05.06.2018

СИФАТСИЗ ВА СЕРТИФИКАТСИЗ СОТИЛАЁТГАН МАҲСУЛОТЛАР

учун жавобгарлик кучайтириладими?

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида «Ўзстандарт» агентлиги билан ҳамкорликда истеъмолчиларни сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя­лаш мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда агентлик масъул ходимлари «Ўзстандарт» томонидан олиб борилаётган ишлар, стандартлаштириш, ўлчовларнинг ягоналигини таъминлаш ва мувофиқликни баҳолаш тизимларини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдиришди.

 

— Бозорлар жамият фаровонлигини, тўкинлигини ўзида акс эттирадиган ўзига хос восита вазифасини ўтайди, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Нилуфар Йўлдашева. — Шу маънода, уларда сифатсиз маҳсулотларнинг сотилишига йўл қўй­маслик долзарб вазифалардан ҳисобланади. Лекин яширишнинг ҳожати йўқ, бу борада ечимини кутаётган масалалар оз эмас. Натижада истеъмолчилар томонидан жиддий эътирозлар, шикоятлар бўлаяпти.

— Агентлигимизга жуда кўп фуқаролардан бозорларда сотилаётган сифатсиз маҳсулотлар тўғрисида шикоятлар келиб тушаяпти, — дейди «Ўзстандарт» агентлиги бошқарма бошлиғи Одилжон Тоҳиров. — Шунинг учун истеъмолчиларни сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш, тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ва сифатсиз маҳсулотларнинг ягона базасини шакллантириш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда, назорат харидига доир қарор ло­йиҳаси тайёрланди ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.

Қарор лойиҳасини тайёрлашдан аввал халқаро тажрибани ўргандик. Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида рапекс тизими бор бўлиб, ундаги маълумотлар базасида ҳар ҳафта сифатсиз маҳсулотларнинг рўйхати автоматик равишда янгиланиб борилади. Япония, Жанубий Корея, Беларусь, Россия, Украина давлатларида ҳам худди шу тизимда иш юритилар экан.

Ўтган йили агентликнинг сертификатлаштириш идоралари, синов лабораториялари томонидан 141 миллиард сўмлик маҳсулот яроқсиз, деб топилган эди. Жорий йилнинг биринчи чорагида 31 миллиард сўмлик маҳсулотнинг яроқсизлиги аниқланди. Уларнинг асосий қисмини озиқ-овқат, автомобиль, скрининг, маиший техника маҳсулотлари ташкил қилади. Сифатсиз маҳсулотларнинг асосий қисми ­Хитой, Россия ва Туркия давлатлари орқали кириб келаяпти.

Яқинда Наманган вилоятида ишлаб чиқарилаётган колбаса маҳсулотидан намуна олиб, лаборатория синовидан ўтказдик. Натижалар шуни кўрсатдики, колбаса таркибидаги ёғ органик кислотада эримади. (Ошқозонимизда овқатни ҳазм қилиш учун ишлаб чиқариладиган кислота — органик кислота ҳисобланади). Яъни, колбасага инсон ошқозонида ҳазм бўлмайдиган ёғ қўшилган. Колбаса таркибида модефикацияланган организм борлиги, сунъий бўёқлар ишлатилганлиги маълум бўлди. Модефикацияланган организмни озиқ-овқат маҳсулотларида қўл­лашни тақиқлаш бўйича ҳозир қонунчилигимизга тузатиш киритиш устида иш олиб борилаяпти. Лекин гап шундаки, ҳали бу ишлар якунлангани йўқ. Организм учун хавфли колбаса маҳсулоти эса сотилаяпти.

«Ўзстандарт» агентлиги томонидан тузилган режага биноан ­бирор-бир маҳсулот текширилаётганида шаффофликка амал қилинади — уни сотиб олишдан тортиб, лаборатория, хулосалаш жараёнлари видеокамерага ёзилади.

Хорижий давлатларда маҳсулот эскиришидан бир ҳафта олдин чегирма берилади, бир кун олдин эса маҳсулот растадан олиб ташланади. Лекин бизда бундай тизим йўқ. Шунинг учун буларни ҳам кўриб чиқиш керак.

Бир қатор давлатларда сифатсиз маҳсулот ишлаб чиққан ва ­реализация қилган тадбиркорга энг кам ойлик иш ҳақининг 300-1000 баробаригача жарима белгиланар экан. Қозоғистонда 300, Россияда 1000 баробар бўлса, Жанубий ­Кореяда бундай иш қилган тадбиркор жиноий жавобгарликка тортилиб, умрбод қамоқ жазосигача жазоланар экан.

Мамлакатимизда бундай хато учун тадбиркор энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаригача миқдорда жарима тўлайди. Тасаввур қилинг, тадбиркор бозорда 10 миллион сўмлик сифатсиз маҳсулот сотаяпти. У 500 минг сўм миқдорида жарима тўлаб, яна ишини давом эттираверади. Бизда ҳозирча ана шундай ҳолат кузатилмоқда.

Савдо расталарида сифатсиз, сертификатсиз сотилаётган маҳсулотлар жуда кўп. Бунинг олдини олиш учун агентлик ходимлари ўз ваколати доирасидаги ишларни амалга оширмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг «Бозорлар ва савдо комплекслари ­фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, сифатсиз маҳсулотларни аниқлаш бўйича ягона ваколат давлат солиқ идораларига берилган. «Ўзстандарт» агентлиги ушбу рўйхатга киритилмаган. Қарорда давлат ветеринария қўмитаси ҳамда Давлат санитария-эпи­де­миол­огия назорати марказларининг бозорларда лабораториялари бўлиши керак, деб ёзилган.

2017-2018 йиллар учун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси билан имзоланган меморандум асосида бозорларда сотилаётган маҳсулотлар сифати лаборатория текширувидан ўтказилаётгани, сифатсиз маҳсулотлар ҳақидаги хулосалар тегишли ташкилотларга берилаётгани ҳақида маълумот берилди...

Давра суҳбатида «Ўзстандарт» масъул ходимлари — Абдурауф ­Расулов ва Жамол Мелибоев ҳам кун тартибидаги масала бўйича ўз фикрларини билдиришди. Ички бозорлардаги истеъмол озиқ-ов­қатлари ва бошқа турдаги маҳсулотлар сифати бўйича жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш зарурлиги ҳақида мулоҳазалар айтилди.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.