги нуронийлар нафақасини ўз вақтида олишини таъминладик.

Президентимиз июнь ойи бошида шаҳар айланганидан кейин туманимизда ишлар янада жадаллашиб кетди. Белгиланган комиссия ишга тушди. Уч марта ўрганиш ишларини олиб борди. Бирор оила эътибордан четда қолмади.

Ҳаётда шундай одамларни учратамиз: яхши турмуш кечирадиган, бола-чақаси бор, лекин отаси ёки онаси ёлғизликда, муҳтожликда яшайди. Билимли, ҳунарли, маърифатли оилаларни кўп­роқ намуна, ўрнак қилиб кўрсатишни изчил йўлга қўйишимиз жоиз. Болаларга тўғри тарбия бериш керак. Ким хор бўлади? Ўтмишини суриштирса, боласига тўғри тарбия беролмаган, ўрнак бўла олмаганлар...

Муҳтож кишига бир марталик моддий кўмак бериш билан масаланинг охирига ҳеч қачон етиб бўлмайди. Бунинг учун тизимда янгилик қилиш, одамларнинг дунёқарашини ўзгартириш лозим бўлади. Акс ҳолда муаммонинг илдизига етмасдан, уни юзаки бартараф этиш билангина чекланаверамиз. Айниқса, биз, депутатлар бу масалада янгича фикрлашимиз, масалага янгича ёндашишимиз лозим. Бир файласуф айтганидек, одамларга балиқ бериш керак эмас, уларга «балиқ тутишни» ўргатишга интилишимиз зарур.

 

Мирзоҳид ХИДИРОВ,халқ депутатлари Сергели туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари, туман партия кенгаши раиси:

— Тошкент шаҳрида туман Кенгашлари ташкил этилгани нақадар тўғри иш бўлганига фаолиятимиз мобайнида амин бўлмоқдамиз. Туман Кенгашидаги партиямиз гуруҳи алкоголь маҳсулотларини қуйиб сотиш шохобчалари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича сессияга масала олиб чиқди. Таклиф сессияда маъқулланди ва тегишли қарор чиқарилди. Туман солиқ идораси ва ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда ҳудудимдаги учта ана шундай шохобчани ёптирдик. Бу жиноятчиликнинг олдини олишда, муҳитни соғломлаштиришда катта қадам бўлди, деб ўйлайман.

Шунингдек, туманимизда ногиронлиги бўлган шахсларга яратилган ша­роитларни ўргандик. Ўрганишлар жараёнида қатор давлат идораларида, ­дорихоналар ва поликлиникаларда пандуслар ўрнатилмагани, борлари ҳам талаб даражасида эмаслиги аниқланди. Ишчи гуруҳ тузилди. Доимий комиссия йиғилиши ўтказилиб, сессияга киритишга тайёрланди. 196 дорихона ва ижтимоий объектларда пандуслар белгиланган қоидаларига кўра, бир ой муддатда ўрнатилишини таъминлашни мақсад қилганмиз. Натижада электоратимизни бир неча йиллардан буён ўйлантираётган масала ўз ечимини топади.

Тошкент шаҳри ва республикамизнинг турли ҳудудларида катта миқёсда ободонлаштириш ишлари олиб борил­япти. Сергели туманида ҳам арзонлаштирилган уй-жойларнинг қурилиши жадаллик билан бормоқда. Бундай уй-жойларга эгалик қилиш учун тегишли комиссияга ариза топшириш талаб этилади. Комиссия қарорига кўра, уйга эгалик қилиш мумкин бўлади. Аҳоли вакилларидан комиссия фаолиятида шаффофлик таъминланмаётгани борасида мурожаатлар бўлди. Партия гуруҳимиз ташаббуси билан туман ҳокимлигига мурожаат қилдик. Партиямиздан сайланган депутатлар уй-жой комиссиясида кузатувчи сифатида иштирок этишига рухсат сўрадик. Таклифимизни туман ҳокими қўллаб-қувватлади. Шундан буён барча комиссия ишида кузатувчи бўлиб қатнашяпмиз.

Очиғини айтиш керакки, комиссияда аҳоли шароитини тўлиқ ўрганиш имкони мавжуд эмаслигини билдик. Мазкур масалада таклифимизни бердик. Унга кўра, мурожаатчининг оилавий шароитини ўрганишда ҳудуддан сайланган депутат ёрдам берадиган бўлди.

Мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, оилавий поликлиникалардаги ижтимоий ҳолатни ўргандик. Аниқланган камчиликлар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди ва тегишли ташкилотларга юборилди.

Бизнинг туманимизда ҳам ширкатлар масаласида кўп шикоят бўлади. Шундай шикоятларнинг бирида уйнинг том қисмини таъмирлаш масаласида ёрдам беришимизни сўрашган. Муаммо бир неча йилдан бери ҳал бўлмаётганини маълум қилишган. Шунга кўра, «Фидойи ёшлар» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига депутатлик сўрови билан чиқдим. Ўн кун ичида ширкатнинг йиллик дастурини олдим. Таъмирлаш ишлари йиллик дастурга киритилмаганини аниқладик. Банк ходимлари билан маслаҳатлашдик. Улар ширкат таъмирни йиллик дастурга киритса, кредит ажратишларини айтишди. Масала ижобий ҳал этилди.

Илгари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларига 8-9 маҳалла бириктириб берилганди. Туман депутати эса икки маҳалла ҳудудида фаолият олиб бормоқда. Бу депутат билан аҳолини яқинлаштирди. Муаммоларни чуқурроқ ўрганишга ша­роит яратиб берди. Иккинчи томондан аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга ҳам катта ёрдам беряпти. Масалан, янги чиқаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳияти билан аҳолини таништириб ­боряпмиз. Одамлар манфаатдорликларини ҳис этиб, ўзлари изланишни бошлашяпти. Бу энг асосий ютуқларимиздан бири, деб ўйлайман.

Депутат сўровларига доим ҳам муносабат яхши эмас. Биз сўровларга белгиланган муддатда жавоб берилмаган тақдирда, қонунда белгиланган жавобгарлик қўлланишига ҳаракат қилишимиз керак. Бир бор депутатлик сўровига беписанд­лик оқибати қандай бўлишини кўрсатсак, қолганлар шунга қараб муносабатда бўлади.

 

Аваз КАРИМОВ, Миробод туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари, «MEGAMAХTOUR» масъулияти чекланган жамияти директори:

— Абдулла Авлоний маҳалласидан депутат этиб сайланганман. Маҳалладаги 39 та кўп қаватли уйда 6120 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шуларнинг 5300 таси сайловчилар. Сайланганимдан сўнг даст­лаб ишимни туманимизнинг демографик, географик тузилиши қандайлигини, аҳолининг турмуш шароитини ўрганишдан бошладим. Шу орқали муаммоларни аниқ тасаввур қилиш мумкин. Бугунги кунда туманимизда 130 минг аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, демак, уларнинг шунга яраша фикри, таклифи, муаммолари бор.

Ҳафтада бир марта маҳалла идорасида сайловчилар билан учрашув ўтказиб, уларни қийнаётган масалаларни ўрганиб, ечимини топишга ҳаракат қиламиз. Баъзи бир масалалар борки, ҳал қилишда бир қатор мутасадди раҳбарлар ва ташкилотлар ёрдамига муҳтож бўламиз.

Президентимиз фармони билан ҳар бир туман 4 секторга бўлинган, Абдулла ­Авлоний маҳалласи 2-прокурор секторига қарайди. Ушбу секторда турли партиялардан 7 нафар депутат фаолият юритади. Ҳафтанинг ҳар шанба куни маҳалла аҳли, жамоатчилик билан учрашув ўтказиб, муаммоларни раҳбарлар билан биргаликда ҳал қиламиз. Айтмоқчиманки, давлат органлари ва турли ташкилотлар билан ­депутатлар орасидаги узвий боғлиқлик ўз самарасини бермоқда.

«Шарқ телеком» компанияси билан ҳамкорликда маҳалламиздаги 39 та кўп қаватли уйда яшаётган аҳолини WiFi интернет тизими билан таъминлаш ишларини олиб бор­япмиз. Бугунги кунга қадар 18 та кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар интернет тармоғига уланди.

Ҳозир бир катта лойиҳа устида ишлаяпмиз. Хориждан туризм ва аграр соҳа бўйича катта миқдорда инвестициялар киритиляпти. Насиб бўлса, келгуси йилларда бу лойиҳамиз ўз мевасини бера бошлайди.

Юқорида депутат муаммоларни тизимли ҳал қилиши кераклиги ҳақида фикрлар билдирилди. МЕНДА БИР ТАКЛИФ БОР. Бугунги кунда сайловчиларимизни қийнайдиган катта масалалардан бири тиббий суғурта бўлиб турибди. Мисол сифатида кўрсатадиган бўл­сам, маълум бир фуқаро бир йилда даволаниш ва дори-дармонга 3-4 миллион сўм маблағ сарфлаши мумкин. Тиббий суғуртага эса бир йилда тўланадиган пул нари борса 300-400 минг сўмни ташкил қилади. Аҳоли ёшига қараб суғурта турлари бор. Мамлакатимизда шу тизимни йўлга қўйиш ҳақида жиддий ўй­лаб кўрадиган вақт келди, деб ўйлайман.

Агар шунга эришилса, аҳолининг тиббий хизматдан фойдаланиш сифати яхшиланган бўларди.

 

Зебихон ЗИЯМУҲАМЕДОВА, халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, 172-мактаб директори:

— Иш фаолиятимни бошлаганимдан сўнг сайловчиларимизнинг муаммоларини, уларнинг турмушидаги камчиликларини ўрганиб, раҳбарларга етказиш ва ҳал қилишни асосий мақсад қилиб олдим. Ўзимга бириктирилган «Мерос» маҳалласининг ҳар бир хонадонига кириб, одамлар шарт-шароитини ўрганиб чиқдим. «Обод қишлоқ» дастури доирасида Жиззах вилоятида «Манас» қишлоғидаги бунёдкорлик ишларига ҳам, озгина бўлса-да, ўз ҳиссамни қўшдим. Борганим яхши бўлган экан, ўзимнинг маҳалламни обод қилиш учун катта тажриба олдим.

«Мерос» маҳалласидаги кам таъминланган оилаларни, ногиронлиги бор болаларни рўйхатга олдим. Ҳар икки ҳафтада партиямиз аъзолари билан биргаликда фуқароларимиз билан учрашиб, кимда нима камчилик бўлса, уларни ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз. Хусусан, баъзи бир фуқароларимизга нотўғри белгиланган нафақалар миқдорини тўғриладик, кам таъминланган оилаларимиз фарзандларини ки­тоб­лар билан таъминладик, туман прокуратураси билан биргаликда маҳалламиздаги тарбия­си оғир болалар ота-оналарига тушунтириш ишларини олиб бордик.

Бандлик масаласида бир қанча фуқароларимизга ёрдам беришга интилдик. Лекин бир-икки кишини ишга жойлаб қўйдик, дейиш билан ­муаммо ҳал бўлиб қолмаслигини биламиз. Бу масала бўйича ҳар бир депутат ўз ҳудуди шароитидан келиб чиқиб, ҳокимиятга таклиф киритиши лозим.

Депутатларнинг тажриба алмашиши масаласига келсак, ҳақи­қатан ҳам, бу борада амалий механизм керак. Лекин биз тажриба алмашиш деганда кў­пинча икки-уч киши маърузахонлик қиладиган семинарларни тушунамиз. Бу — нотўғри. Менимча, шундай муҳит яратиш керакки, депутатлар бир-бири билан эркин мулоқот қила олсин. Шунда уларнинг сўзи ўткирлашади, таъсир кучи ошади, деб ўйлайман.

 

Улуғбек РАЖАБОВ, Мирзо Улуғбек туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Мирзо Улуғбек технология касб-ҳунар коллежи директори:

— Олий Мажлис ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ўргана олмаган масалаларни айнан тумандан, маҳалладан сайланган депутатлар чуқур билиши мумкин. Чунки биз шу ҳудуднинг ичида яшаймиз. Хонадонларга ҳам биз кириб боришимиз керак.

Ўрганишларим натижасида бир хулосага келдим. Ҳуқуқий саводхонлик, ислоҳотлардан хабардорлик даражаси кўнгилдагидек эмас. Айниқса, ёшларимизнинг кўпчилик қисми мамлакатимиздаги сиёсий жараёнлардан, чиқарилаётган қарор ва фармонлар мазмун-моҳиятидан чуқур хабардор эмас. Бунинг натижасида айрим тушунмовчилик ва муаммоларга дуч келинмоқда. Масалан, аллақачон ҳуқуқий ечим топган муаммолар, яратилган имтиёзлардан бехабар кишилар биздан ёрдам сўраб мурожаат қилишмоқда.

Шунинг учун учрашувлар ўтказганимизда давлатимиз раҳбари томонидан нима ишлар амалга оширилмоқда, ёшларга қандай имкониятлар, шарт-шароитлар яра­тиляп­ти, уй-жой масалалари бўйича ижтимоий кам таъминланган фуқароларга қандай имкониятлар яратилган, бу масалалар бўйича қаерга, қандай тартибда мурожаат қи­лиш кераклиги тўғрисида тушунтириш ишлари амал­га ошириляпти.

«Шўртепа» ҳамда «Султоной» маҳаллаларининг 50 нафардан ортиқ ёшларини коллежимизда ташкил этилган шоҳмот, теннис, футбол, дзюдо, стол тенниси, каратэ каби бепул спорт тўгаракларига жалб қилганмиз.

Депутат сифатида таъмирталаб йўллар аҳволини ўрганиб чиқдим. Муаммоларни ҳокимият билан биргаликда ҳал этишга ҳаракат қиляпман. Туман Кенгаши депутатлари мурожаатларига ҳокимият идоралари эътибор билан қараётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Сессиялар жараёнидаги савол-жавоб ва мунозараларда бу сезиляпти. Депутат чуқур таҳлилга таяниб фикр айтадиган, таклиф берадиган бўлса, албатта, унинг таъсири, мав­қеи бўлади, деб ўй­лайман.

 

ТАҲРИРИЯТДАН:

Давра суҳбатида берилган қисқа ахборотлар ва билдирилган фикрлардан кўриниб турибдики, пойтахтимиздаги туман Кенгашлари депутатлари ўтган қарийб ярим йил орасида электорат муаммоларини ўрганиб, иш режаларини ишлаб чиқишга, қатор вазифаларни бажаришга ҳам улгуришган. Бошқача айтганда, дастлабки тажрибага эга бўлишди.

Ҳозирча уларни тушуниш ва камчиликларини кечириш мумкин. Аммо йил якунига борганда, сайловчилар олдида ҳисоб беришга тўғри келади. Одамларни безовта қилаётган масалалар оз эмаслигини ҳисобга олсак, ҳар бир депутат ўзига талабчанликни ҳар куни ошириб бориши, ғайрат ва журъат билан меҳнат қилиши лозим бўлади.

 

Давра суҳбатини

«Ўзбекистон овози» мухбирлари

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА ва Шаҳбоз САИДОВ

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.