14.06.2018

ОЛИЙ ТАЪЛИМ: ЖАҲОН СТАНДАРТЛАРИ САРИ МУҲИМ ҚАДАМЛАР

Қаландар Абдураҳмонов, академик:

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг айни шу кунларда қабул қилинган олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган иккита муҳим қарори ёшлар, ота-оналар, умуман, бутун халқимиз томонидан қизғин кутиб олинди.

«2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғисида»ги қарорда қабул жараёнларини ҳар томонлама адолатли ва самарали ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий мезонлари ва механизмлари инновацион асосда, бугунги замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда аниқ белгилаб берилганини унинг ҳар бир бандидан сезиш, ҳис қилиш мумкин. Ҳозирги кунда бу қарор олимлар, педагог ва мутахассислар, кенг жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда, радио ва телевидение, газеталар ва Интернет нашрларида муҳим фикрлар билдирилмоқда.

Биз фақат мазкур ҳужжатда белгилаб берилган бир нечта жиҳатларга тўхталиб ўтмоқчимиз.

Қарорда янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида «Мактабгача таълим» бакалавриат таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш ўқув муддати 3 йил бўлган бакалавриат таълим дастурлари доирасида амалга оширилиши алоҳида таъкидланади. Маълумки, ҳозирги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, ҳатто олис туманларда ҳам давлат-хусусий шериклик муносабатлари асосида кўплаб замонавий боғчалар қурилмоқда. Уларда юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёж катта. Олий таълим муассасаларида «Мактабгача таълим» бакалавриат таълим йўналишининг ташкил этилиши ана шу талаб ва эҳтиёжни қисқа муддатда самарали қондириш имконини беради. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ўқиш муддатининг 3 йил этиб белгилангани ёшлар, аввало қиз болаларнинг бу соҳага қизиқишини янада оширади. Чунки ҳозирги шиддатли замонда бир йилнинг тежалиши ҳам катта аҳамиятга эга.

Мазкур ҳужжатнинг яна бир муҳим томониўқув жараёнларини ташкил этишда уларни кўпроқ амалиёт билан боғлашга, буюртмачилар, турли соҳа ва тармоқларнинг олий маълумотли мутахассисларга бўлган талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олишга алоҳида аҳамият берилган. Бу ҳам олий таълим тизимини ҳаёт ва замон талабларига яқинлаштириш, улар билан уйғун ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига янги ҳуқуқлар, хусусан, абитуриентлар тўплаган балларнинг рейтинг баҳосини ҳисобга олган ҳолда, олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига қабул қилиш параметрларига ўзгартиришлар ҳамда янги йўналиш ва мутахассисликлар киритиш учун бакалавриат ҳамда магистратуранинг қабул квоталарини ўзгартириш ҳуқуқи берилаётгани қабул жараёнида пайдо бўладиган кўпгина муаммоларни ортиқча бюрократлаштирмасдан, жойида ва самарали ҳал этиш имконини беради. Шунингдек, реал эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда, тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул кўрсаткичларини белгилаш ҳуқуқи берилаётгани ҳам масалага реал ва прагматик ёндашув натижасидир.

Қисқача айтганда, Давлат комиссиясига кўпроқ ҳуқуқ берилмоқда, айни пайтда катта масъулият ҳам юкланмоқда.

Қарорда олий таълим муассасаларида талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини аниқлаш механизмини такомиллаштириш масаласи белгилангани ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Айни вақтда таълим жараёнининг мазмуни, сифат ва самарасини оширишга қаратилган аниқ талаб ва меъёрлар белгиланганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Президентимизнинг «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз олий таълим тизимини жаҳон стандартлари даражасига кўтариш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Хизмат тақозоси, қолаверса, шу тизимдаги кўп йиллик фаолият натижасида дунёдаги нуфузли олий таълим даргоҳлари, жумладан, Италиядаги машҳур Болония университети, Франциядаги Сорбонна университети, Россия иқтисодиёт университети фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлганман. Улардаги профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасидаги, умуман, илмий-педагогик жамоадаги самимий, демократик руҳ, таълим-тарбия жараёнларининг очиқ ва шаффофлиги, бюрократизимнинг деярли йўқлиги энг муҳим хусусият сифатида эътиборимизни тортган. Афсуски, собиқ мустабид тузум даврида бизда барча соҳалар қатори олий таълим соҳаси ҳам бюрократлашиб, маърифат даргоҳидан кўра кўпроқ расмий идорага ўхшаб қолган эди. Бу иллат ҳар хил кўринишда узоқ давом этди. Президентимизнинг қарори ана шу камчиликларга бутунлай барҳам бериб бу тизимни нафақат шакл, балки мазмун жиҳатидан тубдан ўзгартиришга қаратилгани билан ғоят муҳим аҳамиятга эгадир.

Қарорга мувофиқ 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати камида 3 йил бўлган бакалавриат ҳамда камида бир йил бўлган магистратура жорий этилмоқда. Магистратурада мутахассислар тайёрлаш ишлаб чиқариш (амалий) (камида бир йил) ва илмий-педагогик (камида икки йил) йўналишларига ихтисослашган дастурлар асосида ташкил этилади. Бундай ўзгаришлар, юқорида айтилганидек, олий маълумотли мутахассислар тайёрлашда вақт ва имкониятлардан унумли фойдаланишни ҳамда бу жараённинг самарасини оширишни таъминлайди, назарий билимларни амалиёт билан мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Олий таълим муассасаларига бакалавриат бўйича қабул квоталаридан ташқари хорижий фуқароларни суҳбат асосида, тест синовларисиз ўқишга қабул қилишга рухсат берилмоқда. Бу нафақат олий ўқув юртлари, айни вақтда бутун Ўзбекистонимизнинг очиқ ва демократик давлат сифатидаги халқаро нуфузини оширишга, таълим орқали дунёдаги турли мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини, бутун жаҳонга илм-маърифат тарқатиш борасидаги қадимий анъаналаримизни ривожлантиришга хизмат қилади.

Қарор билан олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада баҳолаш тизими ва мезонларини узлуксиз таълим тизимининг босқичларига мувофиқлаштириш, таълим йўналишларининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда, талабалар билимини баҳолашнинг жаҳон тажрибасида ўзини оқлаётган механизмлардан фойдаланиш лозим. Масалан, «автоматлаштирилган», «портфолио», «тест синовлари», «ижодий иш», «антиплагиат» каби замонавий, шаффоф ва адолатли усулларни, жумладан, муайян фандан дарс берган педагогнинг якуний назорат жараёнларидаги иштирокини истисно этадиган тизимни жорий этиш, семестр якуни бўйича академик қарздор талабанинг қайта топшириши мумкин бўлган фанлар сонини белгилашга ва уларни топшириш муддатини ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилаётгани ғоят муҳимдир. Чунки айни шу масалалар шу пайтга қадар ўқув жараёнида эътибордан четда қолиб келар эди. Бу талабаларнинг билим ва иқтидорини холис ва ҳаққоний баҳолашда турли салбий ҳолатларнинг пайдо бўлишига олиб келарди.

Маълумки, ёшларнинг қалби жуда нозик ва сезувчан бўлади. Айниқса, улар ўзларига нисбатан ҳар қандай адолатсизликни ғоят тез ҳис қилади. Уларнинг билими, истеъдоди ва интилишлари адолатсиз, бир ёқлама ва юзаки баҳоланган тақдирда, ўқишга, изланишга, ўз устида ишлашга бўлган иштиёқ, ўзига бўлган ишонч йўқолади. Бу бўлғуси мутахассиснинг тақдири, келажаги хавф остида қолди, деганидир. Афсуски, биз йиллар давомида ана шундай камчиликларга эътибор бермасдан келдик.

Илғор хорижий мамлакатлар тажрибасида олий таълим тизимида асосий ва ҳал қилувчи субъектлар бўлган профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар ўртасидаги муносабатларнинг ўзаро ҳурмат, ишонч ва самимият асосида шаклланишига алоҳида эътибор қаратилади. Бу юксак малакали, ўз эли ва юртига фидойи кадрлар тайёрлашдаги энг муҳим омилдир. Шунинг учун қарорда таълим жараёнларида профессор-ўқитувчилар, талабалар жамоатчилигининг роли ва масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада, айниқса, «талабанинг ўзлаштириш даражасипрофессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони» тамойили, талабалар билан кўпроқ ишлаш учун «устоз-шогирд» тизими жорий этилиши олий таълимнинг ҳал қилувчи субъектлари бўлган бу икки тоифа ўртасидаги муносабатларни амалий жиҳатдан самарали босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Қарорда «Олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналиши билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқлансин» деб қатъий белгилаб қўйилгани профессор-ўқитувчилар таркиби учун аввало ўзларининг биринчи даражали вазифаси бўлган бўлғуси олий маълумотли кадрларни тайёрлаш, уларнинг билими, амалий кўникмалари, профессионал даражаси, онги ва дунёқараши, гражданлик фазилатларини шакллантириш билан тўлиқ ҳажмда шуғулланиш имконини беради.

Ҳеч кимга сир эмас, илгари бу тоифанинг турли оммавий тадбирлар, хўжалик ишларига жалб этилиши уларнинг биринчи даражали профессионал вазифаси билан тўлақонли шуғулланиши, ўзининг бор куч-ғайрати, билим ва тажрибасини шу олижаноб ишга сафарбар этишига имкон бермас эди. Ўз устида шогирдлари тарбияси бўйича доимий эмас, балки вақти-вақти билан ишлашга мажбур бўлган профессор-ўқитувчи тайёрлаган кадрлар ҳам, ўз-ўзидан равшанки, шунга яраша тўлақонли бўлмас эди. Буни ҳаётнинг ўзи кўпгина мисолларда исботлайди.

Айни пайтда шуни ҳам ёдда тутиш керакки, ўқитувчи ва профессорлар, талабалар, олий таълим муассасалари раҳбарлари жамиятимизнинг энг фаол фуқаролари сифатида жамоат ишларида, кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этишлари зарур. Бууларнинг фуқаролик бурчи. Қарорда масаланинг бу жиҳатлари ҳам тўлиқ назарда тутилган ва бу борада янги ва самарали механизмлар белгилаб берилган. Олий таълим муассасалари раҳбариятининг мамлакатни ислоҳ қилиш жараёнида фаол иштирок этиш борасидаги масъулиятини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар белгилаш, ҳар бир ректор ва проректор учун ушбу йўналишда алоҳида «йўл хариталари» ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши кўзда тутилгани шулар жумласидандир.

Президентимиз қарорида ўқув жараёнларида, талабалар билимини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш бўйича ҳам самарали механизмлар белгиланган. Барча олий таълим муассасаларида самарали жамоатчилик назоратини жорий этиш мақсадида талабалар, ота-оналар, Ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларидаги фаоллари, кадрлар буюртмачилари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат таркибда жамоатчилик кенгаши ташкил этилиши айни шу мақсадга хизмат қилади. Айниқса, талаба-ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаш йўлидаги интилишлари, етакчилик қобилияти, инновацион изланишларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани, шу мақсадда «Инновацион ғоялар етакчиси» кўкрак нишони таъсис этилаётгани келгусида олий таълим муассасаларида илмий-педагогик ва инновацион муҳитни тубдан ўзгартишда қудратли омилга айланади, деб ишонамиз.

Албатта, юқорида зикр этилган қарорларнинг ҳар бири ғоят кенг қамровли бўлиб, бу ҳужжатларнинг аҳамияти ҳақида узоқ фикр юритиш мумкин. Энг муҳими, биз — олий таълим соҳасида фаолият юритаётган педагоглар, илмий ва раҳбар ходимлар бу қарорларни ҳар томонлама чуқур ўрганиб, уларда белгилаб берилган талаб ва мезонларни амалга оширишда фаол иштирок этишимиз лозим.



DB query error.
Please try later.