31.05.2018

ЭРТАНГИ КУНГА ИШОНЧ

андижонликлар кайфиятини янада кўтарди, уларни юксак марраларга руҳлантирди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижонда бўлганида бу ерда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, бунёдкорлик, ободонлаштириш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан танишиш баробарида оддий одамлар билан мулоқот қилди, уларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди. Бу андижонликларнинг кайфиятини кўтарди, ёруғ кунларга ишончини мустаҳкамлади.

 

Қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароит

Андижон вилоятида «Обод қишлоқ» дастури асосида аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, ижтимоий-муҳандислик инфратузилмасига эга замонавий уй-жойлар, маиший ҳамда сервис шохобчалари қуриш жадаллик билан давом этмоқда.

Дастур доирасида вилоятдаги 14 туманнинг 28 маҳалла фуқаролар йиғинлари танланди. Биринчи навбатда уй-жойлар, муҳандислик иншоотлари, марказий ва ички йўлларни таъмирлаш, маҳалла гузари, замонавий маиший хизмат кўрсатиш масканлари, маданият уйи, болалар ўйин майдонлари барпо қилишга эътибор қаратилди. Мавжуд 9292 уй-жойнинг 5207 тасида таъмирлаш ишлари бажарилди. Ҳозиргача маҳаллалар ичида 26,5 километрга яқин ичимлик суви қувурлари тортилди. 90 километр электр тармоғи, 21 трансформатор пункти қурилиб, 71 таси созланди. 30 умумтаълим мактаби, 31 мактабгача таълим муассасаси, 12 соғлиқни сақлаш маскани ва бошқа соҳа объектларида кўзда тутилган қурилиш, таъмирлаш ишлари жадал боряпти.

Ҳудудлардаги 202 бозор инфратузилмаси объекти, сервис устахонаси, мини-маркет, сартарошхона, ҳаммом, пойабзал таъмирлаш дўкони, гўзаллик салонлари, кичик бозорлар тадбиркорларнинг маблағи, тижорат банклари кредити ҳисобидан барпо қилиниши дастурнинг устувор режаси ҳисобланади.

 

Шаҳриобод — ҳуснободга айланди

Дастлаб Улуғнор туманидаги Шаҳриобод маҳалла фуқаролар йиғинида бошланиб, тизимли давом этаётган ишларга аҳоли ҳам қўл қовуштириб қараб ўтиргани йўқ. Қўшқаватли 31-уйнинг ярмидан кўпи ҳашар йўли билан қайтадан чирой очди. Турар-жойлар худди кичик шаҳарчадек кўриниш касб этди. Уйлар томи замонавий қоплама билан ёпилди, фасадлари пардозланди. Йўлакларга бетон плиткалар терилди. Уйлар саҳни гулзор, экинзор бўлди.

— Шаҳриободнинг 3-уй, 13-хонадонида яшаймиз, —дейди Жамилахон Ҳасанова. — Қисқа муддатда бир олам ўзгариш бўлди. Аввалги кўримсиз ҳолатга ўрганиб қолган эканмиз, энди кўзимиз очилди. Уйимиз олдидаги болалар майдончаси ўрнида молхона, қўйхона бўлганини айтсам, ишонмайсиз. Энди болажонлар мазза қилиб ўйнаб, ҳордиқ чиқаришяпти.

Шундай пайтда қараб турмадик. Қўшниларим Нигорахон, Ойдиной билан уйимиз атрофига гул кўчатлари экдик. Меҳмон чақирсак ҳавас қиларли обод манзил бўлди. Уйимизнинг томи ҳам рангли тунукада ёпилди. Табиий газ, электр узлуксиз бериладиган бўлган. Янги трансформатор ўрнатилиб, электр ҳисоблагичлар марказлашган усулда ишлайдиган бўлди.

— Қўшним Муҳаббатхон Исоқова билан ҳашарга чиқдик, — дейди Мавлудахон Солиева. — Мамлакатимиз Президентининг қишлоқ аҳолисига қилаётган ғамхўрлигидан жуда хурсандмиз. Моҳи Рамазон кунларида дуодамиз.

— Ширкатимизга 8 та қўшқаватли уй қарайди, — дейди «Шижоат ғайрат» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Насибахон Сатторова. — «Улуғнорголденколер», «Бегойим» қурилиш фирмаларининг усталари турар-жойларни кўнгилдагидек таъмирлашди. Энди уйларимиз кўркини асраш, сақлаш бизнинг вазифамиз.

«Обод қишлоқ» дастурида фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясига ҳам эътибор қаратилган. Шаҳриобод маҳалла фуқаролар йиғинидаги 38 нафар ногироннинг 22 нафари хотин-қизлардан иборат. Уларнинг иккитасига газ плитаси топширилди. Ёлғиз яшовчи Ҳалимахон Арзиевага даволаниш учун кўп тармоқли вилоят шифохонасига ордер ажратилди.

Бугун Шаҳриободни кўрсангиз, Ҳуснобод дейсиз. Ободлигига ҳавас қиласиз, қуёшли кунда ҳам, тунда ҳам ёруғлик, ободликдан ороланяпти. Бундан эл рози.

Давлатимиз раҳбари Улуғнор туманида бўлганида ана шу ишлар билан танишди, аҳоли бунёдкорлик ишларидан хурсандлигини билдирди.

 

«Samo» брендининг рангли жилоси

Ишбилармон ака-ука Ёрқинжон, Акмалжон, Акрамжон Ғаниевлар томонидан Хўжаобод туманида ташкил этилган «Samo» корхонасининг кийим-кечак маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам харидоргир бўлмоқда.

Авваллари трикотаж матолар Тошкентда бўяб олиб келинарди, харажат ортарди. Тадбиркорлар эски консерва заводининг қаровсиз биноларини «ноль» қийматида олиб, янги «Нил грант» тўқув корхонасини барпо этишди. Ёнида «Cristal color textile» МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди. Энди бўяш жараёни шу ерда бажарилаяпти. Шунинг ҳисобига сарф камайиб, маҳсулот таннархи арзонлашди.

— Корхонамиз замонавий талаблар асосида мукаммал жиҳозланди, — дейди директор Дилшодбек Ҳамроқулов. — 1,5 миллион долларлик дастгоҳ Туркиядан, қиймати 1 миллион евро бўлгани эса Италиядан келтирилиб, монтаж қилинди. 200 киши иш билан таъминланди. Биринчи босқичда бир кеча кундузда 12 тонна мато бўялади. Яна турли рангларда болалар, аёллар, эркаклар кийимларига гуллар босилади. Кийим-кечак учун ишлатиладиган резина ва иплар ҳам шу жойда тайёрланади. Ҳозир «Samo» бренди остида тайёрланган замонавий андозадаги тайёр кийимлар жуда харидоргир, экспорт кўлами ҳам ортди.

— Гул босиш дастгоҳини ишлатишни туркиялик мутахассис Эрхон Гариббейдан ўргандим, — дейди ишчи Асрорбек Ҳошимов.

Рангли газламадан тикилиб, чиройли гуллар солинган болаларбоп кийимларни Ойдин Маматожиева, Муҳсина Иброҳимовалар кўркам қутиларга жойлашяпти. Маҳсулотларнинг андозаси ҳавас қиларли.

                

Инсулин ўзимизда ишлаб чиқарилади

Андижонда фармацевтика тармоғини ривожлантириш, хориждан келтирилаётган дори-дармонларни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга оид лойиҳаларни амалга оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Андижон туманининг Хортум қишлоғида «Zamin Bio Healh» МЧЖнинг ишга тушиши йилига 10 миллион флакон инсулин ишлаб чиқариш имконини беради. Бунгача қандли диабет хасталигини даволашда қўлланиладиган бу дори воситаси хориждан келтириларди. Энди бу дори воситасининг импорти ҳажми камаяди, нархи арзонлашади.

Президентимиз ушбу корхона фаолияти билан танишиб, бундай ташаббуслар албатта давлат томонидан қўллаб-қувватланишини билдирди.

 

Пиллачилик равнақи

Андижон туманидаги «Andijan Silk.Co» МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон — Хитой корхонасининг иш бошлаши Президентимизнинг Андижонга ташрифи кунларига тўғри келди.

Корхонага Хитойда ишлаб чиқарилган ип-йигирув ва тўқув дастгоҳлари ўрнатилди. 150 киши ишли бўлди. Лойиҳанинг тўлиқ қуввати 300 тонна қуруқ пиллани қайта ишлашга мўлжалланган. Жорий йилда 5,1 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган. Ипакдан тайёрланган кийимлар дунё бозорида харидоргирлиги сир эмас.

— Янги корхонада ишлаётганимдан мамнунман, — дейди Маликахон Эшонова. — Менга ўхшаб бекор юрган 200 га яқин хотин-қиз ишли бўлди.

Илгари пилла етиштиришда муаммолар кўпайганди. Бугун бу соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар бўлмоқда. Пиллачилик равнақи ипак қурти боқиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, пиллакорлар меҳнатини рағбатлантириш билан боғлиқ. Ҳосилдор тутзорларни барпо этиш ипакчилик ривожига замин бўлади. Бу борада Марҳамат туманилик олим Абдуфаттоҳ Мусулмонқулов маҳаллий навни хориж навига пайванд қилиш йўли билан тут ўстирди. Тут ҳосилдор, барглари баракали. Андижонда уч марта пилла ҳосили етиштиришни йўлга қўйиш чоралари кўриляпти.

— Келиним Нодирахон билан икки қути ипак қурти боқиб 150 килограмм пилла топширдик. Меҳнатимиз қадр топаётганидан, пиллани қайта ишлайдиган корхона қурилганидан хурсандмиз, — дейди Булоқбоши туманидаги «Зиёиддин Пароҳиддин» фермер хўжалиги пиллакори Одинахон Ўрмонова..

 

Банан етиштиришнинг андижонча усули

— Президентимиз ўтган йили вилоятимизга келганида Асака туманида замонавий иссиқхона ташкил этиш лойиҳасини кун тартибига қўйган эди, — дейди «Сабо ҳамкор» МЧЖ раҳбари Муҳаммаджон Дадажонов. — Ишга астойдил киришдик. «Асакабанк» туман филиали кредити, жамоанинг 500 минг доллар маблағи эвазига Туркиянинг «Аsiya Modern SerachiIik» компаниясидан иссиқхона ускуналари келтирилиб монтаж қилинди. Ажратилган 5,8 гектар ер майдонининг 3 гектарида иссиқхона комплекси барпо этилди. Икки гектарида яқинда Туркиядан олиб келтирилган 5 минг туп банан кўчати тажриба тариқасида парваришланаяпти.

Президентимиз «Сабо ҳамкор» МЧЖнинг иссиқхона комплексида бўлиб, бир йил ичида нима ишлар қилингани билан танишди. Замонавий технология асосида операторлар ниҳолларни компьютер дастурига мувофиқ томчилатиб суғориб, озиқлантираяпти. Мўътадил об-ҳавода банан кўчатлари баравж ўсяпти.

— Икки гектар экинзорни тўрт қисмга бўлиб, кўчатларнинг ҳолатига қараб, навбатма-навбат ишлов берамиз, — дейди оператор Раҳматилло Маматқулов. — Ишни сифатли, муддатида амалга оширилиши кўчатлар ривожини меъёрида бўлишини таъминлайди.

— Банан кўчатларида ҳосил нишоналари бор, — дейди иш бошқарувчи Зиёвиддин Ғаниев. — Бананнинг ҳар бир тупи дастлаб 35-50 килограммгача ҳосил беради. Тупи ёнида болалаб, ниҳоллар кўпаяди. Ҳосил йиғиштирилгач, мева берган поя кесилиб, баравж ниҳолнинг бири ўстиришга қолдирилади. Бу кўчат ривожи ва ҳосилдорлиги узвий давом этишига замин бўлади. Кесилган банан поясидан экинзор учун ўғит сифатида, ёнилғи ўрнида фойдаланиш мумкин.

Иссиқхонада маҳаллий ёшлардан 40 нафари ишламоқда. Ҳосил йиҒиштириш пайтида улар сафига 60 нафар мавсумий ишчи қўшилади.

«Сабо ҳамкор» миришкорлари бир гектар иссиқхонада гидропоника усулида помидор ҳам етиштиряпти. Помидор етилиши билан қўшни давлатларга экспорт қилинади.

— Президентимиз бир йил ичида бажарилган ишларимизни кўриб, қўллаб-қувватлаб, маслаҳатлар берди, — дейди Муҳаммаджон Дадажонов. — Замонавий технологияларга асосланган иссиқхоналарни кўпайтириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ҳисобига сара неъматлар етиштириш, даромадни оширишга ундадилар. Президентимизнинг ишончини оқлашнинг ўзи бўлмайди. Биз янги-янги инновацион технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишни режалаштирганмиз.

Бугун Андижонда муаммолар ечимини топиш, ижобий ўзгаришларга эришиш, янги иш ўринлари яратиш, фуқаролар ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш асосий мақсадга айланди. Шаҳар ва туманлар марказларида амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш кўлами кенгайиб, қишлоқларга кўчмоқда...

 

Аҳмадилло СОЛИЕВ



DB query error.
Please try later.