12.06.2018

ҒАЛАБАГА ИШТИЁҚ ҚЎШИМЧА КУЧ БЕРАДИ

Муайтай бўйича Таиландда профессионаллар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Жасур Неъматов олтин медални қўлга киритди. Жусур чемпионатда 61 килограмм вазн тоифасида учта жанг ўтказди.

— Биринчи жангимда таиланд­лик муайтайчини очколар ҳисобида мағлубиятга учратдим, — дейди у. — Ярим финалда франциялик рақибимни нокаут қилдим. Финалда яна мезбонлар вакилига дуч келдим. Рақибимнинг лақаби «Танк» бўлиб, оғир зарбаларни кўтарар, умуман орқага қайтмас, фақат олдинга юрар экан.

Профессионал жангчилар бир-бирининг усулларини асосан биринчи раунда ўрганиб бўлишади. Шунинг учун жангларда раунднинг биринчи қисмида чап томонлама ишласам, иккинчи қисмида ўнг томонлама ишлайман. Рақиб шунда қандай тактика қўллашга иккиланиб, чал­ғийди.

Биринчи раунда рақибимнинг бурни синиб кетди. Иккинчи раундга тушмаса керак, деб ўйлаган эдим. Лекин у жангни давом эттирди, иродаси мустаҳкам экан, оғир зарбаларни ҳам кўтарди.

Иккинчи раундда жигаримга кучли зарба ўтказиб юбордим. Қаттиқ оғриқдан сўнг нафасим сиқилди. Орқага бир-икки қадам юриб, бир неча сонияда ўзимга келиб олдим.

Жангни дуранг, деб эълон қилишди. Лекин бу томошабинларга ёқмади. Ҳатто таиландлик мухлислар ҳам «Ўзбекистон ютди» дея қичқиришди. Шундан сўнг ҳакамлар балларни такроран ҳисоблаб чиқиб, хатога йўл қўйилганини айтиб, рингнинг ўзида мени олтин медаль билан тақдирлашди.

— Финалдаги рақиб ҳа­қиқатан ҳам, анча кучли ва тажрибали эди, — дейди чемпионнинг мураббийи Илҳом ­Рустамов. — Буни унинг профессионал рингда 60 га яқин жанг ўтказгани ҳам тасдиқлаб турибди. Жасурнинг эса бундай катта турнирда биринчи марта қатнашиши эди, профессионал рингда ўтказган жанглари эса 10 тага ҳам етмасди.

Биринчи раундда фаоллик Жасурда бўлди. Рақиб ундан тажрибали эди. Лекин Жасурда чемпион бўлишга хоҳиш кучли бўлди. У ўзининг айланиб тепадиган чиройли зарбалари билан ҳар бир раундда керакли очколарни йиғиб борди.

Сўнгги икки раундда жанг шунчалик шиддатли бўлдики, уни мураббий сифатида эмас, шунчаки оддий мухлисдек кўргим келди. Айниқса, учинчи раундда Жасур чиройли жанг қилди, кўрсатма ҳам бермадим. Ўзи билиб ҳаракат қилди.

Жанг тугагандан сўнг, ҳакамлар дуранг, деб эълон қилишди ва яна бир раунд жанг бўлишини айтишди. Биз апелляция бермоқчи эдик. Лекин иш унгача бормади. Ҳакамлар қарорига мухлислар норозилик билдириб, жанг давом эттирилишига йўл қўйилмади. Ахир улар ҳам кўрди-да, Жасур катта устунлик билан ютганини. Ҳакамлар ғалабани Жасурга беришга мажбур бўлишди.

Жасурда ғалабага иштиёқ кучли бўлди. Бундан ўзимга керакли хулоса чиқардим. Чунки мен ҳам муайтайнинг профессионал йўналишида жанг қиламан. Яқинда Таиландда учинчи титул жангимни ўтказиб келган эдим. Худога шукур, ғалаба қозондим. Насиб бўлса, сентябрь ойида тўртинчи жангимни жаҳон чемпионлик камари учун ўтказаман.



DB query error.
Please try later.