Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
07.06.2018

УЧ ҲОКИМ ҲАЛ ҚИЛМАГАН МАСАЛА НИҲОЯТ, ДЕПУТАТ ТАШАББУСИ БИЛАН ЕЧИМ ТОПЯПТИ

Пойтахтимизнинг Олмазор тумани «Чимбой» маҳалласи «Чимбой-2» кўчасида истиқомат қилаётган аҳолини кўп йиллардан бери бир масала ўйлантириб келаётган экан. Унинг ечими юзасидан йиллар давомида қатор ташкилотларга мурожаат қилинган, ҳеч фойдаси бўлмаган. Шундан кейин кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлди. Бу ҳақда маҳалла раиси ўринбосари, ЎзХДП фаоли Баҳриддин Бўлаков шундай дейди:

— Бу маҳаллага кўчиб келганимга қирқ йилдан ошди. Шундан бери аҳоли ичимлик суви ва канализация муаммосидан азият чекади. Маҳалладошларимиз билан мутасадди ташкилотларга кўп бора мурожаат қилдик. «Халқ қабулхонаси» кўчамизнинг нариги юзида жойлашган. Вақт бўлди, дегунча, мурожаатимиз тақдири билан қизиқамиз. Серқатновлигимиз учун туман ҳокимиятидагилар ҳам, ташкилотдагилар ҳам бизни яхши таниб қолишган. Муаммо кўтарилганидан буён туманимизда уч ҳоким алмашди. Уларнинг баъзилари ҳатто маҳалламизга келиб, очиқ мулоқот ҳам қилишган. Республика миқёсидаги ташкилотларга борганимизда, ҳал қилиб берамиз, деб ваъда қилишди-ю, ечимига келганда пайсалга солишади. Шаҳар ҳокимлиги туманга, туман эса маҳаллага амалий ёрдам берилсин, деган хат чиқазади. Хуллас, эшигига бош уриб бормаган ташкилотимиз қолмади ҳисоб. 

«Чимбой-2» кўчасига кириб борганимизда канализация учун қазиш ишлари бораётганига гувоҳ бўлдик. Бизга ҳамроҳлик қилаётган халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Санжар Мавлонов вазиятни изоҳлади:

— Мазкур кўчада 25 хонадонда 250 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Сайловолди учрашувларида маҳалла аҳли сув ва канализация муаммоси ўйлантираётганини айт­ди. Тўғриси, уларнинг нигоҳларидан шунча ташкилотлар ҳал қилиб беролмаган масалага сиз ечим топа олармидингиз, деган маънони уққан эдим. Шунда, агар депутат бўлсам, биринчи галда мазкур масалага ечим топаман, деб режа қилгандим. Ният холис экан, ҳомийлик асосида ишлар бош­лаб юборилди. Маҳалла аҳли ҳам қараб тургани йўқ.

Депутат билан суҳбатни якунлаб, кўчадаги хонадонлар эшикларини тақиллатдик. Дилором Ходжаева хурсандчилигини биз билан бўлишди.

— Ҳовлимизга бир қаранг, ўнлаб ўралар ковланган, — дейди у. — Невараларим ўйнаб юрганда тушиб кетишидан хавотирланаман. Куни кеча қаттиқ ёғингарчилик бўлди. Атроф сувга тўлди. Ҳатто канализациядаги сувлар юзага қалқиб чиқа бошлади. Биз жуда ташвишда эдик. ЎзХДП Марказий Кенгаши ходимлари билан келган депутатдан масала ечим топаётганини эшитиб, кўнглимиз тинчиди.

Дилором Ходжаеванинг овсини Ёқут Ходжаева депутатга мурожаат қилди:

— Бир ҳовлида етти оила истиқомат қиламиз. Бизга арзонлаштирилган уй-жойлардан олиш­га ёрдам берсангиз...

Депутат уларга ҳуқуқий маслаҳат бериб, амалий ёрдам кўрсатишни ваъда қилди.

125-хонадонда истиқомат қилувчи 84 ёшли Ҳикоят Ҳасанованинг хонадонида ҳам бўлдик. Ногиронлиги бўлган онахоннинг яшаш шароити оғир экан. У катта келини беш нафар фарзандини ташлаб, етти йил олдин ишлаш учун бошқа мамлакатга кетганини, ҳозиргача дом-дараксиз эканини куюниб гапирди. Кичик келини ҳам икки нафар фарзандини олиб, онасиникига кетиб қолибди. Онахонга саломатлигини тиклаш учун тиббиёт бирлашмаси орқали санаторийга навбатсиз йўлланма берилди. Катта ўғлининг бандлигини таъминлашга кўмаклашиладиган бўлинди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.