29.05.2018

«НАМАНГАН НАМУНАСИ» ЯРАТИЛМОҚДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида республика идоралари, қатор вазирликлар раҳбарларига ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадида «Наманган намунаси»ни яратиш топшириғини берган эди.

«Наманган намунаси» бўйича тузилган ишчи гуруҳи томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва қишлоқларида мавжуд муаммолар комплекс ўрганилиб, бир қисми ўша жойнинг ўзида ҳал қилинди, қолганига юқори ташкилотлар ёрдамида ечим топилмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбари, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги ишчи гуруҳи Норин туманида ёшлар муаммоси билан шуғулланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари, муфтий Усмонхон ­Алимов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ ­Уч­қўрғон туманида диний-маърифий ишлар билан танишди.

Бош вазир ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбаева раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи Тўрақўрғон туманида фаолият олиб борди.

Маданият, Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари, Маънавият ва маърифат кенгаши вакилларидан иборат гуруҳ Косонсой туманида фаолият олиб борди. Бу гуруҳ маданий, маънавий-маърифий тарбия масалаларини таҳлилий ўрганиб, мавжуд нуқсонларни бартараф этиш бўйича аниқ ечимлар ишлаб чиқди.

Ишчи гуруҳ томонидан Норин тумани Ҳаққулобод шаҳридаги «Ёшлар маркази»да ўтказилган мулоқотда бандлик масаласи, янги иш ўринлари яратиш, оилавий бизнесни йўлга қўйиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, имтиёзли кредитлар асосида чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, боғдорчиликни ривожлантириш, иссиқхоналар ташкил этиш, тадбиркорларга кенг шарт-шароитлар яратиш каби масалалар муҳокама марказида бўлди.

Ҳар қандай турдаги либосларни тикиш қўлимдан келади. Тикув машиналаримиз ҳам бор, — дейди Пастки Чўжа маҳалласидан тадбиркор Алёрбек Олимов. — Фақат бизнесимизни қандай ривожлантиришни билмаймиз. Буюртма олсак-да, шогирдларим билан маҳсулот етказиб берсак.

Алёрбек шу ернинг ўзида Ёшлар иттифоқи учун 1000 дона футболка тикиб беришга буюрт­ма олди.

Тадбиркор Нодирбек Мирзаев Норин дарёси бўйида тош майдалайдиган дастгоҳ олиб келиб ўрнатиш, Даврон Собиров Халқ банки туман бўлимининг фойдаланилмай турган биносида нон ва нон маҳсулотлари ­ишлаб ­чиқарувчи кичик цех очиш истагида эканини билдирди. Яйдоқ маҳалласида яшовчи Илҳом ­Саидкамоловнинг ёғочни қайта ишлаш ва ўймакорликни ривожлантириш бўйича кредит сўраб қилган мурожаати шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Мебелсоз тадбиркорлар Зуҳриддин Лутфуллаев, Алишер Иминовларнинг устахона учун жой ажратиш бўйича мурожаатлари амалий ечим топди. Мурожаат қилганларнинг аксариятида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш мақсади устувор.

Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев, директор ўринбосари Улуғбек Мамадалиев тумандаги кутубхоналар фаолияти билан танишди. Туман марказидаги «Ёшлар боғи»да, Норин қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида замонавий кутубхона очиладиган бўлди.

Юзма-юз мулоқотлар, айниқса, ўқувчилар, талабалар, уюшмаган ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очди. Газета ва журналларни мунтазам ўқиш истагидаги ёшлар учун «Ёшлар овози», «Ёшлар нигоҳи» газеталари учун бепул обуна ташкил этилди.

Диний-маърифий соҳа вакиллари Учқўрғон туманида ­Президент авфи муносабати билан оилалари бағрига қайтган ҳамюртларимиз билан мулоқот ўтказиб, муаммоларни жойида бартараф этди.

Азизбек Тўлаков Қўғай қишлоғининг Истиқбол маҳалласида яшайди. Ҳозир 31 ёшда. 2013 йилда Россияга ишлагани борган. Санкт-Петербургда, қурилишда ишлаб юриб, ғаламисларга дуч келган. Бир-икки уларнинг суҳбатида бўлган. Очиғи, ўшанда ҳам бузғунчиларнинг асл мақсади нималигини тушунмаган. Қишлоқнинг оддий боласи эди-да. Ватанга қайтгач, тегишли идоралар томонидан Азизбек ва у билан бирга бўлганлар аниқланиб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Президентимизнинг авф этиш тўғрисидаги фармони билан Азизбек ҳам кўплар қатори оиласи бағрига қайтди.

Авф этилганлар учун яратилган имкониятлардан фойдаландингизми? — сўраймиз Азизбекдан.

  Президентимиз менга энг катта имкониятни — озодликни берди. Бундан ортиғи бўладими?! «Мезон ризо» фермер хўжалигида ишлаяпман, томорқам бор. Яқинда уйланаман. Ҳаммаси изга тушиб боряпти.

Қўғай қишлоғининг Мустақиллик кўчасида яшовчи Бекзод Дадамирзаев, шу қишлоқдан Акрамжон Абиловлар ҳам Азизбекка ўхшаб ота-оналарига етказган руҳий жабрларини эслашади, надомат чекишади.

Ишчи гуруҳи тумандаги мавжуд масжидлардаги шароитларни яхшилаш, 58 та қабристонни обод қилиш юзасидан ҳам чора-тадбирлар белгиланиб, иш ташкил этилди. Қабристонларда оммавий ҳашарлар бошлаб юборилди.

Тўрақўрғон тумани ҳудудидаги маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб хотин-қизларнинг жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати, оила илми, рўзғор илмини амалий такомиллаштиришдаги иштироки ва тарбия ишидаги ибратини ишчи гуруҳ таркибидаги Адлия вазирлиги, Оила илмий-амалий маркази вакиллари ўрганди.

Мақсадимиз — хотин-қизлардаги табиий ижтимоий қобилиятни тўла юзага чиқариш, — дейди ишчи гуруҳ аъзоси, Адлия вазирлиги ходими Қамбарали Меҳмонов. — Ота-боболаримиз азал-азалдан хотин-қизларга меҳр-муҳаббатли муносабатда бўлишган. Бунинг асоси улардаги рўзғорпарварлик, оилапарварлик фазилатларининг устуворлигидир.

Никоҳ муқаддаслиги, фарзандларимизнинг тўлақонли шахс сифатида шаклланиши билан боғлиқ муҳофаза механизмлари, қонун ва қонуности ҳужжатларида назарда тутилган меъёрлар бўйича дастлабки ўрганишлар бу борада алоҳида «Йўл харитаси» ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.

Косонсой туманида 3-ва 4-болалар мусиқа ва санъат мактаблари жойлашган. Уларда умидли ёш истеъдод соҳиблари тарбияланмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари ҳар икки муассасада бўлди. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилди.

Маҳаллаларда кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, жойларда очиқ саҳналар ташкил этиш ва улар орқали халқ орасидаги истеъдодларни юзага чиқариб, рағбатлантириш масалалари ишчи гуруҳ эътиборида, — дейди республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров.

Республика ишчи гуруҳининг хонадонма-хонадон юриб, аҳолини қийнаётган масалаларни ҳал этиши «Наманган намунаси»нинг мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёйишидан далолат беради.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози мухбири.



DB query error.
Please try later.