05.06.2018

ГЎЗАЛЛИК УЛАШАЁТГАН, ГЎЗАЛЛИККА ИНТИЛАЁТГАН ОДАМЛАР...

«Гул байрами» йилдан-йилга янгича мазмун касб этиб, Наманганнинг ўзига хос брендига айланди. Байрам ўтадиган асосий гўша — Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи гулзору чаманзор тусини олди.

Байрамнинг бошланиши ўзига хос тантанаворлик касб этди. Наманган халқаро аэропортидан йўлга чиққан турфа гуллар карвонининг завқу оройиши мезбону меҳмонларни бирдай ҳаяжонга солди.

Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис сенати аъзоси Хайрулло Бозоров гул сайли иштирокчиларини, Туркия, ­Саудия Арабистони, Бангладеш, Қувайт, Баҳрайн, Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва бошқа давлатлардан келган меҳмонларни гўзаллик байрами билан қутлади.

 150 дан ортиқ турдаги 2 миллион туп ноёб навли гул кўчатлари намойиш этилаётган катта сайил бошланди. Наманган шаҳри ва туманлари, Фарғона, Андижон вилоятлари, Тошкент шаҳридан келган гулчилар томонидан 3 миллиондан зиёд гуллар кўргазмаси ва савдоси ташкил этилди.

Сирожиддин Қодиров, Жўрахон Мўминов, Аҳмаджон Султонов, Санобар Абдуллаева, Носиржон Ҳакимжонов, ­Маъруфжон Каримов, Абдулло ­Сатторов каби наманганлик гулчилар йиғилганларга ҳар туп гулнинг биологик хусусиятидан тортиб, ранг товланишларигача, шифобахшлигидан тортиб, таъсирланиш хусусиятигача маълумот беради.

Бугунги кунда Наманган гулчиликни ривожлантириш марказида Россия, Голландия, Германия ва Хитой давлатларидан келтирилган энг замонавий биотехнология асосида ишлайдиган лаборатория фаолият олиб бораяпти. Бу ерда 200 мингга яқин хонаки, манзарали, дарахтсимон ва замонавий ландшафт ҳосил қилувчи нодир гул навлари парваришланмоқда. Бир гуруҳ гулчилар Тош­кент­даги «Ботаника» илмий-тад­қиқот институти билан ҳамкорликда Голландия, Туркия, Бельгия, Корея давлатларида бўлиб, гулчиликни ривожлантириш бўйича тажриба алмашиб келди. 

Наманган муҳандислик-технология институтида янги ўқув йилидан гулчилик йўналиши очилиб, 40 нафар талаба қабул қилиш кўзда тутилаётгани ҳақидаги маълумот барча учун энг қувончли янгиликлардан бири бўлди..

 Вилоят соғлиқни сақлаш ҳамда халқ таълими ва мактабгача таълим муассасалари ­бошқармалари тизимидаги ­ташкилотлар томонидан тайёрланган, бир-биридан жозибали бетакрор гул композициялари дилларга кўтаринкилик улашади.

Гул байрами доирасида ташкил этилаётган маданий тадбир, танлов ва мусобақалар, кўнгилочар ўйинлар, аския ва ҳазил-мутойибалар, учрашув ва давра суҳбатлари, мушоиралар, дорбоз томошалари барчани ўзига чорлайди.

Гул сайлида хорижлик меҳмонларнинг иштироки мазмун-моҳиятида ички ва ташқи туризм, хусусан экотуризимни ривожлантириш мақсадлари мужассам.

 — Наманганга биринчи бор келишим. Шундай ажойиб ­байрамда иштирок этаётганимдан беҳад хурсандман, — дейди Саудия Арабистони қироллигининг Ўзбекистондаги элчихонаси аташеси Мадзи Ҳусайн ал Субайҳи. — Дунё гўзалликлари Наманганда жам бўлибди. Ўзбекистоннинг таърифини илгари ҳам кўп эшитардиму, бунчалик даражада чиройлигини тасаввур ҳам қилмаган эканман. Наманганда гул эзгулик ва юксалишлар рамзи сифатида ҳам эъзозланар экан.

— Ўзбекистонга доимий ҳамкорим Баҳри Ишик билан биргаликда инвестиция киритиш мақсадида келганман, — дейди туркиялик тадбиркор Зокир Амир. — Қувончим шу қадар чексизки, бунинг сабаби бор. Мен асли наманганликман. Тақдир тақозоси билан Туркияда яшаймиз. Бугун биз учун ота маконда фаолият кўрсатиш имконияти пайдо бўлди. Айни пайтда Янгиқўр­ғон туманида «Шердор Гред» ширкати иштирокида замонавий сиҳатгоҳ барпо этиш бўйича музокаралар олиб боряпмиз.

Наманган шаҳрида ўтказиладиган гул байрамини олдинроқ эшитгандик. Шунинг учун бизнес саёҳатимизни айнан шу байрам кунларига мўлжалладик. Одамлардаги яратувчилик кайфияти, гўзалликка ошуфталик, ростини айт­сам, руҳиятимни кўтариб юборди.

Гул байрами тантаналари вилоят, республика телерадикомпаниялари қатори хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам ёритиб борилмоқда. Хитойнинг жаҳонга маш­ҳур Глобал телевизион тармоғи — «CGTN» мухбири Гай Хендерсон бу ҳақда ҳаяжон билан гапирди:

 — Бизнинг «CGTN» телеканалимизни дунёнинг юздан зиёд давлатида 85 миллиондан ортиқ томошабин кузатиб боради. Жуда кўп давлатлардан кўрсатув ва репортаж тайёрлаймиз. Ўзбекистонга келиб Марғилон ва Наманган шаҳарларида бўлдик. Айниқса, Намангандаги гул байрами диққат-эътиборимизни тортди. Турфа гуллар эстетик завқ беради. Одамлар ҳам меҳмондўст, чеҳрасида табассум, келажагига ишонч бор.

— 58-анъанавий «Гул байрами» расман бир ҳафтага мўжалланган. Аммо эл талаби, гулчилар иштиёқи сайилларни бир ойгача давом эттиришни тақозо қилмоқда, — дейди Гулчиликни ривожлантириш маркази директори Отабек Жўраев. — Ўзига хос байрам сайиллари хонанда-ю созандаларнинг куй-лапарлари, мусаввиру ҳайкалтарошларнинг санъат намуналари билан ўзаро уй­ғунлик касб этмоқда.

«Гуллар байрами» анъанага кўра байрамнинг энг яхши иштирокчиларини тақдирлаш маросими билан якунланди.

«Гуллар байрами»даги иштироки учун таъсис этилган иккита олий ўринга қўйилган мукофот — «Спарк» автомашинасидан бири ху­сусий тадбиркор гулчи ­Мирзоҳид Холмирзаевга берилди. Иккинчи «Спарк» автомашинаси меҳнат жамоалари ўртасида олий ўринга муносиб топилган «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятига топширилди. Шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасалар, якка тартибдаги гулчилар ўртасида ҳам турли номинациялар бўйича ғолиблар, фаол иштирокчилар аниқланиб, муносиб тақдирланди.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.