29.05.2018

БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАРДАГИ МУАММОЛАР

оз эмаслигини Сурхондарё вилоятидаги ўрганиш натижалари кўрсатди

Сурхондарё вилоятида 37 минг нафардан ортиқ аъзони бирлаштирган 668 бошланғич партия ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Сиёсий кучнинг суянчи ва таянчи бўлган қуйи бўғиндаги ишлар бугунги кун талабига жавоб берадими? Бошланғич ташкилотларда ҳақиқий ҳолат қандай?

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошлан­ғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори томонидан мазкур масала атрофлича ўрганилди.

  Туман ва шаҳарлар партия кенгашлари ҳамда 30 га яқин бошланғич партия ташкилотларида бўлдик, – дейди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори мудири Акмал ­Турсунбоев. –Жарқўрғон, Муз­работ, Денов туманлари ва Термиз шаҳар партия ташкилотларида муайян ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик. Аммо барча ҳудудлар ҳақида ҳам ижобий фикр билдиролмаймиз. Масалан, Узун, Сариосиё, Қизириқ, Шеробод ва бошқа туманларда кўплаб камчиликлар борлиги аниқланди. Мавжуд 668 бошланғич партия ташкилотининг 20-25 фоизи партия кенгашлари билан алоқани буткул узган. Узун туман тиббиёт бирлашмаси, Сариосиё туманидаги Алишер Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғини, ­Шеробод туманидаги 6-сонли мактаб-интернатидаги бошланғич партия ташкилотлари фаолияти бугунги кун талабига жавоб бермайди.

Аксарият ташкилотлар ҳуқуқий ҳужжат ва партиявий қўлланмалар билан таъминланмаган. Газеталар тахламлари ташкил этилмаган. Жиҳоз ва техникалар эскирган. Замонавий технологиялардан фойдаланиш даражаси ҳам паст.

 

Камчиликларни бартараф қилиш учун аҳволни танқидий-таҳлилий ўрганиш талаб қилинади. Ҳужжатларни тўғри юритиш ва уларни сақлашга эътибор керак. Сафларимизни фаол ва ташаббускор ёшлар билан тўлдириш ҳам устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Қарийб бир ҳафта давом этган ўрганишлардан кейин Термиз шаҳрида семинар ташкил қилинди. Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган тадбирда камчиликларга йўл қўйгани учун Ўзбекистон ХДП Қи­зириқ, Бойсун, Шўрчи туман кенгашлари раислари огоҳлантирилган бўлса, Шеробод туман кенгаши ­раиси ўз лавозимидан озод этилди.

Бошланғич партия ташкилотлари ишини ислоҳ қилиш давр талаби, – дейди Ўзбекистон ХДП Жарқўрғон туман кенгаши раиси Алишер Маматмуродов. — Шундагина кўзланган мақсадга эришамиз. Бунинг учун тарғибот-ташвиқот ишларини янада жонлантириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда туманимизда 2 минг 550 нафардан ортиқ аъзоларни бирлаштирган 45 бошланғич партия ташкилоти ­фаолият кўрсатмоқда. Халқ таълими бўлими, мактабгача таълим бўлими, бандликка кўмаклашиш маркази, тиббиёт бирлашмаси, ­«Нуроний» жамғармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши каби қатор ташкилотлар билан мус­таҳкам алоқа ўрнатилган. Ҳокимлик ташаббуси билан яқинда кенгашимиз тасарруфидаги 4 хона таъмирлаб берилди. Одамларга нафимиз тегиши зарур. Шунда электоратимиз вакиллари биздан хурсанд бўлади.

Қуйи бўғиндаги муаммоларни бартараф қилиш ҳақиқатан ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган экан, – дейди Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси Мавжуда Ҳасанова. — Буни алоҳида эътиборга олган ҳолда, ҳар ҳафтанинг пайшанба куни «Бошланғич партия ташкилотлари куни», деб эълон қилинди. Жарқўрғон ва Музработ туман партия кенгашлари фаолияти ­Термиз шаҳри, Бойсун туманига оммалаштириладиган бўлди. Жарқўрғон туманида «Бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини янада яхшилаш — давр талаби» мавзуида ўқув-семинар ташкил қилмоқчимиз. Партиянинг куч-қудрати бошланғич партия ташкилотларига боғлиқ. Шунинг учун йиллар давомида тўпланган муаммоларни қисқа фурсатда бартараф қилишга келишиб олдик.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.