Энг гавжум чорраҳалардан бири бўлган Махтумқули ва Оҳангарон кўчалари кесишмасида барпо этилаётган уч қаватли янги кўприк қурилиши тирбандликни камайтириб, ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлайди.
Кўприкнинг Паркент кўчасидан Оҳангарон шоссесига ўтувчи қисмида узунлиги 500 метрдан зиёд туннель қурилади. Иккинчи босқичда Қорасув даҳасидан Махтумқули кўчасига чиқувчи йўлнинг мазкур туннель устидан ўтган қисмида айланма кўприк бунёд этилади. Иккала кўприк устидан ўтувчи учинчи қават Махтумқули ва Темур Малик кўчаларини туташтиради. Шунингдек, Тошкент механика заводида таъмирланган самолётларни ишбилармонлик аэропортига олиб бориш учун йўл ўтказгич барпо этиш режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, шу чоққача юртимизда уч қават кўприк қурилмаган эди. Эндиликда Ўзбекистон эстакада бунёд этиш тажрибасини ҳам ўзлаштирмоқда.
Қурилиш ишларини 2019 йил август ойида тўлиқ якунлаш режалаштирилмоқда.