12.06.2018

ХАЛҚАРО ОЛИМПИАДА ҒОЛИБЛАРИ КАМОЛГА ЕТАЁТГАН ТАЪЛИМ МАСКАНИ

2013 йил Россиянинг Москва шаҳрида кимё-биология фанидан 45-Жаҳон олимпиадаси ўтказилган эди. Унда биринчи марта иштирок этган Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси кимё фанидан Ўзбекистон тарихидаги биринчи олтин медални қўлга киритди. Ушбу лицей ўқувчилари ўтган йиллар давомида Жаҳон олимпиадаларида 2 олтин, 2 кумуш ва 6 бронза, Халқаро Менделеев олимпиадасида 3 олтин, 9 кумуш ва 19 бронза медалини қўлга киритгани қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.

— 50-Жаҳон олимпиадаси июль ойида бўлиб ўтади, — дейди лицей директори, профессор Ортиқбой Эшон­қулов. — Ҳозирда унга қизғин тайёргарлик кетмоқда. Ўқувчимиз Дилдора Ҳакимбоева 52-Менделеев олим­пиадасида кумуш медаль сов­риндори бўлган эди. Насиб бўлса, Жаҳон олимпиадасида ундан олтин медаль кутяпмиз.

Кореянинг Чангюан, Россиянинг Ломоносов номидаги Москва давлат университетлари билан ҳамкорлик меморандуми имзолаганмиз. Бу йил Жаҳон олимпиадаси 50- маротаба ўтказилади, унинг иштирокчилари 50 йилдан буён мазкур мусобақада қатнашиб келмоқда. Табиийки, уларда катта тажриба бор. Мазкур университетнинг кимё-биология фани ўқитувчилари бир йилда уч марта келиб ўқувчиларимизга мастер класслар ўтишади.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий университетининг кимё-биология факультети билан 2012 йилдан бери ҳамкорлик қиламиз. Университет ўқитувчилари лицейимизда дарс беради. Айнан улар хал­қаро олимпиадаларга ўқувчиларимизни тайёрлашади. Органик кимё фанидан ­доцент Ҳабибулла Тожимуҳаммедов, физик кимёдан ­Бахтиёр Сағдуллаев, биологик кимёдан профессор ­Мухтор Муҳаммедов дарс берса, лаборатория ишини ­Зулайҳо Усмонова ва Ўсимлик моддалари кимёси инс­титутидан фан доктори Бурхон Элмуродов ўтади. Бурхон ­Элмуродов яқинда Германия­да бир йил ўқиб тажрибасини ошириб келди. Бундан таш­қари, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент давлат стоматология институти ва Тошкент кимё-технология инс­титути билан ҳам ҳамкорлик қиламиз.

Шу вақтга қадар ҳар йили лицейимизни тугатган ўқувчиларнинг 80-90 фоизи университетларда ўқишни давом эттирмоқда. Жорий йил эса ўқувчиларимизнинг 30-40 фоизи хорижий университетларга талабаликка қабул қилинди.

 Биология фанидан олимпиадаларда ҳали медаль ололганимиз йўқ. Олимпиадада назарий билимга 100 балл берилса, лаборатория ишига 400 балл қўйилади. Ўқувчиларимиз назариядан 96-98 балл олишади. Лекин лаборатория ишидан керакли балл ололмаяпмиз. Бунинг сабаби мураккаб лаборатория жараёнларини бажариш учун замонавий жиҳозларимиз йўқ.

Бу йил Жаҳон олимпиадаси Эронда бўлади. Насиб бўлса, унда биология фанидан медаль олишга умид қиляпмиз. Институтимиз лицейни замонавий лаборатория ва компьютер жиҳозлари билан таъминлашни режалаштирган. Ҳозир Москва давлат университетига ўқувчимизни лаборатория ишини ўрганиб, тажриба ошириб келиш учун юборганмиз.

2015 йили халқаро олимпиадаларда совриндор бўл­ган ўқувчиларимиз ҳақида инглиз тилида китоб чоп эттириб Озарбайжонда ўтказилган Жаҳон олимпиадасига олиб борган эдим. Уни ҳакамларга тарқатганимда, мени қучоқлаб, табриклай кетишди. Сизни лицейингиз нафақат Ўзбекистонда ­балки, жаҳонда ягона, дейишди. Сабабини сўрасам айтишдики, баъзи бир давлатлар 47 йилдан бери олимпиадада иштирок этади. Лекин ҳо­зиргача бир дона олтин медаль ололмаган. Фақатгина сизнинг лицейингизнинг ўқувчилари 7 йилда халқаро олимпиадаларда 5 олтин медаль олишди. Бу улкан ғалаба, дейишди.

Бокудаги олимпиадада Ўзбекистоннинг элчиси ҳам қатнашган эди. Ўқувчиларимиз ғолиб бўлиб, байроғимиз кўтарилганда унинг кўзига ёш келган эди. Ташқарига чиққанимизда у 5 йилдан бери Озарбайжондаман. Ўзбекистон байроғи кўтарилганини кўриб, фахрландим, ғурурим ошди...

— Ўқувчилар оддий лаборатория жараёнларини лицейнинг ўзида бажаришади, мураккаб жараёнларни эса институтда олиб борамиз, — дейди профессор Зулайҳо Усмонова. — Чунки олимпиа­дада тушадиган айрим масалалар университет ўқув дастуридаги масалалардир. Лаборатория жараёнидан кейин ўқувчи мусбат хато қиладими, манфий хато қиладими, у бизга маълум бўлади. Шундан сўнг ўқувчиларга қаерда хато қилди, нимага кўпроқ аҳамият бериши кераклиги тўғрисида тушунтирамиз. Ўқувчилар назарий жиҳатдан кучли билимга эга. Шунинг учун ҳам улар қисқа фурсатда барча лаборатория жараёнларини мустақил бажара бошлайди. Биз ўқитган ўқувчиларнинг деярли барчаси халқаро олимпиадалардан медаль билан қайтишади.

Юртимизда иқтидорли болалар кўп, лекин эътибордан четда қолаётганлар оз эмас. Тасаввур қилинг, бутун Ўзбекистон бўйича иқтидорли болаларни йиғиб, тарбия­ласак, ҳеч ким бизнинг олдимизга туша олмайди.

Университет қошида иқтидорли болаларни ўқитадиган марказ очишимиз керак. Олимпиадада олтин медални асосан Хитой, Япония, Корея, Россия давлатлари вакиллари олишаяпти. Назарий билим бўйича ўқувчиларимиз бу давлатлар вакилларидан кучли. Лекин саволлар рус ва ­инглиз тилида берилади. Баъзи ўқувчиларимиз тил билмаганлиги учун саволларга жавоб беришда қийналиб қолишмоқда. Агар улар тилни билишса, назариядан ҳам юқори балл олиб медаллар сони ва сифати янада ошган бўларди.

Шунинг учун иқтидорли болаларни лицей бўйича танлаб олиб, марказда ўқитилса, таълим жараёнида университет ўқитувчилари дарс берса, улардан жуда катта натижа олсак бўлади. ­Мос­квада университетларининг кимё факультетига қабул қилинувчи талабаларнинг 80 фоизини олимпиада ғолиблари ташкил қилади. Уларда олимпиада ғолиблари алоҳида гуруҳга ажратилиб ўқитилади...

Биз ҳозир фан-техника шиддат билан ривожланиб бораётган, инновацион ғоя­лар, технологиялар ҳар қандай мамлакат тараққиётида асосий омил бўлаётган замонда яшаяпмиз. Шу боис, олимларимизнинг юқорида билдирган фикрлари эътиборга муносиб, деб ўйлаймиз.

 

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.