31.05.2018

БОЛАЛАРНИ СОҒЛОМЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИ

халқаро ташкилотлар ва экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда

Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:

— Бу йил ўқувчиларнинг ёзги таътили мавсумида 206 стационар, 978 кундузги, 129 меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари фаолият кўрсатади. 23 оромгоҳ янгидан ишга туширилади. Уларда 301 минг 589 нафар бола соғломлаштирилади. Ана шу мақсадлар учун давлатимиз томонидан 65 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.

Мамлакатимизда сўнгги икки йилда болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик, уларнинг таълим олиши ва соғлиғини тиклаш масалаларига шаффофлик тамойили асосида тизимли ёндашилмоқда. Бугунги кунда давлат ва жамоат ташкилотлари ижтимоий шериклигида болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси халқаро экспертлар ва нуфузли ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ёз мавсумида болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришни сифатли таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Март ойида ташкил этилган Республика штаби Ишчи гуруҳи ҳамда ҳудудий Мувофиқлаштирувчи гуруҳлар томонидан мавсумга тайёргарлик мониторинг қилиб борилди. Ҳар бир ҳудудда мавсумга тайёргарлик ишлари ўрганилиб, камчиликлар бартараф этилди.

Маҳаллий ҳокимликлар ва хўжалик органлари ҳамкорлигида соғломлаштириш оромгоҳларига сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни узлуксиз равишда етказиб бериш, хавфсизликни таъминлаш, малакали кадрларни жалб этиш чоралари кўрилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида махсус ўқув-услубий семинарлар ўтказилди. Мутахассислар тегишли вазирликлар томонидан янгиланган тарқатма материаллар, яъни услубий қўлланма, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш бўйича махсус сценарийлар, болалар учун фильмлар тўпламлари билан таъминланди.

Манзилли дастур асосида 100 дан ортиқ оромгоҳ таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўринишга келтирилди. 17 оромгоҳ янгидан қурилди.

2018 йилда ёзги таътил мавсумига бир қатор янгиликлар киритилди. Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси асосида иқтидорли ўғил-қизлар учун 15 интеллектуал ривожлантириш, 14 ҳарбий-спорт, 14 экологик-биологик, ўлкашунослик, 14 техник ижодкорлик, 14 бадиий ижодкорлик, 7 ижтимоий-мослашув, 129 меҳнат ва дам олиш — жами 207 ихтисослаштирилган оромгоҳ ташкил этилди.

Болаларнинг овқатланиш рационини бойитиш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам бир қатор янгиликлар жорий қилинди. Бу йилги таомномаларда дармондориларга бой экологик тоза озиқ-овқат турларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида Оролбўйи минтақасидан 4 минг нафар бола Тошкент шаҳри, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги корхона ва ташкилотларга қарашли оромгоҳларда бепул дам олдирилади. Оролбўйи ҳудудидаги эҳтиёжманд оилаларнинг 500 нафар фарзанди «Шўртангазкимё» мажмуаси томонидан соғломлаштирилади.

Шунингдек, Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилаларнинг 40 минг нафар фарзанди жамоа шартнома ва келишувлари орқали бепул ва имтиёзли соғломлаштирилади. Меҳрибонлик уйларининг 1950 нафар тарбияланувчиси ҳамда жисмоний имконияти чекланган болалар бепул йўлланма билан таъминланади. 2,5 минг нафар она-бола касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда саломатлигини мустаҳкамлайди. Бундай имтиёздан маҳаллаларда яшаётган кам таъминланган оилалар фарзанди ва ота-она қаровисиз қолган болалар ҳам фойдаланади.

Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманларидан 500 нафар бола Навоий кон-металлургия комбинати, Жиззах вилоятидан 100 нафар бола «Жиззах аккумулятор заводи» ҳомийлик маблағи ҳисобидан бепул соғломлаштирилади.

Мавсумда кундузги оромгоҳлар фаолиятини такомиллаштириш, мазмунан бойитиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, қатор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида 16-18 ёшли коллеж ўқувчилари учун Меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари ташкил этилди. Бу ерда ўқувчилар дам олиш билан бирга ўзи танлаган касб-ҳунар бўйича кўникма олади, ишлаб чиқариш амалиётини ўтайди, маданий-маърифий тадбир ҳамда спорт мусобақаларида қатнашади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан анъанавий равишда Тошкент вилоятидаги «Қуёшли» оромгоҳида Республика интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи ташкил этилди. Бу ерда турли фанлар бўйича ўтказилган «Билимлар беллашуви» ғолиби бўлган ўғил-қизлар бепул соғломлаштирилади. Бундай оромгоҳлар фаолияти ҳар бир ҳудудда йўлга қўйилади.

Мавсумни самарали ўтказишга бир қатор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари жалб этилган. Ички ишлар вазирлиги томонидан жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида 1500 нафарга яқин ички ишлар ходимлари бириктирилиб, автотранспорт ва алоқа воситалари ажратилди.

Болаларнинг оромгоҳга бориш-келиши йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари кузатуви остида амалга оширилади. Ёнғин хавфсизлиги чоралари кўрилиб, махсус бурчаклар ташкил этилди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан барча оромгоҳларда таълим-тарбия жараёнини мазмунли ташкил этиш, малакали кадрларни йўналтириш чоралари кўрилди. Ўқув-услубий қўлланмалар такомиллаштирилди. Чет тилини ўргатиш ва ихтисослаштирилган оромгоҳлар дастури кенгайтирилди. 29 мингдан ортиқ юқори малакали педагог кадрлар, етакчи ва тўгарак раҳбарлари, чет тили мутахассислари жалб этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан оромгоҳларда тиббий хизмат кўрсатиш, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишини мунтазам назорат қилиш мақсадида 3300 нафардан ортиқ тиббиёт ходими жалб этилди. Улар озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши, оромгоҳда ишловчи ходимлар ва дам олувчи болаларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлайди.

Маданият вазирлиги томонидан ёш ижрочилар, маданият ва санъат арбоблари иштирокида маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва суҳбатлар ташкил этилади. Ишлаб чиқилган Манзилли дастур бўйича ижодий жамоалар, санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар, спорт усталари, уруш ва меҳнат фахрийлари, машҳур кишилар оромгоҳларга таклиф этилади.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан махсус ишлаб чиқилган 34 номдаги ҳужжатли, бадиий ва анимацион фильмлар намойиш этиб борилади. Ҳар бир оромгоҳ болаларга мос қўшиқ, шеър ва мусиқалар ёзилган дисклар, баннер ва плакат, стенд ва кўргазмали воситалар билан таъминланди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нуруллоҳ ДОСТОН

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.