07.06.2018

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар

Энг аввало шуни эътироф этиш жоизки, мазкур қарор мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда олий таълим муассасаларининг ўрни ва аҳамиятини белгилашда, олий таълим соҳасини тубдан янгича шакллантириш ва таълим сифатини оширишда шубҳасиз муҳим роль ўйнайди.

Қарорнинг преамбуласида олий таълим сифатининг ошишига ҳамда олий таълим муассасаларининг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишига тўсқинлик қилувчи омиллар ўринли кўрсатилган.

Маълумки, олий таълимнинг самарасига кўплаб омиллар таъсир қилади. Булар қабул сифати, дарс берувчи профессор-ўқитувчилар билим даражаси ва малакаси, педагогик маҳорати, ўқув режалари ва фан дастурлари таркиби ва мазмуни, уларнинг истеъмолчилар талабига жавоб бериши, дарсликлар сифати, олий таълим муассасаларининг моддий техник базаси кабилардир.

Лекин юқоридаги омилларнинг ичида бугунги кунда, менинг назаримда, бирламчиси, энг зарури, қисқа муддатда ижобий натижа бериб, олий таълим сифатини кўтаришга олиб келадиган омил бор: талаба масъулиятининг ошиши, мустақил билим олишга, ўз устида ишлашга ундайдиган шарт-шароитнинг шаклланиши. Муайян даражада бунинг сабаби талабалар ўзлаштиришини жорий баҳолашнинг мақомидадир.

Шу давргача биз олий таълим муассасаларида талабалар жорий ўзлаштиришини ошириб баҳолаб келаяпмиз. Сессия якунидаги «қарздорлик» сонидан қатъи назар, қайта топширишга рухсат берилиши талабани дарсларни ўқимайдиган, ўқитувчини эса ўз устида ишламайдиган қилиб қўйди.

Қарорда белгиланган «талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш» бугунги куннинг кечиктириб бўлмайдиган вазифаларидан бири деб биламан. Чунки амалдаги низом талабаларни ялқовликка, ўқитувчиларни эса лоқайдликка олиб келмоқда. Шу сабабли қарорда тўғри таъкидланганидек, ўқитувчи-ходим иштироки истисно этиладиган баҳолаш тизими таълим сифатини баҳолашда оптимал усулдир.

Талаба билимини баҳолашнинг холислигини таъминлаш нафақат унинг билим олишига интилишини рағбатлантиради, балки дарс бераётган ўқитувчининг педагогик фаолияти самарадорлигини баҳолашда мезон бўлиши мумкин. Ўқув йили якунида таълим йўналиши ёки олий таълим муассасаларининг ўртача рейтинг кўрсаткичига нисбатан ўзлаштириши паст гуруҳларнинг ўқитувчилари фаолиятига баҳо бериш омили юзага келади.

Талаба билимини баҳолашнинг янги тизимига ўтиш, ўқитувчилар фаолиятини баҳолаш хулосалари, якуний давлат аттестацияси шаффофлиги, объективлигини ошириш ва бошқа бир қатор чораларни амалга ошириш «оғриқли» масалалардир. Лекин бу ишларни бошламай мамлакат учун ҳаводек зарур бўлган, том маънода унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши тақдирига ҳал қилувчи таъсир кўрсатадиган муаммо — олий таълим сифати масаласини ечиб бўлмайди.

Албатта, ҳар қандай дарс шу вақтда натижа берадики, қачонки талабанинг ўзи мустақил ишлаш тажрибасига ва компьютер технологияларидан фойдаланиш малакасига ҳамда ўзбек тилидан ташқари чет тилларидаги илмий ва ўқув адабиётларни ўқиш ва тушуниш даражасига эга бўлса. Агар талаба таълим жараёнида фаол иштирок этмаса, олий таълим муассасаларидаги барча хатти-ҳаракатлар, ҳаттоки инновациялар ҳам ижобий натижа бермайди. Афсуски, бизнинг кузатув ва таҳлилларимиз шуни кўрсатаяптики, бугунги талабанинг аксарият қисми рус ёки инглиз тилини деярли билмайди, дарслик билан мустақил ишлаш кўникмасига эга эмас.

Қабул сифати қобилиятли, иқтидорли, ўқишга иштиёқи бор ёшларни олий таълим муассасаларга қабул қилиш — олий таълим сифати натижадорлигининг асосий кафолатларидан бири десак бўлади. Шу сабабдан узоқ йиллардан буён амалиётда бўлган ҳозирги тест синовлари ўз долзарблигини йўқотди, десак бўлади. Улар абитуриентни мантиқий фикрлашга, имтиҳонда ҳақиқий билимини намойиш қилиш имконини бермайди. Бу ҳолат нафақат олий таълим, балки, умумий ўрта мактаб таълими сифатига, ўқувчиларнинг ўқишга муносабатига, муайян даражада кенг жамоатчилик фикрига ҳам салбий таъсир кўрсатди.

Абитуриент ҳужжатини қабул қилишни электрон шаклга ўтказиш тизими абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини ортиқча ташвишдан халос қилади ва олий таълим муассасалари ички муҳитини янада соғломлаштиришга ёрдам беради.

Республика бўйича барча олий таълим муассасаларида, муайян таълим йўналишида бир қолипдан чиққан ўқув режалари асосида таълим берилиши мантиқан ноўринлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Шунинг учун ҳам қарорда қўшимча равишда етакчи олий таълим муассасаларига ўзлари ишлаб чиққан ўқув режалари асосида таълим жараёнини ташкил қилишга рухсат берилиши хорижий таълим тизимлари мақомларига яқинлашишни таъминлайди. Ҳар бир олий таълим муассасаларининг ўзига хос шаклланиши, бир-бирига ўхшамас илмий-педагогик мактаблари талаблари ўқув режалари ва фан дастурларида ўз аксини топиши олий таълим тизимини мақсадли ташкил қилишнинг илғор усулларидан биридир.

Қарорда белгиланган, олий таълим муассасаларида жамоатчилик кенгашларини тузиш, педагог-ўқитувчиларни ишга қабул қилиш тизимини такомиллаштириш натижасида профессор-ўқитувчилар таркиби сифатини кўтариш, қўшма ўқув режалари ва фан дастурлари асосида хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрлаш олий таълим сифатининг ошишига ва бинобарин, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга фундаментал асос бўлиб хизмат қилиши табиий.

Қарорда олий таълим муассасаларининг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда, давлат ва жамият ҳаётида юз бераётган жараёнларда иштирокини фаоллаштириш бўйича чора-тадбирлар ҳам муҳим шарт қилиб қўйилган. Чунки, олий таълим муассасалари мамлакатимизда фан-маориф, маданиятимизнинг юксалишида, жамиятимиз тараққиётида ҳал қилувчи кучдир. Олий таълим муассасалари ҳозирги кунда ҳам давлат ва жамият ҳаётида, ундаги ўзгаришларни тарғиб қилишда фаол иштирок этиб келмоқда. Шу маънода, бу қарор иқтисодиётнинг реал секторларини ривожлантиришга, инновацион ғоя ва ишланмаларни яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Олий таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими ўрнига ёшлар билан ишлаш бўйича проректор лавозимининг жорий қилиниши, талабаларни илмий фаолиятга йўналтириш, иқтидорли гуруҳлар ташкил қилиш, ёш олим ва талабаларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, имконини беради. Бу — давлатимиз раҳбарининг ёшларга алоҳида эътиборининг, Ёшлар иттифоқи роли ва аҳамиятини оширишдаги саъй ҳаракатларининг ёрқин тасдиғидир.

Қарорнинг яна бир эътиборли жиҳати шундан иборатки, олий таълим муассасаларида талабаларнинг ўқиши ва профессор-ўқитувчиларнинг самарали ишлаши учун шарт-шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Адолат юзасидан айтиш лозимки, бугунги кунда вилоятлардаги аксарият олий таълим муассасаларида Интернет тизимининг ёмон ишлаши, профессор-ўқитувчиларнинг компьютер технологиялари билан таъминланганлик даражасининг пастлиги, чет элларда малака ошириш имкониятларининг чегараланганлиги, ўқув-илмий лабораторияларнинг жисмоний жиҳатдан эскириши таълим сифати ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори таълим соҳаси янги ва юксак ривожланиш даврига кирганидан далолат беради.

 

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: