31.05.2018

МЕҲР-ОҚИБАТ МЎЪЖИЗАСИ

Эҳтиёжманд кишиларга уй-жой берилиши кўп йиллар қийналган оилаларни бахтиёр этмоқда, ҳаётдан рози қилмоқда

 

ЭЗГУЛИКНИНГ ЮКСАК НАМУНАСИ

Ҳаётда ҳар хил ҳолатлар бўлади, инсон гоҳида ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан қийин вазиятга тушиб қолади, тақдир зарбаларига қарши туришга кучи, имконияти етмай қолади. Бундай пайтда узатилган меҳр-оқибат қўллари мўъжизалар яратиб, бахтга йўл очади. Ногиронлиги бор, жуда эҳтиёжманд кишиларнинг оилаларига имтиёзли уй-жой берилишини эзгуликнинг юксак намунасига қиёслаш мумкин. Президентимизнинг ташаббуси, қатор фармон ва қарорлари асосида бу борадаги хайрли ишлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида эзгу анъанага айланиб бормоқда. Мухбирларимиз уй-жойли бўлган юртдошларимизнинг кайфияти, яшаш шароити, орзу-ўйлари билан танишди.

Узун — мамлакатимизнинг олис сарҳадида жойлашган туман. Қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош бу ҳудуд аҳолиси 156 минг нафарга яқин.

— Юртимизда эҳтиёжманд аҳолини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида янги тизим яратилмоқда, — дейди Ўзбекистон ХДП Узун туман кенгаши раиси Ибодулло Мусурмонов. — Айниқса, замонавий уйларнинг бошланғич бадал тўлови ҳомийлар томонидан ажратилаётганидан электоратимиз вакиллари ниҳоятда мамнун. Бу ислоҳотни муболағасиз тарихий янгилик, дейиш мумкин.

2017 йилда туманимизда 2 нафар ногиронлиги бўлган шахс янги йилни ўзларининг янги уйларида қарши олди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 9 оилага замонавий турар-жойларнинг калитлари топширилди. Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилининг поёнига қадар яна 16 оила уйли бўлиши кутиляпти. Бу бир туман доирасида амалга оширилаётган ишлар, холос.

Туман ҳокимлиги, Ўзбекистон ХДП туман кенгаши вакиллари ҳамроҳлигида «Янги куч» маҳалласи томон йўл олдик. Кенг ва равон йўлнинг икки томонида ажойиб иншоотлар барпо қилинган. Кўплаб мажмуалар ва савдо шохобчалари ишлаб турибди.

— Яқин йилларда бу ерда кўркам шаҳарча бунёд бўлади, — дейди йўл-йўлакай Узун туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилором Сафарова. — Ўнг томонда болалар боғчаси, унинг ёнида эса болалар майдончаси барпо қилинаяпти. Булардан ташқари, новвойхона, пойабзал таъмирлаш устахонаси ва савдо дўконларининг қурилиши авжида.

...Турфа гуллар ва дарахтлар экилган кўча томон қайрилдик. Хонадонлар олди ободонлаштирилган. Баҳорги экинлар барқ уриб ривожланаяпти. Дастлаб 5-хонадонга кирдик.

— Жорий йилнинг баҳоригача истироҳат боғининг қоровулхонасида яшаганмиз, — дейди хонадон соҳибаси, 2-гуруҳ ногирони Гулшан Қурбонова.

— Турмуш шароитимиз ниҳоятда оғир эди. Кўп йиллар қийналдик. Турмуш ўртоғим билан ажрашгандан кейин бир йилча уч болам билан онамнинг уйида яшадик...

Тўғрисини айтсам, уй-жойли бўлиш хаёлимизга ҳам келмаган. Бундай бахтни бизга раво кўрган инсонларга катта раҳмат айтаман. Уч хонали уйимизда меҳмонхона, болалар хонаси ва мўъжаз айвон бор. Икки сотих майдончада гул ва экин етиштирилаяпти. Ичимлик суви, табиий газ ва бошқа хизматлардан муаммо йўқ. Наврўз байрами кунлари қариндошлар ва маҳалла аҳли билан уй тўйини ўтказдик. Бу яхшиликларнинг барчасига муносиб жавоб қайтаришга ваъда бераман. Фарзандларимни эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялашга ҳаракат қиламан.

— Қизим ёшлигидан тикувчиликка қизиқарди, — дейди Гулшан Қурбонованинг онаси Гулсун Қурбонова. — Яхши инсонларнинг ёрдами билан у ҳам уйли-жойли, ҳам ишли бўлди. Хорижда ишлаб чиқарилган тикув машинасида этак тикади. Бундан ташқари, тиббиёт масканлари, болалар боғчалари, корхоналардан буюртмалар оляпти. Келинлар либослари қўлма-қўл бўлаётганидан хурсандмиз. Янги уй қизим ва набираларимга бахт ва омад олиб келди.

 

Етти йил ташландиқ кулбада...

...Олтинчи хонадонда истиқомат қилувчи Сафар Исаев ҳам ана шундай бахтли инсонлардан бири. Қаҳрамонимиз «Дўстлик» маҳалласидаги бир хонали ташландиқ кулбада оиласи ва уч нафар фарзанди билан 7 йил яшаб келган. Наврўз байрами кунлари у ҳам ўз уйига эга бўлди.

— Ватан — бебаҳо маскан, — дейди 1-гуруҳ ногирони Сафар Исаев. — Узоқ йиллар оиламиз билан сарсон-саргардон бўлганмиз. Ҳаловат ва хотиржамлик йўқолганди ўша кезлари. Яқинда нафақат менинг, фарзандларимнинг ҳам орзулари ушалди.

— Бахт келса, қўша-қўша келади, деганлари ҳақиқат экан, — давом этади хонадон соҳибаси Моҳичеҳра Жонлиева. — Янги уйга кўчиб келган кунимиз туман ҳокимлиги томонидан телевизор, шкаф, стол-стул, гилам совға қилинди. Саховатпеша ҳомийлар ва олийҳиммат инсонлар тез-тез хабарлашиб туришади. Ҳокимлик ва Ўзбекистон ХДП туман кенгашининг бугунги совғаларидан ҳам кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Ана шундай яхши инсонлар доим бор бўлсин!..

— Яқин кунларда пойабзал таъмирлайдиган устахона ташкил қилмоқчиман, — дейди хайрлашиш олдидан Сафар Исаев. — Икки сотих жойга иссиқхона барпо қилишни кўнгилга тугдим.

Қутлуғ ва табаррук кунларда олис ҳудуддан бир олам таассуротлар билан қайтар эканмиз, янги уй-жойлар одамларга бахт ва қувонч улашаётганидан фахр-ифтихор ҳиссини туйдик.

 

2017 йилда туманимизда 2 нафар ногиронлиги бўлган шахс янги йилни ўзларининг янги уйларида кутиб олди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 9 оилага замонавий турар-жойларнинг калитлари топширилди. Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилининг поёнига қадар яна 16 оила уйли бўлиши кутиляпти.

 

ҒАМХЎРЛИКДАН ДИЛЛАР МУНАВВАР

Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов билан ногиронлиги бўлган фуқароларга қулай шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашдик.

— Ҳокимлик қошида жамоатчилик асосидаги уй-жой комиссияси фаолият юритади, — деди у. — Унинг хулосасига кўра, ногиронлиги бўлган, оилавий шароити оғир, уй-жойга муҳтож 19 нафар фуқарога ҳокимлик балансида бўлган кўп қаватли биноларнинг биридан хонадонлар ажратилди. Шунингдек, уларга мулкдан доимий фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Ногиронлиги бўлган фуқароларни ипотека кредитлари асосида уй-жойлар билан таъминлашга ҳам жиддий эътибор қаратилаяпти. Бу борада банк муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз. Бизга мурожаат қилаётган ногиронлиги бўлган фуқаролар Президентимиз қарори асосида амалга оширилаётган ишлар кўламидан хурсанд бўлишаяпти.

Суҳбатдан сўнг ҳоким тавсияси билан Рудакий кўчасида қурилган кўп қаватли уйдаги бир неча хонадонда бўлдик.

— Бу уйларда шаҳардаги 59-кўзи ожиз болаларга ихтисослашган давлат таълим муассасаси ўқитувчилари яшаяпти, — деди ҳамроҳимиз, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги вакили Фирдавс Истамов. — Уларнинг барчаси ипотека кредити асосида уй-жойга эга бўлишди.

Ана шундай хонадонлардан бирининг соҳибасига айланган Дилшода Сайфуллаева. У узоқ йиллардан буён турмуш ўртоғи Зокир Маҳаматов билан биргаликда кўзи ожиз болаларга таълим-тарбия бериб келмоқда. Ҳар иккаласи биринчи гуруҳ ногирони.

Зокир Маҳаматов кўзи ожизлар мактабида ўқитувчилик қилишдан ташқари, касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатади. Шаҳарда яшашса-да, ўзларининг муқим уй-жойларига эга эмасди. Бу ҳақда эр-хотин обдон ўйлашиб, Президентимиз қарори асосида ногиронлиги бўлган фуқароларга берилган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда, кредит асосида уй-жой сотиб олишга аҳд қилишди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлигига мурожаат этишди. Натижада Рудакий кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг биридан 3 хонали хонадон имтиёзли кредит асосида расмийлаштирилиб берилди.

— Уйимиз кенг ва шинам, — дейди оила бошлиғи. — Расмийлаштириш ишларини амалга ошириш чоғида банк ходимлари бизга имтиёзли кредит афзалликлари, уни қайтариш муддати, тартиблари ҳақида тўлиқ тушунча беришди. Дастлабки тўлов сифатида 39 миллион сўм тўланди. Биз ҳозир яшаётган уйнинг баҳоси 141 миллион сўмдан кўпроқни ташкил этади. Банк эса бизга ушбу маблағнинг 105 миллион 800 минг сўмини имтиёзли, 7 фоизлик кредит сифатида ажратиб берди. Эр-хотиннинг оладиган иш ҳақимиз узоқ йиллик кредитни қоплаш учун бемалол етади. Масалан, иккаламизнинг ойлик иш ҳақимиз 4 миллион сўм атрофида. Яна эътиборли жиҳати, йилдан йилга бизнинг иш ҳақимиз ошиб бориши мумкин. Кредит ва унинг ҳисобланган фоизида эса ўзгариш бўлмас экан. Ана шунинг ўзи биз учун катта имконият.

— Уч нафар фарзандимиз бор, — дейди оила бекаси Дилшода Сайфуллаева. — Катта ўғлим 5-синфда, иккинчиси Глиэр номидаги республика академик лицейида ўқийди. Учинчи ўғлим мактабгача таълим муассасасига боради. Янги уйга кўчиб келганимиздан бутун оиламиз хурсанд.

— Самарқанд туманидаги Андижони маҳалласиданман, — дейди биринчи гуруҳ ногирони Жамшед Муқимов. — Анча йиллардан бери Самарқанд шаҳридаги 59-кўзи ожиз болаларга ихтисослашган давлат таълим муассасасида ўқитувчи бўлиб ишлаб келаяпман. Уч ака-ука оилали бўлгач ҳам ота ҳовлисида яшадик. Сабаби, алоҳида рўзғор тебратиш учун ўз уй-жойимизга эга эмасдик. Бунинг устига мен қишлоқдан шаҳарга қатнаб ишлардим. Масофанинг узоқлиги қийинчиликларни келтириб чиқарарди. Ҳамкасбларим, оилам билан кредит асосида уй олиш ҳақида фикрлашдим. Кейин эса Самарқанд шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилдим. Ҳокимлик комиссияси масалани ўрганиб, ипотека кредити асосида уй олишимга ёрдамлашди. «Ипотека-банк» АТИБ Самарқанд вилоят филиалидан 7 фоизлик имтиёзли кредит ажратиб беришди. Миқдори 80 миллион сўмга яқин бўлган кредитнинг 3 йилгача фақат фоизи иш ҳақимдан қайтариларкан. Мен мамлакатимизда имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган фуқароларга яқиндан кўмак берилаётганидан хурсандман. Мен Ўзбекистондек давлатда яшаётганимдан ғурурланаман. Ҳозир 2 хонали шинам уйлардан бирида яшаяпмиз. Уйимизда ҳамма шароит бор.

Уй-жойли бўлган биринчи гуруҳ ногиронлари Раъно Жамуродова, Дилфуза Барноева ва яна бошқа ҳамюртларимиз билан ҳам суҳбатлашдик. Уларнинг дил сўзларида, юз-кўзларида кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнунлик ҳисси уфуриб турарди.

 

ПРЕЗИДЕНТ ЙЎЛЛАГАН ТАБРИК

Йилдан-йилга янгидан қад ростлаётган намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойлар Косонсой тумани қишлоқларига ҳам ўзгача кўрку файз бағишламоқда. «Гўримирон» маҳалласи ҳудудида қуриб фойдаланишга топширилган икки сотихли уй-жойлар таровати маҳалла кўчаларини яшнатиб юборди. Уй эгаларигина эмас, шу уй теварагида умргузаронлик қилаётганлар ҳам миннатдор бўлишди.

Уйлардан энг биринчиси тадбиркор қиз Юлдузхон Дониёровага хотин-қизлар байрами арафасида тантанали тарзда топширилди.

Мустақиллик тенгдоши Юлдузхоннинг ота-онаси ҳали гўдаклигидаёқ вафот этиб кетишади. У беш фарзандли тоғаси — Ҳасанбой Мавлоновнинг қарамоғида қолади.

«Гўримирон» қишлоғидаги 35-умумтаълим мактабида ўқиб юрган кезларини эсларкан, устозларини мамнуният билан тилга олади. Айниқса, Санобар Атамирзаева, Дилдора Холиқоваларнинг фазилатларини санайди.

Қўқимбой маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида тикувчилик, ишлаб чиқариш технологи мутахассислиги бўйича таҳсил олган йилларида Санобар ая Маҳкамова энг меҳрибон ва сирдош устоз сифатида уни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаганини ҳаяжон билан эслайди.

— Менинг руҳим болалигимданоқ тетик ва бардам бўлган, — деди биринчи гуруҳ ногирони Юлдуз Дониёрова. — Тоғам шундай тарбия берганлар. Иродали қиз, дейишарди. Бунга сабаб ўзимнинг Мустақиллик билан тенгдош эканлигим, деб билардим. Шунинг учун ҳеч қачон бўйнимни қисмадим.

Коллежни тамомлаганимдан сўнг маҳалла-кўйнинг буюртмаларини тикиб бериб, оз-оз даромад қила бошладим.

«Юлдузхон» номидаги хусусий корхона очиб, қонуний тартибда рўйхатдан ўтиб, тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйгандим. Маҳалламиз раиси Зокиржон ака Абдуқодировнинг қўллаб-қувватлаши ва таклифи билан қўни-қўшниларимиздан 15 аёл-қизни иш билан таъминладим.

2017 йил ҳаётим саҳифаларига орзуларим ушалган йил сифатида муҳрланди. Наманган муҳандислик қурилиш институтига ҳужжат топшириб, тест синовларидан муваффақиятли ўтдим ва талабаликка қабул қилиндим. Таълим кредити имтиёзидан фойдаланиш ҳисобига шартнома пулини ўз вақтида тўладим.

Овози ўктам, шижоати баланд, ғайратли синглимиз «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамиятининг вилоят бирлашмаси «Чайка-142» русумдаги тикув машинаси совға қилганини ҳам алоҳида тилга олади. Ушбу акциядорлик жамияти билан тузилган шартномага мувофиқ, касаначилик асосида пахта терувчиларга этак тикиб бераркан, ойлик қўшимча даромад ўртача 700 минг сўм экан.

— Келгусида «Қишлоққурилишбанк» билан ҳамкорликда ҳудудимиздаги эски бинони янгидан, икки қаватли қилиб қурмоқчиман. Унда хизмат турларини кенгайтиришни мўлжаллаганман. Шу йўл билан ҳамқишлоқларимнинг оғирини енгил қилмоқчиман. Мақсад, дейилса кўпчилик эришиш мумкин бўлмаган маррани ҳам тушунади. Мен фақат эришиладиган, эришиш мумкин бўлган нарсаларни тушунаман.

 Юлдузхон Дониёрова билан унинг янги хонадонида анча суҳбатлашдик. Ошхонасини ҳам қўшиб айтсак, тўрт хонали, шинам ва чароғон уй. Жиҳозлари кўркам, ярашимли.

Меҳмонхонасида алоҳида рамкага солинган табрикнома турибди.

— Мана, бу Президентимиздан табрик, — дейди Юлдузхон фахр билан. — Табрик, тилак ва катта ишонч. Мен бу ишончни оқлашим, катта марраларга эришмоғим керак!

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

Абдурасул САТТОРОВ,

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.