07.06.2018

АДОЛАТЛИ ТАҚСИМОТ СУВ ТАҚЧИЛЛИГИНИ ЕНГИБ ЎТИШИМИЗДА ЖУДА МУҲИМ АҲАМИЯТГА ЭГА

Тонг саҳар набирам Жасуржонни уйғотиб, дўстим Fуломжон Эрназаров асос солган «Шароф» боғдорчилик ва сабзавотчилик хўжалигига йўл олдим. У моҳир деҳқон.

— Э, келинглар, — дейди Fуломжон кун ҳали ёришмаган осмонга бир қараб олиб. Кейин қўлидаги кетмон билан помидор ниҳоллари кўкарган пушталарнинг ариғини тўғрилашга тушади. — Билсангиз, бу йил ғаллани бир-икки марта сувлаб қолдик. Ўғлим 2,5 минг дона аччиқ қалампир ниҳолини эккан. Ҳаловат қишлоғидаги фермердан ялиниб-ёлвориб, озроқ суғориб олдик.

— Майнинг бошидаги қаттиқ ёмғир кўп жойларга сел келтирди. Аммо экинларни ҳам суғориб кетди, шундай эмасми?..

— Ҳа, барака бўлди!

Fуломжон билан набирам Жасуржонни суратга тушириб, машинани тўғри Зарафшон тизма тоғлари дарасидаги Китоб туманидаги Варганза қишлоғи томон ҳайдадим. Тонг энди отиб келаётган палла бўлса-да, маҳалла идораси одамлар билан гавжум.

— Акажон, саломатмисиз, — дея қучоқ очади «Варганза» МФЙ раиси Зиёдулла Мирзаев. — Нима масалада келгансиз... Э-ҳа, сув денг! Хўш, яқинда қишлоғимизда ер очиш учун янги «Оқбой» насос станциясини қуриш, сувни 3750 метр масофага етказиб бериш, яна 500 гектар янги ерда анорзор ва боғлар барпо этиш режаси вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилди. Ҳа-я, эски Варганза 1-2 насос станцияларини таъмирлашни ҳам қўшиш керак. Ўтган йили фермер ва томорқа хўжаликларидан 2 минг тоннадан ортиқ анорни экспортга ортдик, бундан қолганини бозорларга чиқардик. Аччиқ бўлса ҳам айтай, биз Қашқадарёдан сув оламиз, бироқ бу йил сув жуда кам. Аҳолида 400 гектар томорқа бор, барчасига анор ва мевали дарахтлар экилган. Билсангиз, ҳозиргача бир марта сув қуймадик анорзорларга. Аммо Худо деган эканмиз, май ойи бошидаги ёмғир боғларимизни бир марта роса суғориб кетди.

Энди тажрибага келсак, сизни бир хонадонга олиб боришади... Узр, мана бу ҳамқишлоқларимиз менга иш билан келишган, кутиб қолишмасин.

Менга маҳалла йиғини котибини қўшишди. Абдуғаффор Мавлонов асли уста экан, уйи, томорқаси жарликлар ёқасида. Чунки Варганза қишлоғида ер етишмайди. Бизга қишлоқдан қарийб 1000 метр баландда уй солган, томорқасига 100 тупча анор экиб, насослар ёрдамида сув чиқариб, боғ қилган устанинг уйини кўрсатишди. Абдуғаффор Мавлонов ҳовлисини боққа айлантирибди. Ёғоч тўсинлардан бўлса-да, ишкомларга узум кўтарилган. Дарахтлар орасига картошка экибди. Айниқса, тик қияликка анор экиб, кўкартирганига лол қолдик. Ҳажми 1,5-2 тонна сув сиғимига эга идишга қудуқдан насос сув тортиб чиқарар, қирларга шланг қувурлар орқали сув етказиб, ҳар бир анор ниҳоли тагига сув томчилари тўкилар экан. Қойил! «Бу йилги шароитда ортиқча сув йўқ», дейди Абдуғаффор...

Машинамни ҳайдаб, тоғли Деҳқонобод туманига йўл олдим. Ундан Чироқчи туманининг Кўкдала мавзесига ўтдим. Қарийб 80-100 метр чуқурликни қазиб, сув чиқариб, қишда плёнкалар остига тарвуз экадиган кўкдалаликлар дастлабки ҳосилни бозорларга чиқара бошлашибди. «Лалмидаги буғдойлар қуриб кетди, бироқ май ойидаги ёмғирдан кейин янтоқ, ажриқ ўсиб чиқади, анча қўй-қўзи, чорва молларини сақлашга уринамиз», дейди чироқчиликлар.

Қарши, Нишон, Миришкор, Қамаши туманлари далаларига кўз ташлайман. Юртимиздаги энг катта Талимаржон сув омборида обиҳаёт кам эканлигига амин бўламан. Ва мутахассислар, фермерларнинг фикрини тинглайман.

 

Ботир РАҲИМОВ, Аму-Қашқадарё суғориш тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор:

— Ана, анча жойларга бориб, аҳволни ўз кўзингиз билан кўрибсиз. Очиғи, бундай сув танқислиги кейинги ярим асрда бўлмаган. Тоғларга кутилганидан 60-70 фоиз кам қор ёғди. Агар 24 сув омбори бўлса, сақланган обиҳаёт жуда кам. Масалан, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, қисман Чироқчи, Қамаши туманларига сув узатадиган Ҳисорак сув омборида ҳозир 31 миллион кубометр сув сақланаяпти. Бу ниҳоятда оз. Жорий йил Қашқадарё вилоятида 139 минг 800 гектар ерга ғалла, 143 минг гектар майдонга пахта экканмиз. Сабзавот, картошка, боғлар, ғаллазорларга етарли сув етказиб бердик, ҳосили ҳам, насиб этса, ёмон бўлмайди. Олдимизда пахта, боғ, сабзавотларни суғориш масаласи турибди.

— Нима қилиш керак? Суғориш ишларида намунали туман, мироблар борми?..

— Келинг, мақтанишни бир томонга қўйиб турайлик. Тўғри, тажрибалар бор. Аммо аниқ бир туман тажрибасини айта олмайман, ҳаммасида камчилик бор. Ва уларни тезроқ бартараф этайлик, мана бу муҳим вазифа!

Энди 1850 гектар майдон томчилатиб суғориладиган бўлади, шундан 513 гектари ишга тушди. Яна бир тажрибани айтай. Жами 13 минг гектар майдондаги экинлар эгилувчи қувурлар ёрдамида суғорилади. Ана шулар натижасида 45 миллион кубометр сувни тежаш мумкин. Яна қайтариб айтаман: булар айрим ҳисоб-китоблар. Бироқ ҳақиқий тежамкорликни одамлар амалга оширади. Яширмайман, туманлардаги сув хўжаликлари раҳбарлари, бош миробларнинг фаолиятига сув танқис йилни қандай ўтказиб олишимизга қараб баҳо берилади.

 

Абдирасул МАХМАТҚУЛОВ, Қашқадарё вилоят мелиорация экспедицияси бошлиғи ўринбосари:

— Бизнинг ташкилотимиз ўтган йили 920 километр коллектор — зах ариқларни қазиди. Жами 130 километр ёпиқ дренеж қудуқларни ишлатиб бердик. Бунинг натижасида тупроқнинг унумдорлиги ошади, суғориш самарадорлиги яхшиланади, ҳосилдорлик ҳам кўпаяди.

 

Суюн АБДИЕВ, Қарши туманидаги фермер хўжалиги раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси, ЎзХДП фаоли:

 — Муҳим масалани кўтараётган экансизлар. Деҳқонлар биладики, осон келган йилнинг ўзи йўқ. Ниҳоятда қурғоқчилик йилларини кўрганмиз. Аҳил, ҳамжиҳат бўлиб қийинчиликларни енгганмиз. Худо хоҳласа, бу йилги мушкулларни ҳам бартараф этамиз. 43 гектар майдонда ғўза ўстираяпмиз. Ҳозир кўп тармоқли хўжалигимизда 52 бош қорамолимиз ва 9 гектар бедазоримиз бор. Fаллани оз суғорсак-да, ҳосили пиша бошлади. Бедага ҳали бирор марта сув қуйганимиз йўқ. Қандай бўлмасин, ғўзани сақлаб қолишимиз керак. Олим ва мутахассислар билан маслаҳатлашиб, бизга берилаётган сув билан коллекторнинг озроқ шўрланган сувини қўшиб ишлатишга қарор қилдик. Бу унча зарар етказмайди, бироқ пахта ҳосилини сақлаб қоламиз. Кечаси суғоришни ташкил қилаяпмиз, сувчиларга иссиқ овқат бериляпти. Тунда ёриткичлар билан ишлаяпмиз. Сувчиларга икки баробар кўп ҳақ тўлашга қарор қилдик. Бу чораларнниг барчаси самара бериши лозим...

 

Абдимурот БОЗОРОВ, Қамаши туманидаги «Бозор ўғли Абди» фермер хўжалиги раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Бу йил қандай ишлашимиз керак, деб сўраяпсиз. Тушуниб турибман, саволингиз сув танқислигига қаратилган. Биз ҳам шуни бошимиздан ўтказаяпмиз. Жами 10 фермернинг 500 гектар ери Қашқадарёга ташланган насос орқали сув ичади. Бу йил биз 45 гектар майдонда буғдойнинг «Яккарт» навини ўстирдик. Тунов ёққан ёмғир бир суғориш ўрнини босди. Насиб этса, эрта-индин ғаллага ўроқ тушади. Ҳамма ташвишимиз 40 гектар майдондаги ғўза ниҳолларини сақлаб қолиш билан боғлиқ. Чигитни 27 март куни эккандик. Дастлабки тажриба шуки, ички ариқларни 50-60 метр қилиб, қирқиб чиқдик. Бунда эгатларга таралган сув бир суткада эмас, 8-10 соатда чиқади. Ҳозир 10 гектар майдондаги ғўзани суғоряпмиз. Сувчиларимиз бари азамат. Ҳай, Ўринбой, бир келиб кетгин, шеригингга айт, сувга қараб туради!..

 

Ўринбой ЖАББОРОВ, сувчи:

— Бу йил сув камлигини барчамиз биламиз. Уйга бормай, далада ётиб, суғоряпмиз навбати билан. Таомни ҳам бобомиз дала бошига етказишни йўлга қўйганлар. Истасак, яқиндаги дала шийпонида овқатланиб келамиз. Бир томчи сув исроф бўлмаслиги керак, чунки Қашқадарёдан насос орқали олинаётган сув жуда оз!..

Шу билан мақолага нуқта қўйсам ҳам бўлар эди-ку, бироқ моҳир деҳқон Абдимурод ака Бозоровнинг айрим мулоҳазаларига тўхталмасак бўлмайди. «Гидрометриология хизматини яхши йўлга қўйишимиз, қор ва ёмғир нисбатан кам келадиган йилларда сувга серталаб экинларни камроқ экишимиз лозим», дедилар у киши.

Мени эса сафар давомида эшитганим — бошқа ташвиш кўпроқ ўйлантирарди. Айрим туманларнинг сув хўжаликлари етакчилари, мироблари орасида сувни ўзларига танишлар учун етказиб бериш, қатъий графикка амал қилмаслик ҳоллари кузатилаётган экан. Деҳқонларнинг ташвиши ўрнига, нуқул ўзини ўйлаётган, сув тақсимотида адолатни бузаётган айрим нафси катта мироблару масъуллар жавобгарлигини ўйлаб кўриш керак. Синовли йил шуни тақозо қиляпти.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.