19.06.2018

ЎЗБЕКИСТОН — ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИГА БЕШИК БЎЛГАН ЮРТ

Ўзбекистонда сўнгги икки йилда жуда кўплаб соҳалар каби диний-маърифий йўналишда ҳам амалга оширилаётган улкан ишлар юртдош­ларимизнинг чексиз миннатдорликларига сабаб бўлиб, қалбларида чуқур из қолдирмоқда. Қуръони Карим мусобақасининг ўтказилганлиги, Имом Бухорий, Имом Термизий номлари билан боғлиқ халқаро илмий тадқиқот марказлари, ақида, фиқҳ, ҳадис, калом, тасаввуф илмий мактабларининг ташкил этилгани, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тузилиши, қўйингки, «жаҳолатга қарши маърифат» билан тизимли равишда олиб борилаётган хайрли амаллар давлатимиз ривожланишининг янги босқичи даврида халқимиз учун илм-маърифат эшикларини янада кенг очмоқда.

Айниқса, Ийд ал фитр — Рамазон ҳайити куни Ҳастимом даҳасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон ислом цивилизация марказига тамал тошининг қўйилгани халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Авваламбор, мусулмонларнинг энг улуғ байрами бўлган Ҳайит ва кунларнинг улуғи саналган Жума куни ҳар бир диндошимиз томонидан юксак қадрланади. Ислом динига оид мўътабар манбаларда бу кунлар хосиятли ҳисобланиб, тарихдаги улкан янгиликлар ҳам шу кунларга тўғри келиши бежиз эмас. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Ислом цивилизация марказининг биринчи асосининг шу кунда қўйилишида ҳам катта ҳикмат борлигини англаш мумкин. Ушбу маърифат маркази аввало чин ихлос ва самимий эътиқод натижасида бунёд этилаётганини таъкидлаш зарур. Чунки шонли ўтмишимизда бундай улуғ ишларга фақатгина улкан қалб эгаларигина сазовор бўлганлар.

Бунёд этилаётган ушбу марказ Ўзбекистоннинг буюк ўтмиши намуналарини ўзида жам этиш билан бир қаторда том маънода маънавият ва маърифат маскани бўлиб қолади. Чунки бу ерда минг йиллар мобайнида аждодларимиз томонидан ёзиб қолдирилган бебаҳо илмий мерос тадқиқ этилади, халқимизга зарур адабиётлар яратилади, устоз-шогирд анъанаси асосида ёшларга илму маърифат етказилади, улкан кутубхона, қироатхона тузилади. Бир сўз билан айтганда, бу ер ўзида шавкатли тарих, буюк келажакни жамлаб, илм ўчоғининг чин маънодаги марказига айланади.

Табиийки, ушбу ишлар дунё кенг жамоатчилиги­нинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Жумладан, ­Саудия Арабистони, Туркия, АҚШ ва бир қатор давлатларнинг раҳбар ва етакчи мутахассислари Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ушбу ишларни юқори баҳоламоқдалар.

Маълумки, минтақамиз ўрта асрлар дунё илму фани ривожига улкан ҳисса қўшган. Ҳали ҳануз жаҳон илмий жамоатчилиги Беруний, Хоразмий, ­Бухорий, Самарқандий, Шоший каби улуғ алломаларимиз номини юксак эҳтиром билан тилга оладилар. Дарҳақиқат, ер юзининг сайқали саналган ­Самарқанд, ислом динининг қуввати бўлган Бухоро, ислом гумбази дея эътироф этилган Шаҳрисабз ҳамда Насаф, Марғилон, Косон ва бошқа бир қатор шаҳарларимиз илм марказлари сифатида шуҳрат қозонган. Шу сабабли кўплаб мамлакатлар олимлари каби XV асрнинг машҳур мусулмон олими Ибн Халдун ҳам муқаддас диёримизни юксак маданиятга эга ҳамда ислом маданиятини янада юқори чўққига олиб чиққан юрт деб тилга олади. Фан, таълим, маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти — ISESCO бош директори Абдулазиз ат-Тувайжирий ҳам жорий йилнинг август ойида Ўзбекистонга ташрифи асносида мамлакатимизнинг ислом цивилизацияси ривожидаги ролига алоҳида урғу бериб, Ислом дини Арабистонда вужудга келган бўлса ҳам, бироқ унинг ривожи бошқа диёрларда, жумладан, Мовароуннаҳр­да кечганини таъкидлади ҳамда юртимиздан етишиб ­чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, ­Маҳмуд ­Замахшарий каби алломаларнинг хизматларини алоҳида эътироф этиб ўтди.

Бугун Ўзбекистонда ислом дини қадриятларига эътибор тобора ортиб бораётгани, бунда, айниқса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан буюк алломаларимиз ва уларнинг илмий меросла­рига, ислом маданиятининг бебаҳо намуналарига алоҳида аҳамият кўрсатилиб, ёшларни ушбу бебаҳо ҳикматлар асосида тарбиялашга катта эътибор берилаётгани юртдошларимизда самимий мамнуният ҳиссини уйғотмоқда. Халқимиз қонида оқаётган маърифатпарварлик, тинчликпарварлик, чин инсоний фазилатлар ота-боболардан меросдир. Улуғ аждодларимиз дунёга эзгулик, одамийлик, бағрикенглик уруғини эккан, қўлида қалам билан жаҳонни забт этгандир, иншаоллоҳ келажагимиз буюклиги ҳам маърифат биландир. Зеро, Имом Бухорий бобомиз айтганларидек, «Нажот фақат илм биландир». Шундай экан, бизнинг ёруғ йўлимиз ҳам аниқ ва биз бу йўлда илм билан олдинга интилиб бораверамиз.

 

Давронбек МАҚСУДОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO кафедраси мудири, тарих фанлари номзоди.



DB query error.
Please try later.