14.06.2018

«ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ» НОМЛИ МАҚОЛАНИ ЎҚИБ...

Дамин ТЎРАЕВ, Қарши давлат университети профессори, филология фанлари доктори:

Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Рустам Холмуродовнинг «Ўзбекистон овози» газетасининг 2018 йил 7 июнь сонида чоп этилган юқоридаги сарлавҳали мақоласи олий таълим соҳасида 50 йилдан ортиқ меҳнат қилган бир мутахассис сифатида менда катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур мақола муаллифи Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ўзининг мазмун-моҳиятига кўра халқаро стандартлар талабларига мос келадиган олий таълим тизимини яратишга йўналтирилганлиги билан эътиборли эканини таъкидлайди ва буни асослайди. Қарорда олий таълим муассасаларида таълим сифатининг оширилишига тўсқинлик қилаётган муаммолар асосли ва очиқ-ойдин баён қилинган.

Мақола муаллифи мамлакатимиз олий таълим тизимининг ташкилотчиларидан ва нуфузли олий таълим муассасаси раҳбарларидан бири сифатида олий таълим сифатининг ошишига ҳамда олий таълим муассасаларининг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишига тўсқинлик қилувчи муаммоларни қайд этган ҳолда олий таълим самарадорлигини таъминловчи бир қатор омилларни кўрсатиб ўтади. Жумладан, талаба масъулиятининг ошиши мустақил билим олишга, ўз устида ишлашга ундайдиган шарт-шароитни юзага келтиради. Талаба ўзида масъулият ҳиссини сезмаса, мустақил билим олишга ҳаракат қилмаса, ундан ўз йўналиши бўйича кенг қамровли мутахассис чиқиши қийин.

Муаллифнинг «Республика бўйича барча олий таълим муассасаларида, муайян таълим йўналишида бир қолипдан чиққан ўқув режалари асосида таълим берилиши мантиқан ноўринлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди», деган фикр-мулоҳазаларига ҳам қўшиламан. Бир эътибор қилайлик: олий таълимдаги мавжуд ўқув режаларида, хусусан, ўзбек тили ва адабиёти йўналишидаги ўқув режасида мутахассисликдан кўра номутахассислик фанлари кўпайиб кетган. Мисол учун, бу йўналишда олий математика курсини ўрганишга анча соат ажратилган. Ахир бу йўналишда филолог мутахассис тайёрлаш кўзда тутилган-ку. Талабанинг умумий ўрта таълими мактабида барча фанлар қатори математика фанидан ҳам тўлиқ тушунча олганини эътибордан қочирмаслигимиз керак.

Бу хусусда мактаб ўқитувчисидан тортиб, академикларгача даврий нашрларда фикр-мулоҳазалар билдиришганига қарамай, ҳали-ҳамон бир қолипга киритилган ўқув режалари асосида иш юритилмоқда.

Педагог ўқитувчиларни ишга қабул қилиш тизимини шаффофлаштириш таълим сифати самарадорлигини оширишда катта аҳамият касб этади. Яширишнинг ҳожати йўқ, кўпгина олий таълим муассасаларида ишга қабул қилиш таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик асосида олиб борилаётгани ҳам сир эмас. Бу эса ўз-ўзидан таълим савиясини пасайтиришга олиб келади.

Мақола олий таълим муассасаларида таълим сифатини тубдан такомиллаштириш, уни мантиқан янги босқичга олиб чиқиш омиллари профессионал нуқтаи назаридан ўрганилиб, фойдали фикр-мулоҳазалар билдирилганлиги билан аҳамиятлидир.



DB query error.
Please try later.