07.06.2018

НУРОНИЙЛАРНИНГ МАНФААТЛАРИ ҚАНДАЙ ҲИМОЯ ҚИЛИНЯПТИ?..

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши «Нуронийлар ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш — кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишнинг муҳим шартидир» мавзусида семинар ўтказди. Унда Тошкент шаҳар партия кенгаши ва шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари, Ўзбекис­тон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси масъуллари ҳам иштирок этди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев семинарнинг аҳамияти ҳамда мақсади хусусида сўз юритди.

— «Нуроний» жамғармаси билан партиямиз ўртасида имзоланган меморандум асосида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 4 ойида партия гуруҳлари томонидан пенсионерлар ва эҳтиёжманд аҳоли вакиллари манфаатларини ҳимоя қилишга оид 73 масала депутатлик гуруҳларида, 56 масала доимий комиссияларда ва 37 масала сессияларда кўриб чиқилди. Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросига қаратилган йигирмага яқин лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. 50 га яқин эҳтиёжманд оила вакилларига кредит олиш бўйича ёрдам кўрсатилди.

Бажарилган ишлар, эришилган ютуқ­лар ўзимизники. Шу билан чекланиб қолсак, мақсадимизга етолмаймиз. Ҳали олдимизда кўп вазифалар турибди. Бу йўлда «Нуроний» жамғармаси билан доимий ҳамкорликда иш олиб борамиз.

— Нуронийларни имтиёзли равишда дори-дармон воситалари билан таъминлаш ҳамон долзарблигича қолмоқда, — дейди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов. — Куни кеча Давлат бюджетининг биринчи чорак ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди. Жорий йилнинг март ойига қадар икки мингга яқин ижтимоий дорихоналар ташкил этилиши кўзда тутилганди. Маълум сабабларга кўра, бундай дорихоналар белгиланган кўрсаткичда ва белгиланган вақтда ишга тушмади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойларга чиқиб, аҳолининг турмуш тарзи билан яқиндан танишаётганидан хабарингиз бор. Уларнинг маълум қилишича, аксарият ижтимоий дорихоналар бор-йўғи 30-40 турдаги дори воситалари билан таъминланган, холос. Аслида эса бу кўрсаткич 155 тани ташкил этиши керак эди. Шу ўринда таққослаш учун айрим рақамларга эътибор қаратсак. 2016 йилда соғлиқни сақлаш тизимига Давлат бюджетидан 3 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган бўлса, 2017 йилда бу рақам 7 триллион сўмни ташкил этган. Жорий йилда эса соҳага ажратилаётган маблағ 10 триллион сўмдан ортди. Бу рақамларнинг самараси одамлар ҳаётида акс этиши лозим. Шундан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгаш депутатлари ажратилаётган маблағлар сарфи бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиши жуда муҳим масала ҳисобланади.

— Ногиронлиги бўлган шахслар, якка-ёлғиз кексалар манфаатини кўзлаб қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда, — деди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Муқаддас Раҳматуллаева. — Жорий йилда уларни дори-дармон воситалари билан таъминлаш учун ажратилаётган маблағ икки баробарга оширилди. Шунга қарамай, шифохоналаримизда бун­дай беморларга дори воситаларини ўзларига олиб келтириш ҳолатлари учрамоқда. Ҳукумат қарорига биноан имтиёзга эга бўлган фуқаролар рўйхати мавжуд. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти қатнашчилари, сил касаллигига чалинган беморлар, якка-ёлғиз кексалар, чин етимлар ва ҳоказо. Уларга нафақат марказий шифохоналарда, балки оилавий поликлиникаларда ҳам имтиёзли равишда дори-дармонларга рецептлар ёзиб берилади. Бунга ҳудуддаги молия бўлимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатиш учун ажратиладиган суммадан ташқари қўшимча маблағ ажратилади. Баъзи оилавий поликлиникалар ажратилаётган маблағ биринчи ёрдам ва турли тўловлардан ортмаслигини таъкидлашади. Аммо бундай баҳоналар асоссиз. Чунки соҳада молиялаштириш тизими аҳоли жон бошидан келиб чиқиб йўлга қўйилган.

Семинарда «Нуроний» жамғармаси вакиллари, Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари ва бошқалар мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Меморандум асосида аниқ натижаларга эришиш, умумий гаплардан кўра амалий ҳаракатларга ўтиш, «ўтдими-ўтди» қабилидаги қуруқ тадбирлардан бутунлай воз кечиш зарурлиги таъкидланди.

 

Маҳлиё РУСТАМОВА



DB query error.
Please try later.