14.06.2018

ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР ЭШИГИ КЕНГ ОЧИЛМОҚДА

Халилла ЕШИМБЕТОВ, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси:

Хитойнинг Циндао шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисини тарихий воқеа, деб аташ учун кўплаб асослар мавжуд.

Шулардан бирини давлатимиз раҳбари ўз нутқида қуйидагича изоҳлади: «Гўзал Циндао шаҳридаги Саммитимиз «Шанхай саккизлиги» раҳбарларининг биринчи учрашуви сифатида тарихда қолади... Ташкилотимиз аҳолиси бирданига бир ярим миллиардга кўпайди, унинг иқтисодий ва интеллектуал салоҳияти сезиларли даражада кенгайди».

Дарҳақиқат, Ҳиндистон ва Покистондек давлатларнинг фаол иштироки ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун мутлақо янги имкониятлар яратади.

Биз Циндао шаҳридаги мажлисдаги муҳокамалар ва нутқларни интернет тармоқлари, оммавий ахборот воситалари орқали катта қизиқиш билан кузатиб бордик.

Президентимиз ШҲТнинг минтақавий ва глобал сиёсатни шакллантириш, Евроосиё қитъаси хавфсизлиги ва барқарор тараққиётини таъминлашнинг муҳим механизми сифатидаги роли кучайиб бораётганини таъкидлади.

Шунингдек, минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шартларидан яна бири Афғонистонда тинчликка эришиш, унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш бўлиб қолмоқда. Бу масала ҳам Ўзбекистон раҳбариятининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Яқинда Тошкентда ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро конференция ҳам можарони тинчлик йўли билан ҳал этиш йўлида муҳим мулоқот майдони бўлди.

«Афғонистондаги тинчликка эришиш, унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти бўлиб қолмоқда... Ишончим комил, «ШҲТ — Афғонистон» мулоқот гуруҳи доирасида биз Афғонистоннинг тинч тараққиётини таъминлашга салмоқли ҳисса қўша оламиз», деб алоҳида қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Албатта, бундай амалий ишлар минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг, иқтисодий, маданий-маърифий алоқалар гуркираб ривожланишининг муҳим омили ҳисобланади.

Мажлисда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Президентимиз бу улкан минтақада савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва логистика имкониятларини ошириш, маданий-гуманитар муносабатларни мустаҳкамлаш, ёшларни экстремизм ғояларидан ҳимоялаш ва бошқа долзарб масалалар бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Бу ташаббуслар Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо барча мамлакатлар учун ҳар томонлама янгидан-янги имкониятлар эшигини очиб беради. Бу борада амалга ошириладиган ишлар кўп.

Президентимиз ўз нутқида аҳоли, айниқса, ёш авлодда терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши қатъий ва барқарор иммунитетни шакллантиришни биринчи ва асосий вазифа сифатида қайд этди.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурининг қабул қилиниши бу жараёнда катта аҳамият касб этади.

Партиямиз фаоллари, депутатлар, умуман, барчамиз ана шу эзгу ишларда фаол қатнашишимиз, айниқса, ёшлар билан мулоқотни кучайтиришимиз, уларнинг кўнглига йўл топиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз зарур. Ҳозирги мураккаб ва масъулиятли замонда бу масала барча даражадаги партия ташкилотлари учун бош вазифалардан бири бўлмоғи керак, деб ўйлайман.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: