05.06.2018

РАМАЗОН — САБР ВА МУКОФОТ ОЙИ

Тошкент шаҳридаги Носирхон жомеъ масжиди имом-хатиби ­Абдулҳаким Матқулов бу ҳақда мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:

Бисмиллаҳир раҳмонир роҳим. Ал­ҳамду лиллаҳи роббил аламин. Вассолату вассаламу ъала расулилиҳи ва ъала олиҳи ва асҳаби ажмаъийн. Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Муҳаммад алайҳиссаломга дуруду салавотлар бўлсин.

Рамазон — сабр ойидир. Сабрнинг мукофати эса жаннатдир. Рамазон — эҳсон ойидир. Бу ойда мўминнинг риз­қи зиёда бўлади. Кимки бу ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан кам бўлмаган савоб берилади. Аллоҳ таоло бу ойда рўза тутишни фарз қилди, ­Расули акрам (с.а.в.) Рамазон кечаларида ибодат қилишни суннат этиб белгиладилар. Ушбу ойда ким нафл амалини бажарса бошқа ойда фарз амалини бажарган билан тенг бўлади. Кимки бу ойда фарз амалини бажарса, бошқа ойда етмишта фарз амалини бажарган савобни олади.

Юртимизда муборак Рамазон ойининг савобу самарасидан баҳраманд бўлиш иштиёқи дилида иймон-эътиқоди мустаҳқам бўлган ҳар бир юртдошимизни эзгу ишларга ундамоқда. Қўни-қўшни, қариндош-уруғлар бир-бирига янада яқинлашишга, қалбидаги пок ният ва истакларини ошкор этишга интилиб, ҳар қачонгидан ҳам мурувватлироқ, меҳрлироқ бўлиш илинжида савобли ишларга қўл ургиси келаётгани бежиз эмас. Зеро, муқаддас Ислом динининг мазмун-моҳияти аслида инсонпарварлик, дўстлик, баҳамжиҳатлик каби олижаноб туйғуларга асосланган.

Ана шундай мақсадлар йўлида қилинган хайрли амалларнинг асосийси етим-есирлар, бева-бечоралар, касалманд, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг кўнглига йўл топишдан иборатдир.

Муборак ойнинг хосиятлари ҳақида гапирадиган бўлсак, ушбу ой одамлар учун ҳидоят, тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Рамазон ойида ёлғиз кексалар, эҳтиёжманд кишилар, ногиронлар, касалмандлар учун хайрия тадбирлари ўтказилади. Саховатпеша инсонлар томонидан уларга моддий ёрдамлар кўрсатилади. Имом хатиблар аҳоли ўртасида Рамазон ойининг хал­қимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти, юртимиздаги осойишталик, шукроналик, неъматларнинг қадрига етиш ва уни асраб-авайлашни тарғиб этишга қаратилган давра суҳбатлари, маърифий сабоқлар ўтказадилар.

«Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур...», де­йилади Ҳадиси шарифда. Яъни ўша эшиклардан Аллоҳнинг раҳмати, хайр-барака ёғилур. Раҳмат фаришталари тушур. Бандаларнинг тутган рўзалари, қилган яхши амалларининг савоблари чандон-чандон кўпайиб осмонга кўтарилур. Рамазон фазилатлари эзгуликлар, яхшиликларга уйғундир. Бу кунларда барча жойда кексаларимиз, фахрийларимиз ўзларининг кўп йиллик ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, ёшларни меҳр-мурувватли бўлишга, хайр-саховат ишларини бажаришга, камтар, оқибатли, гўзал ­хулқли, одоб-икромли, меҳнатсевар бўлишга ундаб, шу азиз юртимизнинг қадрига етиш, унинг гуллаб-яшнаши йўлида астойдил ҳаракат қилишга ундашлари Рамазон ойига хос бўлган кўплаб эзгу амалларимиз билан чамбарчас боғланиб кетиши бежиз эмас.

Ҳа, Рамазон ойида инсонийликка хос бўлган маънавий поклик, шукроналик фазилатларини янада намоён бўлиши учун муқаддас динимиз ақидаларини эъзозлаб, буюк алломалар, азиз авлиёларнинг мўътабар қадамжоларини янада обод қилиш борасида қўлимиздан келганича астойдил ҳаракат қилиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Жобир (р.а.) Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилганлар: «Рамазон ойининг охирги кечасида еру осмонлар ва малоикалар: «Муҳаммад (алайҳиссалом) умматига мусибат бўлди», деб йиғлайдилар. Шунда: «Эй Расулуллоҳ, у қандай мусибат экан?» деб сўрашди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар»: «Рамазоннинг кетишидир. Чунки бу ойда дуолар мустажоб, садақалар мақбул, яхшиликлар кўпайтирилган, азоб эса, дафъ қилингандир».

Рамазоннинг кетишидан ҳам каттароқ мусибат борми! Осмонлару ер ва малоикалар йиғлашидан кўра, бизлар афсусланишга ва йиғлашга ҳақлироқмиз. Чунки бу фазилату кароматлар улардан эмас, биздан узилмоқда. («Ҳаётул қулуб»).

 

Шаҳбоз САИДОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.