29.05.2018

Нодавлат нотижорат ташкилотлар: ТЎСИҚЛАР ОЛИБ ТАШЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Президент ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаш ташкил этилмоқда.

Мазкур Кенгаш эндиликда ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини аниқлаш ва миллий моделини шакллантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли равишда ўрганади.

2018 йил 1 июндан бошлаб рўйхатдан ўтказувчи орган билан ННТларнинг тадбирларини келишиш тартиби режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш билан алмаштирилади.

Шунингдек, ННТнинг ҳисоб варақларига чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет эл фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан уларнинг низомларида назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун келиб тушган пул маблағларидан ва мол-мулкдан, уларни олиш рўйхатдан ўтказувчи орган билан белгиланган тартибда келишилгандан сўнг, бирон-бир тўсиқларсиз фойдаланилади. Илгари ННТнинг ҳисоб варақларига четдан келаётган маблағлари мажбурий тарзда Молия вазирлиги тизими орқали келиб ­тушар, бу эса ўз навбатида ННТ вакилини вақтини олиши ёки маълум бир сунъий тўсиқлар қўйилиши билан маблағ ўз вақтида тушмас эди. Эндиликда ушбу оворагарчиликнинг олди олиниши ННТлар томонидан лойиҳани ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш имконини беради.

Жамоат фонди маъмурий харажатларининг, шунингдек, васийлик кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига бериладиган мукофот пули тўловларининг ва улар ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ харажатлар компенсациясининг йиллик умумий суммаси фонднинг барча харажатлари суммасининг 30 фоизидан ошмаслиги белгиланди.

ННТларнинг пенсионер ходимларига пенсия уларнинг мазкур ташкилотлардаги ­фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда, тўлиқ тўланиши ҳам фармон билан белгилаб қўйилди.

Бугунги кунда ННТларнинг энг долзарб муаммоларидан бири бу жой масаласидир. Кўп йиллардан бери ҳал этилмай келинаётган мазкур ­муаммо ҳам эндиликда ўз ечимини топди.

Йил сўнггига қадар бутун республикада бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ­негизида Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари ташкил этилади. Бу эса фуқаролик жамияти институтлари вакиллари янада шижоат билан ишлашига катта туртки беради.

ННТлар фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ундирувларни қайта кўриб чиқиш ва сезиларли даражада қисқартириш режалаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимликлари ҳузурида фуқаролик жамияти институти вакилларини қўллаб-қувватлаш фондлари ташкил этилади. Мазкур фондлар ҳудудлардаги ННТ вакиллари учун ижтимоий буюртма ва грант танловларини эълон қилади. Бу эса муҳим қулайликдир.

ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдори 5 бараварга, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 бараварга камаяди. Рўйхатга олинган ННТнинг алоҳида бўлинмаларини давлат рўйхатидан ўтказишда давлат божи олинмаслиги назарда тутилган. Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлар икки ой муддат ўрнига бир ой муддатда кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Бу жараёнда таъсис ҳужжатларни нотариал тасдиқлаш ва бошқа қўшимча талаблар бекор қилинмоқда. ННТ томонидан ҳисоботлар топшириш ва тадбирларни келишиш тартиблари осонлаштирилади. ННТ мансабдор шахслари томонидан қонун бузилиши ҳолатлари содир этилганда жавобгарлик чоралари енгиллаштирилади.

Шу билан бирга, ННТ ­фаолияти ва молиявий ҳолатининг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-моддасида белгиланган юридик шахслар олти ой мобайнида банк ҳисобварақлари бўйича пул операция­ларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик ­фаолиятини амалга оширмаган тақдирда уларни тугатиш учун асос бўлишини назарда тутувчи қоида ННТларга жорий этилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилди. Бундан кейин маълум сабабларга кўра, вақтинчалик молия-хўжалик фаолия­тини амалга оширмаётган ННТлар фаолияти тугатилмайди, уларнинг сони кама­йиши мумкинлиги ҳолатларига чек қўйилди.

Президент ҳузурида фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши тузилиши соҳадаги ­муаммоларни самарали ечишга катта имкониятлар очиб бериши кутилмоқда.

 

Иззатилло ХОДЖАЕВ,

 Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси гуруҳ раҳбари.



DB query error.
Please try later.