29.05.2018

КИТОБ – ИНСОНИЯТНИНГ ЭНГ МУҲИМ КАШФИЁТИ

Бу кашфиёт келажакда ҳам ўз қадр-қимматини йўқотмайди

24-25 май кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят марказларида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан қатор вазирлик ҳамда идоралар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда «Китобхонлик маданиятини юксалтириш — буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир» шиори остида анъанавий республика китоб байрами ўтказилди. Пойтахтимизнинг Сайилгоҳ кўчаси ҳам китобсеварлар билан гавжум бўлди.

Сайилгоҳ жажжи болажонлар, ўқувчи ва талабалар, ўқитувчилар, ота-оналар, бобожону бувижонлар билан тўла. Ҳатто хорижлик сайёҳлар ҳам бири биридан чиройли, юқори сифатли рангли китобларни катта қизиқиш билан томоша қиляпти.

Китоб байрамида ЎзХДПнинг бир гуруҳ фаоллари ҳам иштирок этишди.

 

Ижодкорлар, ноширлар, матбаачилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам шу ерда. Йўлнинг икки томонидан турли наш­риётларнинг китоб кўргазмалари ва стендлари ўрин олган.

Бу йилги китоб байрами ҳам шаклан, ҳам мазмунан янгиланган ҳолда ўтаяпти, — дейди ёзувчи Луқмон Бўрихон. — Мен истардимки, тадбир атайин ташкил этилган икки кунлик байрамдан иборат бўлиб қолмаслиги керак. Йил 12 ой биз учун китоб байрами бўлиши керак, китобни нондай, сув ва ҳаводай азиз билишимиз лозим. Бугунги тадбир қайтадан қайтган қадриятларимизнинг яна бир нишонаси. Бир пайтлар жуда кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиб келинган Сайилгоҳ кўчаси яна ўз ўзанига қайтди, маърифат-маънавият гўшасига айланди.

Китоб байрами Сайилгоҳ кўчасида ўтказилишини эшитиб, қизимни олиб келдим, — дейди Зангиота туманидан Ўғилой ­Тоирова. — Бу ердаги ўзгаришларни, илгари ёпиб қўйилган кўчаларнинг қайта очилганини кўриб, очиғи, хурсанд бўлдим. Тошкент шаҳар ҳокимлиги байрамни ўтказиш учун барча ша­роитларни яратиб берибди.

  Сайилгоҳ кўчаси бундан буён доимий равишда китоб ярмаркалари, тақдимотлар, ижодкорлар билан учрашувлар ўтказиладиган ҳақиқий маънавият шоҳкўчасига айланиши ҳаммамизни қувонтиради, — деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Эркин ­Малик. — Олдинги китоб байрамлари пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказиларди. ­Лекин турли ўйинлар кўпчиликни чалғитиб қўярди. Шунинг учун китоб байрами Сайилгоҳ кўчасида ўтаётгани кўпчилик қатори мени ҳам қувонтирди.

Китоб — бу нажот йўлимиз, маънавиятимиз бешиги, — деди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги етакчи мутахассиси, журналист Шоқаҳҳор ­Салимов. — Гўдакни бешикка солишганида, нондай азиз бўлсин, деб ёстиғининг остига бир бурда нон қўйишган. Китоб ҳар доим ёстиғимиз тагида бўлиши керак. У бизни қўллаб-қувватлайди, тўғри йўлни кўрсатади.

Ҳозир мамлакатимизда 1700 матбаа корхонаси, 140 нашриёт рўйхатга олинган. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, 14 вилоят ахборот-кутубхона маркази, туман марказлари ва шаҳарлардаги таълим муассасаларида ахборот-ресурс марказлари ­фаолияти йўлга қў­йилган.

2018 йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда унинг тизимидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари томонидан бир қатор мактабгача таълим муассасалари, мактаб кутубхоналари, билим юрт­лари ва бошқа ташкилотларга китоб ҳамда китоб маҳсулотлари беғараз тақдим этилди.

Мен бошланғич синф ўқувчиларига дарс бераман, — дейди Зангиота туманидаги 44-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ирода Илҳомжонова. 12 нафар ўқувчимни китоб байрамига олиб келдим. Уларнинг хурсандлигини айтмайсизми? Ўқувчиларимга таниқли шоир ва ёзувчилар даст­хати қўйилган китоб­лар совға қилинди, қизиқарли эртак китоблар олдик.

1-синф ўқувчиси ­Муслима Маҳмуджонова бизга ёдлаган шеърини ўқиб берди:

Сунбулада сув тиниқ,

Қўл-бетингни юв, чиниқ.

Қиш келар, деб эринма,

Менга иркит кўринма.

Яширмайман бу сирни,

Ёқтирмайман кир-чирни!

Китоб орқали бизга бир неча минг йилликлар тарихи етиб келган, — дейди Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат наш­риёти бош муҳаррири, ёзувчи Илҳом Зойир. — Китоб — инсониятнинг энг муҳим кашфиёти бўлган ва келажакда ҳам бу ўз қадр-қимматини йўқотмайди. Китоб ёзишда дастлаб папируслардан фойдаланилган. Кичик Осиёдаги Пергам шаҳрида эрамиздан олдинги II асрда мол терисидан ёзув қоғози тайёрлаш йўлга қўйилган ва у пергамент деб аталган. Демак, инсоннинг ҳамиша китобга эҳтиёжи бўлган ва бу эҳтиёж ҳозир ҳам сўнган эмас. Китоб — билим манбаи, тафаккур чароғи, инсон руҳиятининг озуқасидир.

Бундай тадбирда биринчи бор қатнашишим, — дейди ҳарбий хизматчи Фарҳод Рўзиев. — Илгари фақат китоблари орқали билган жуда кўплаб шоир-ёзувчиларни кўрдим, улар билан танишдим, дастхатлар олдим. Қизиқиб кетиб, анча китоб харид қилган эканман, бундан барибир хурсандман.

Ёзувчи ва шоирлар билан учрашаётган ёшларни, китоб тўла расталарни томоша қилаётган ўқувчиларни кузатиб, кўнглим ифтихорга тўлди, — дейди шоир Мелижон Садиров. — Демак, ҳали халқимизнинг китобга бўлган ихлоси, иштиёқи баланд экан. Ота-она китобни қадрлайдиган хонадонда фарзандлар ҳам уларнинг изидан боради, ­теран дунёқарашга эга бўлади. Ўз йўлидан адашиб, турли оқимлар таъсирига тушиб қолган ёшлардан сўранг-чи, уйида китоб бормикан, ота-онаси унинг қўлига китоб берганмикан? Ҳамма адашишлар, касофатлар билимсизликдан, оқ-қорани танимасликдан келиб чиқади.

Бугунги байрам — маънавиятимиз даражасини белгилайди. Қаранг, одамлар китоб расталаридан бери келмаяпти, ҳамма китоб сотиб олаяпти. Мен ҳам невараларимга турли эртак қаҳрамонлари суратлари чизилган шеър ва эртак китоблари харид қилдим. Улар роса хурсанд бўлишади.

Китоб байрамида шоир ва ёзувчилар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирокида мушоиралар, адабий учрашувлар уюштирилди. Таниқли санъаткорлар, Ёш томошабинлар театри, Қўғирчоқ театри, турли болалар санъат гуруҳлари ўз томоша ва концерт дастурларини намойиш этди. 

«Энг яхши китобхон оила», «Энг яхши китобхон» сингари викториналар ўтказилиб, ғолибларга сов­ға-саломлар берилди. «Китоб ўқишни ёқтирасизми?» мавзусида ижтимоий сўровлар ўтказилди. «Машҳурлар китоб ўқий­ди» шиори остида ўзбек эстрада намояндалари, театр ва кино актёрлари, спорт усталари билан учрашувлар ташкил этилди. «Энг фаол иштирокчи», «Энг яхши стенд» номинациялари бўйича алоҳида ўрнак кўрсатган нашриётлар, ижодий уйлар ва матбаа корхоналари рағбатлантирилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда китоб савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорлар ўртасида ташкил этилган «Намунали китоб дўкони» танловининг вилоят босқичи ғолиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Энг гўзал манзаралардан бири Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон атрофига йиғилган жажжи кичкинтойларга ўз шеърларидан ўқиб бергани бўлди. Иккинчиси, талабалар, ўқувчилар, мухлислар Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевдан ўзлари сотиб олган китобга даст­хат ёздириб олиш учун нав­батда турди...

Тадбирнинг очилиш маросимида Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Лазиз ­Тангриев, Ёзувчилар уюшмаси раиси ­Сирожиддин Саййид ва бошқалар сўзга чиқишди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.