Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
07.06.2018

«HUMO ARENA»

соғлом авлодни тарбиялашга, чемпионлар тайёрлашга, халқимизга қувонч ва шодликлар келтиришга хизмат қилади

Объект номи: «HUMO ARENA» кўп тармоқли муз саройи мажмуаси.

Манзили: Тошкент шаҳри, Афросиёб-Бешёғоч кўчалари кесишуви ёнида.

Буюртмачи: «Wind Rose» МЧЖ. Бош пудратчи: ENTER Engineering PTE Ltd.

Концептуал лойиҳа: Heerim Architects & Planners CO. Ltd (Жанубий Корея).

Бош лойиҳачи: «Арена» ноёб иншоотлар лойиҳалаш институти (Россия).

Лойиҳани амалга ошириш муддати: 2017 йил февраль — 2018 йил декабрь.

Қурилиш-монтаж ишлари бошланиши ва якуни: 2017 йил июль — 2018 йил декабрь.

Таҳририят топшириғини ўз вақтида бажариш учун иштиёқ билан эрталаб соат 8.00 да «HUMO ARENA» муз саройи дарвозаси олдида ҳозир бўлдим. 



Қўриқлаш хизмати раҳбари Улуғбек Норматов нима мақсадда келганимни эшитиб, бу стратегик иншоот экани, майдонга кириш учун қурилиш бош пудратчиси — ENTER Engineering PTE Ltd. компанияси раҳбари Бахтиёр Ҳафизовдан рухсат олиш лозимлигини билдирди. Кириш-чиқиш қатъий рухсатнома орқали амалга оширилиши туфайли қурилиш иншооти хавфсизлик хизмати ходими Олимжон Акбаров мендан узр сўраб, ҳужжатимни телефонда фотосуратга туширди ҳамда Бош муҳаррирга қўнғироқ қилиб, мақсадни яна бир марта ойдинлаштириб олди.

Кўп тармоқли Муз саройи қурилиши лойиҳа директори Рустам Ҳайдаров бироздан сўнг келиб қолишини, ундан барча саволларимга жавоб олишим мумкинлигини билдиришди. Бекор ўтирмаслик учун дарвоза ёнида туриб қурилиш жадаллик билан кетаётган улкан иншоотнинг турли жойларидан кўзга ташланиб турган кўтарма кранларни санай бошладим. Германиянинг «Либхер» компаниясидан келтирилган бундай кранлар сони 16 та экан. Уларнинг энг кам қуввватлиси 70, энг кучлиси 600 тоннагача юк кўтарар экан.

Яна атрофни кузатаман. Қурилишга дахлдор одамлар, машиналарнинг дарвозадан кириш-чиқиши қўриқчи Лутфулла Тўлагановнинг қатъий назоратида. Келаётганлардан бири — Паркент тумани Чанги қишлоғилик Мирғиёс Комилов қурилишга ишга кириш учун ўз шахси, касби ҳақидаги маълумотларни Кадрлар бўлимига топшириб кетган экан. Қўнғироқ қилиб уни чақиришибди. Ҳасан Ражабов илгари Қашқадарё нефть-газ тизимида пайвандчи бўлиб ишлаган экан. У ҳам ишга қабул қилинишидан умидвор...

Биринчи дарвозадан кирган жойда улкан машиналар қаторлашиб турибди.

— Бу машиналар қурилиш иншооти учун Австрия давлатидан ўз вақтида металлоконструкциялар етказиб келади, — дейди прораб Миршод Маҳмудов. — 800 ўринга мўлжалланган ётоқхонада турли вилоятлардан келган профессионал қурувчилар ётиб ишлашади. Ишчиларимизнинг барчаси ўзимизнинг маҳаллий йигитлар. Улар ўз шахси, касби ҳақидаги маълумотларни Кадрлар бўлимига Интернет орқали ёки бевосита келиб топширганидан кейин участка бошлиғи ва лидер менежер хулосасига кўра танлаб олинади ва ишга қабул қилинади. Ҳеч қандай касби бўлмаган йигитлар ёрдамчи ишчи сифатида қабул қилиниб, компаниянинг бошқа иншоотларидан иш ўргатиш учун бу ерга олиб келинган тажрибали мутахассислар томонидан касбга ўргатилади.

Бир йўла 600 киши овқатланадиган ошхонамиз бор, овқат бепул. Уч маҳалдан тортиб баъзан 5 маҳалгача сменадаги ишчиларга овқат тайёрлаб берилади. Участка раҳбари Антон Ким ҳамда лидер мененжер Бахтиёр Исаев ҳар куни эрталаб соат 7.15 да барча прораб, уста ва бригада бошлиқларини йиғиб, бир кунлик иш ҳажмини белгилаб беради, кечқурун қилинган ишлар бўйича ҳисобот топширамиз. Мабодо табиий шароитлар туфайли, дейлик, ёмғир ёғиши ва бошқалар туфайли ўша кунги иш ҳажми бажарилмай қолса, уни қоплаш учун қўшимча ишланади...

Иккинчи дарвоза ёнидаги постга келдим. Қўриқчи Шерзод Усмонов мени қурилиш лойиҳа директори Рустам Ҳайдаров ёнига бошлаб борди.

— Келган пайтингиз қўнғироқ қилмабсиз-да, — деди у. — Қурилиш билан боғлиқ бир иншоотга боришга тўғри келиб қолганди...

Рустам Ҳайдаров мени ўз кабинетига бошлади. У Муз саройи қурилишига келишидан олдин Катта Ҳисор газ конденсат конини комплекс ишга туширишда, Жанубий Кореянинг «Хюндай инженеринг» компанияси билан ҳамкорликда Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси бунёд этилишида катта тажриба орттирган экан.

— Ўтган йилнинг бошида «HUMO ARENA» муз саройи қурилиши пойдеворига Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тамал тоши қуйилган кунни яхши эслайман, — дейди Рустам Ҳайдаров. — Буларнинг ҳаммаси Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаяпти. Ҳали бугина эмас, келажакда барча вилоятларда ҳам бундан кичикроқ ҳажмдаги муз спорт саройлари қурилиши режалаштирилган.

«HUMO ARENA» қурилишига Россия, Австрия, Туркия, Финландия каби давлатлардан халқаро тендер асосида лойиҳалаш гуруҳлари танланди. Бизнинг тилимизда тизим жамланмаси, дейилади, ана шу бўйича Финландия, Германия, Испания, Италия, Чехия, Франция каби давлатлардан инновацион технологияларга асосланган энг сифатли ва чидамли қурилиш материаллари келтириш жараёнлари давом этмоқда.

Бу илгари кўзимиз кўникиб қолган классик усулдаги қурилиш эмас. Бу — энг ривожланган мамлакатларда қўлланиладиган жуда улкан кўламли лойиҳаларни қисқа муддатларда амалга оширадиган усул ҳисобланади. Қурилишни бошқаришнинг бундай инновацион усулига Ўзбекистонда мана шу сарой қурилиши билан тамал тоши қўйилди, десам, янглишмайман. Бу ердаги муҳандислик тармоқлари, ёнғин ўчириш тизими, ёритиш, вентиляция, иссиқлик манбаи, кондиционерлаш тизимлари тўлиқ автоматлашган бўлиб, тежамкор технологиялар қўлланган ҳолда лойиҳаланган.

Бундай мультифункционал тизимга эга бўлган улкан иншоотлар қурилишини битказиш учун жаҳон тажрибасига кўра, 4 йил муддат керак бўлади. Лекин бу мажмуани энг юқори технологик инновацион ёндашув туфайли бирорта қурилиш технологияларини бузмасдан 18 ой ичида қуриб битказиш ҳисоб-китобини олганмиз. Янги йил олдидан очилиш маросимини ўтказамиз

— Қурилишда 2000 нафар ишчи уч сменада меҳнат қилаяпти, — дейди Муз саройи лойиҳа раҳбари Рамиль Габдураупов. — Албатта, бирор соҳада бунча кўп сонли малакали ишчи бўлиши қийин. Бизда кадрлар тайёрлаш дастури асосида устоз-шогирдлик тизими йўлга қўйилган. Шу бўйича шартнома асосида И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиали базасида уларни 4 ой мобайнида ўқитамиз, кейин ишга жалб этамиз. Ўз навбатида янги ишга қабул қилинган йигитларга касб сирлари ўргатиб борилади.

Бундан ташқари, ҳозирдан бошлаб 16 нафар йигит-қизни саройни фойдаланишга топширишни ўрганиш бўйича Россия ва Чехия давлатларига ўқишга юбормоқчимиз.

Мажмуа ёнида бетон заводи ташкил қилганмиз, монолит қўйиш учун қанча ҳажмда керак бўлса, етказиб бераяпти. Арматура-темир маҳсулотларини Бекободдаги «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти етказиб бераяпти...

Муз саройи қурилиши лойиҳа директори Рустам Ҳайдаровнинг таъкидлашича, муз саройи спорт мусобақалари ва концерт тадбирларига мўлжалланган тартибда ишлайди. Заруратга қараб, бир ҳолатдан бошқасига мослаштирилади. Унда хоккей, фигурали учиш, шорт-трек, кёрлинг билан шуғулланиш, баскетбол, волейбол, футзал, кураш, бокс, қиличбозлик, таэквондо каби спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш учун замонавий шароит яратилади. Бу ерда кўргазма ва конференциялар ташкил этиш ҳам мумкин.

Маълумот учун: Адлия вазирлиги 2018 йил 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Хоккей федерациясини давлат рўйхатидан ўтказди. Манзили «Next» савдо комплексида жойлашган, Федерация раҳбари этиб Бахтиёр Фозилов тайинланган.

— Бундан бир неча кун аввал Президентимиз Шавкат Мирзиёев мажмуа қурилишида бўлиб, ишнинг бориши билан танишди, — дейди Рустам Ҳайдаров. — Бу ерда хоккей бўйича Ўзбекистон терма жамоаларини тузиш ва уларни халқаро спорт мусобақаларида қатнашишга тайёрлаш, фигурали учиш ва бошқа спорт турлари бўйича жамоаларни ҳозирданоқ шакллантириш, спорт кийимлари ва анжомларини ишлаб чиқарадиган корхона ташкил этиш, йирик халқаро мусобақаларни ташкиллаштириш лозимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, ҳудудда умумий бош режа концепциясига асосан спорт музейи, болалар учун ёпиқ майдон, тренажёр заллар, фитнес маркази, умумий овқатланиш шохобчалари, спорт анжомлари дўкони ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари бўлади.

Умумий майдони 82 минг 250 квадрат метрни ташкил этадиган 6 қаватли иншоотнинг энг баланд нуқтаси 40 метрни ташкил этади. Асосий бинода 60х30 метр ўлчамдаги профессионал ва 300 ўринли машқ аренаси бўлади. Мобиль ўриндиқларга эга бўлган саройда хоккей ўйинларида 12 минг 500, спорт мусобақалари ўтказиш зали сифатида 14 минг, концерт зали сифатида 10 минг томошабинга мўлжалланган. Бино ёнида 1 минг 375 автомобилга мўлжалланган ер ости ва 5 қаватли автотураргоҳ барпо этилади.

Бу улкан, супер замонавий иншоот қурилиш майдонини ўз кўзим билан кўриб турсамда, тўғриси, бир ишониб, бир ишонмасдим. Бундай салобатли, муҳташам биноларни илгари фақат киноларда кўрганмиз, бошқаларга ҳавас қилганмиз.

Бугун эса... бир томонда «Tashkent City», бир томонда «HUMO ARENA», бир томонда уч қаватли кўприк... обод қишлоқ, обод маҳалла...

Буларнинг ҳаммаси пешонаси ёруғ халқимизнинг фаровонлиги, келажак авлоднинг бахти, юртимиз гуллаб-яшнаши учун яратилмоқда. Бундан фахрланасан, ғурурланасан киши...

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.