05.06.2018

БЕБАҲО НЕЪМАТНИ АСРАЙЛИК

Сув – ҳаёт демакдир. Оби-ҳаёт бор жой гуллаб-яшнайди, тўкинлик ва фаровонлик бўлади. Шу боис ота-боболаримиз сувни эъзозлаб, исроф бўлишига йўл қўймаган. Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 29 май куни ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар экиш ва сувдан оқилона фойдаланиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Хўш, бу борада Сурхондарё вилоятида қандай ишлар амалга ошириляпти? Миришкор бободеҳқонлар, мутахассислар нима дейди?

 

Фахриддин УМАРОВ, «Тўпаланг-Қоратоғ» ирригация ­тизими бошқармаси бошлиғи:

Тасарруфимизда умумий узунлиги 354 километрни ташкил қиладиган 21 туманлараро канал ва қатор қурилмалар бор. Бош­қармамиз воҳанинг Қизириқ, Бойсун, Қумқўрғон, Шўрчи, Узун, Сариосиё ва Денов туманларидаги 117 минг 800 гектардан ортиқ пахта, ғалла ва бошқа экин майдонларини сув билан таъминлайди. Жорий йилнинг февраль ойида 2018 йил мавсумида экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш ва сув танқислиги салбий оқибатларининг олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинганди. Шунга кўра, суғориш давридаги устувор вазифаларни белгилаб олдик. Қисқа даврда умумий узунлиги 17,5 километрли магистраль ва туманлараро каналлар тозаланди. Жойлардаги 29 та сув ўлчаш ва 9 та йирик гидротехник иншоотлар таъмирланиб, 19 суғориш агрегати ҳамда 10 қудуқ шай ҳолга келтирилди.

Замонавий суғориш технологияларини жорий қилиш давр талабидир. Шунга асосан, амалдаги қишлоқ хўжалиги йилида 266 гектар майдон томчилатиб суғорилади. 725 гектар ерга кўчма эгилувчан қувурлардан фойдалансак, 642 гектардан ортиқ экинга плёнка ёрдамида сув таралади.

Маълумки, тунгги суғориш тежамкор ва самарали усул ҳисобланади. Мазкур йўналишда бошқармада махсус ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, тажрибали ходимлар кузатув-мониторинг ишларини олиб бораяпти. Фаолиятини тўғри йўлга қўйган истеъмолчилар рағбатлантирилади, хўжасизларча фойдаланганларга эса сув инспекцияси ходимлари томонидан тегишли чоралар кўрилади.

Баҳорнинг сўнгги ўн кунлигидаги ёмғир Тўпаланг, Жанубий Сурхон сув ­омбори ва бошқа иншоотларни етарли захира билан тўйинтирди. Аммо ёз ва куз ойларида танқислик кузатилиши мумкин. Мутахассислар лимит ўтган йилга нисбатан 10-12 фоизгача кам бўлишини маълум қилишди. Масалан, 2017 йилги мавсумда (1 апрелдан 1 сентябрга қадар) 998,5 миллион куб сув олинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич ўртача 878 миллион кубни ташкил қилиши таъкидланмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, ғаллакор, пахтакор ва томорқа ер эгалари учун зарур шароитлар яратиш, энг муҳими, сув тан­қислигининг олдини олиш бўйича вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида махсус дастур асосида иш олиб борилаяпти.

 

Тўлқин ЖУМАЕВ, Денов туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғининг ўринбосари:

— Тўпаланг сув омбори мамлакатимиздаги йирик иншоотлардан ҳисобланади. Чуқурлиги 170-180 метр, узунлиги 16 километр, эни эса 400-600 метрга тенг. Ҳавзага Ўзбекистондаги энг баланд чўққи — Ҳазрати Султон музликларидан обиҳаёт келади. Айни кунларда 340-350 миллион куб сув тўпланган. Бу меъёрга яқин, деганидир. Сув ­омбори Сариосиё, Денов, Олтинсой, Шўрчи, Қумқўр­ғон туманларидаги 130 минг гектарга яқин майдонни сув билан таъминлайди. Келажакда бу кўрсаткич 265-270 минг гектарни ташкил қилиши кўзда тутилган.

Сув танқислигини бартараф этишда Уч­қизил, Дегрез, Оқтепа сув омборлари ва ­Жарқўрғон гидроузели ҳам айни муддао бўлмоқда. Воҳада Сурхондарё, Шерободдарё, Қоратоғдарё, Тўпалангдарё, Сангардакдарё, Ҳазорбоғ, Дайтўлак, Қумқўрғон, Аму-занг, Шеробод каби дарё ва каналлар бор. Тоғ ва тоғолди ҳудудларида юзлаб чашмаю булоқлар учрайди. Буларнинг ҳаммаси борлиқнинг бебаҳо неъматларидир. Аммо сув сероб экан-ку, эртага яна бир гап бўлар, қабилида иш кўриш салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин...

 

Шокиржон МИРЗАЕВ, Сариосиё туманидаги «Шодмон-Шокир» фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

— Фермер хўжалигимиз 2006 йилда ташкил топган. Тасарруфимизда 40 гектар ер майдони бор. 20 гектардаги буғдой 5 марта суғорилган бўлса, 3 марта ўғит берилди. Ҳар гектар майдондан ўртача 55-60 центнердан ҳосил олиб, режани 110 фоизга бажармоқчимиз.

Апрель ойининг бошларида 20 гектардаги чигит тўлиқ ва бир текис ундириб олинган эди. Зарур ўғит берилиб, уч марта культивация қилдик. Ҳозир пахта қатор ораларига иккинчи ўғит ва навбатдаги ишлов бериляпти. Кейин шарбат суви таралади. Энди тунда суғориш усулидан фойдаланамиз. Бир гектар майдондаги пахтага ўртача 10-12 минг куб метр сув сарфланса, тунда бу кўрсаткич икки мартагача камаяди. Нам сақланиши мўътадиллашади, ҳосилдорлик ортади. ­­­­­­­­Оби-тобидаги ишлов эса ҳосилга ҳосил қўшади. Далаларни кўллатмаслик ва чан­қатмаслик ҳам муҳимлигини унутмаслик керак. Бир сўз билан айтганда, «Ғўзадан кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги»да барча агротехник юмушларни сифатли ва намунали амалга оширишни устувор вазифа қилиб белгилаганмиз.

 

Рустам РАМАЗОНОВ, Ўзбекистон ХДП Сариосиё туман кенгаши раиси:

— Яқинда депутатлар ва фаоллар иштирокида давра суҳбати ташкил қилинди. Махсус «йўл харитаси» тузилиб, Сариосиё туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳининг 8 нафар аъзоси фермер хўжаликларига бириктирилди. «Зарбдор ойлик»ни намунали ташкил қилиш вазифалари белгилаб олинди.

Ҳозир сув танқислигининг салбий ҳолатларини камайтириш чораларини кўришимиз муҳим аҳамиятга эга. Биз партия фаоллари ва депутатлар бир ой давомида пахтакор ва ғаллакорлар муаммоларини ўрганиб, ёрдам кўрсатишимиз зарур. Айниқса, сувдан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ тарғ­ибот ишларини кучайтиришимиз керак бўлади.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.