12.06.2018

ҚОРАЎЗАКДА СЕССИЯ ЎТДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари Қорақалпо­ғистон Республикаси Қораўзак туманида бўлиб, ҳақиқий аҳволни ўрганди.

Туманда 52 минг нафар аҳоли 13 маҳалла ва овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. 3 касб-ҳунар коллежи, 32 мактаб, 9 мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда.

Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан «Йўл харитаси» ижроси ўрганиб чиқилди. Халқ депутатлари Қораўзак туман Кенгашининг нав­батдаги сессиясида уларнинг натижалари муҳокама қилинди.

 — Ўтган йил туманда 41,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган, дейди халқ депутатлари Қораўзак туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Санехан Сабурова. — Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан 2017 йил давомида 95 инвестиция лойиҳалари амалга оширилган, натижада 600 дан кўпроқ янги иш ўринлари яратилган. Ҳудудда коммунал хизматлар сифатини яхшилаш, тиббий ёрдам имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, аҳоли эътирозларига сабаб бўлган бошқа муаммолар ўрганилиб, мутасадди ташкилотлар иштирокида босқичма-бос­қич ҳал этилмоқда.

— Ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир устувор чора-тадбирлар юзасидан туман ҳокимининг қарори қабул қилинган, дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Салаўатдин Худайбергенов. — Секторлар томонидан такрорланаётган мурожаатлар ва муаммолар таҳлил қилинган. Масалан, 4191 хонадон суюлтирилган газ балон таъминотидан азият чекарди. Муаммони қисқа муддат ичида ечишга келишиб олинган. Тумандаги 500 метр куб ҳажмдаги сув сақлагич сиғимини 2000 метр кубга ошириш бўйича таклифлар инвестиция дастурига киритилган. Ўрганишлар давомида аниқланган масалаларни ҳал этиш сессия қарори билан масъул шахсларга юклатилди.

— Сессияда қишлоқ врачлик пункт­лари, оилавий поликлиникаларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш масалалари ҳам муҳокама этилди, дейди Ўзбекистон ХДП Қораўзак туман кенгаши раиси Бахтияр Абилмуратов. — Жумладан, 32 нафар патронаж ҳамшираларини жорий йилнинг 3 чорагида патронаж сумкалари билан тўлиқ таъминлаш масаласи сессия қарорида белгилаб қўйилди. Чет элга бориб келган фуқароларни қисқа муддат ичида тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг маълумотлар базасини шакллантириш вазифаси қўйилди.

Сессияда бошқа масалалар ҳам кўрилди.

 

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.