Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
29.05.2018

«УЙИМИЗГА ҲОКИМНИНГ ЎЗИ КЕЛДИ»

Сектордаги савобли ишлар натижасида Зилола моҳир тикувчи бўлди-қўйди

Зилолани билмайсиз, танимайсиз. У ким деб қизиқаяпсизми? Ҳозирча уни ўзи истиқомат қилаётган маҳаллада яхши танишади, «чевар қиз» деб айта бошлашганига анча бўлди...

Келинг, уни сизга таништираман: Зилола Ёқубова Хоразм вилояти, Питнак шаҳрининг Аҳмаджон Иброҳимов номли маҳалласида яшайди. Зилоланинг «тикувчилик тарихи» ҳақида яхшиси онаси Раъно Болтаевадан эшитайлик:

 

Бу бўлаётган ишлардан, давлатимизнинг фуқароларга қайишишидан миннатдор бўлаётган минглаб оналардан бири сифатида айтаманки, Президентимиз томонидан аҳоли истиқомат қилаётган барча ҳудудларда секторлар ташкил қилингани, бу секторларга масъуллар тайинлангани ҳар қандай ­муаммо ўз ўрнида, ўз вақтида хал этилишига имкон бермоқда. Қизим ­Зилола қўлида гулдек ҳунари бўлса-да, ногиронлиги боис, бекорчи эди. Тўғриси, тикув машинаси харид қилишга қўлимиз калталик қилаётганди. Секторлар очилгач, ташкил қилинган штабга бориб, шу масалани ўртага қўйдим. Бизнинг оиламиз имкони, қизимизнинг аҳволи ва қизиқишини ўрганишди, сўнгра қисқа фурсатда замонавий тикув машинаси олиб келиб беришди. Қизимнинг қувонганини айтмайсизми? Энди унинг ҳам ўз иши бор.

Ўтган йил август ойида барча ҳудудларда бевосита масъул раҳбарлар бириктирилган секторлар ташкил қилингани йиғилиб қолган муаммоларни аниқлаш, юзага чиқариш ва тезкор ечимини топишда самарали тизим бўлди. Бир сўз билан айтганда, Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари ­халққа хизмат қила бошлади.

...Питнак шаҳри ва унга ёндош маҳаллалар, яъни биз ҳикоя қилаётган секторда салкам юз минг нафар фуқаро истиқомат қилади. Вилоят марказидан саксон километр узоқликда жойлашган ҳудудда аҳоли бандлиги масаласи катта муаммо ҳисобланарди. Сўнгги йилларда бу ерда «Хоразм шакар», «GM Uzbekistan» АЖ Хоразм филиали иш бошлаб, бу корхоналарда уч мингдан зиёд киши муқим иш билан таъминланди. Президентимиз фармони билан «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси таркибига кирувчи аксар корхоналар ҳам айнан шу ҳудудда бунёд этилмоқда. Янгидан-янги иш ўринлари ташкил қилиниши аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган омилдир.

Ҳазорасп тумани ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктамбой ­Қурбонов раҳбар бўлган мазкур секторда қисқа фурсатда барча хонадонлар уйма-уй юриб, ўрганилди. Аниқланган аксар ­муаммолар жойида, тезкор ҳал қилинди, айримлари тегишлилиги бўйича вилоят ва республика масъул ­идораларига ахборот сифатида тақдим қилинди.

Ўрганиш давомида кам таъминланган, моддий ёрдамга муҳтож оилалар, фуқаролар борлиги аниқланиб, уларга тезкор тарзда моддий ёрдам берилгани эътиборли. Яхшиси, бу ҳақда одамларнинг ўзлари айтсин:

 

Омонгўзал СОТҚИЛИЧЕВА, Тупроққалъа қишлоғида истиқомат қилади:

Боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оиламиз. Топганим бола-чақа овқати, уст-бошидан ортмайди. Қўлимиз калталигидан табиий газ ва электр энергияга вақтида пул тўлолмадим. Шунинг учун бизнинг хонадонимиз тармоқдан узиб қўйилганди. Моддий аҳволимиз ўрганилиб, барча қарздорликлар бартараф этилди. Уйимизга қайтадан электр тармоғи ва табиий газ уланди. Шунингдек, уйимизнинг кадастр ҳужжатлари ҳам расмийлаштирилиб берилди. Олдинлар бундай муаммони ҳал этиш учун ҳокимликка боришинг, илтимос қилишинг керак бўларди. Сенга ҳар доим ҳам ишонаверишмасди. Эндичи? Ҳокимиятга боришнинг ҳожати йўқ, ҳокимнинг ўзи бизни йўқлаб келди. Аҳволимиз билан танишиб, барча муаммомизни тезда ҳал қилиб берди. Яна бирор муаммо туғилиб қолса, сектор штабига исталган вақтда мурожаат қилишимизни айтиб, телефон рақамларини қолдирди. Штабда фуқаролар дардини тинглайдиган навбатчи ходим ҳамма вақт бўларкан...

 

Тозагул САЪДУЛЛАЕВА, Питнак шаҳрида истиқомат қилади:

Қизим Мадинабону муттасил даволанишга муҳтож. Бу ёқда уйимиз таъмирталаб. Топганимизни фарзандимиз соғлиғини тиклашга сарфлаётганимиздан, моддий кўмакка муҳтож бўлиб қолдик. Сектор раҳбари муаммомизни ўрганиб, бизларга ёрдам қўлини чўзди. Қизимни даволатиш учун олти миллион сўм моддий ёрдам ажратилди. Республика касаба уюшмаси қўмитаси уйимизни таъмирлаш учун ўн миллион сўм маблағ берди. Мана, энди қизимнинг соғлиғи анча яхши, бошқаларга ўхшаб таъмирланган уйда яшаяпмиз. Барчаси учун миннатдормиз.

 

Улуғбек БЕКЖОНОВ, Питнак шаҳрида яшайди:

Биринчи гуруҳ ногирониман. Яшаш шароитимиз ҳам ҳаминқадар эди, турар жойга муҳтожмиз. Янги уй қурайлик, десак, иқтисодимиз кўтармайди. Сектор раҳбари аҳволимизни ўрганиб, бизларга шаҳарнинг «Навбаҳор» маҳалласидан икки хонали уй берди. Мана, бўларкан-ку! Бу борада неча идораларга мурожаат қилгандим...

 

Наргиза ХЎЖАНАЗАРОВА, Саноат қишлоғи, «Оталиқ» маҳалласи:

Бахтсиз тасодиф туфайли уйимиз буткул ёниб кетди. Тўғри, кўчада қолмадик, яқинларимиз вақтинча бошпана беришди. Аммо уйни қайтадан қуришга қўлимиз калталик қиларди. Сектор раҳбари аҳволимиздан хабар топиб, биздан кўнгил сўради. Уйни қайта таъмирлаш учун қурилиш материаллари берилди.

Бундай миннатдорликни Овшар қишлоғи, «Овшар» маҳалласида яшовчи Қувондиқ Рўзибоев ҳам билдирди. Унинг қизи Шаҳнозага даволаниши учун ўн беш миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилган. Питнак шаҳрида яшовчи Манзура Рўзибоевага 16 миллион сўм, шаҳарнинг «Муҳаббат» маҳалласида яшовчи Эгамберди Авезовга қизи ­Розани даволатиши учун 7 миллион сўм, Мухомон қишлоғи, «Шехёпи-Мутпири» маҳалласида яшовчи фуқаро Ҳакимжон Рўзиевнинг қизи Чаросхонга даволаниши учун ўн миллион сўм берилган...

Рўйхат узундан-узун. Сектор раҳбарининг амалдаги йил биринчи чорагида фуқаролар муаммоларини ўрганиш, ҳал қилиш бўйича бажарган ишлари юзасидан юқори ташкилотга тақдим қилинган ҳисоботида: «Уйма-уй юриш санаси», «Аниқланган муаммолар» ва «Муаммони бартараф этиш учун кўрилган чора-тадбирлар» устунлари бор. Тартиб рақамларида аниқ манзилдаги аниқ фуқаронинг исми шарифи, муаммоси ва кўрилган тезкор чора, берилган моддий ёрдам миқдори кўрсатилган.

...Секторларда ишлар тизимли давом этмоқда. Штаблар кеча-кундуз ишлаб турибди. Эндиликда бу ерга муҳтож фуқаролар қўлини чўзиб келишмаяпти, аксинча уларга ёрдам қўли узатилмоқда.

Аммо бу ишлар зимирида секторларда ишлаётганларнинг фидойилиги, ҳаловат билмаслиги ётибди.

...Ҳа, дарвоқе, Зилоланинг қўли бир зум ишдан бўшамайди. Яп-янги тикув машинасида бир-биридан бежирим либослар тикмоқда.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.