29.05.2018

ТУРИЗМ – ИСТИҚБОЛИ ПОРЛОҚ СОҲА

Бугун туризмга мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Дарҳақиқат, бу соҳада биз катта имкониятларга эгамиз.

Масалан, биргина Самарқанд вилояти ва шаҳрини олайлик. Ҳудудда 1105 археологик, 670 меъморий, 18 монументал, 21 мемориал — жами 1851 та моддий-маданий мерос объектлари ҳамда 37 та диққатга сазовар жой мавжуд. Самарқанд шаҳрининг тарихий қисми 2011 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига «Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси» номи билан киритилган ва муҳофазага олинган.

Ҳозирги кунда вилоятда туристик хизматлар билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган 85 туристик фирма, 107 меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Улар бир вақтнинг ўзида 4500 га яқин сайёҳга хизмат кўрсатади. Яқин йилларда юртимизга келадиган сайёҳлар сонининг кескин ошиши Самарқанд вилоятида ҳам туристларга хизмат қиладиган инфратузилмалар фаолиятини тубдан яхшилашни тақозо этади. Биргина меҳмонхоналар сони 2023 йилга бориб 214 тага етиши лозим бўлади.

Бир маълумотга эътибор қаратайлик, шу йилнинг 10 февралидан айрим давлатлардан келадиган туристларга мамлакатимизда 30 кунгача визасиз бўлишга рухсат берилгани туфайли юртимизга келувчи хорижликлар оқими кескин кўпаймоқда. 2018 йилнинг 22 февраль куни туризмга бағишланган йиғилишда қайд этилишича, 30 кунгача виза олиш бекор қилинганидан кейин икки кун ичида Исроилдан Ўзбекистонга келиш учун июнь ойигача бўлган авиачипталар сотиб бўлинган.

Гап соҳанинг истиқболи ҳақида борар экан, яна бир қатор тадбирларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, туризм самарадорлигини оширишнинг яна бир йўли сайёҳларнинг мамлакатимизда бўлиш муддатини узайтириш чора-тадбирларини кўришдан иборатдир. Бунинг учун хизмат турларини сайёҳларнинг талаб ва истагидан келиб чиққан ҳолда диверсификация қилиш лозим.

Иккинчидан, туризм инфратузилмасини замон талабидан келиб чиқиб яхшилаш, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сифатли хизмат кўрсатадиган хусусий меҳмонхоналар сонини кескин кўпайтириш зарур.

Учинчидан, сайёҳлар ташриф буюрадиган масканларда ва автомагистраль йўллар бўйида барча талабларга жавоб берадиган замонавий санитария-гигиена шохобчаларини кўпайтириш масаласига ҳам алоҳида аҳамият берилиши керак. Мусулмон оламидан келадиган туристларга қулайликлар яратиш учун автомагистраль йўллар ёқасида барча талабларга жавоб берадиган намозхоналар ва намоз олди амалларини бажариш учун шароитлар ташкил этилиши ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Тўртинчидан, тарихий масканлар, меъморий обидалар, зиёратгоҳларга кириш тизимини такомиллаштириш, «САМАРТ технология»сидан фойдаланиб, турникетлар, видеокамералар ва йўл кўрсаткичлари ўрнатиш, ахборот марказлари ташкил этиб, уларда туристларни қизиқтирувчи барча хизматларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Бешинчидан, валюта тушумини кўпайтириш мақсадида туристларга янги хизмат турларини кўпайтириш билан бирга, турли товарлар ва маҳсулотлар савдосини ташкил этиш, бунда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, сувенирлар ишлаб чиқариш ва уларни туристлар дам оладиган жойларда махсус дўконларда сотиш, аэропортларда фаолият юритадиган «Дьюти-фри», «Такс-фри» тизимидаги савдо шохобчаларини йирик шаҳарларда ҳам очиш, тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда автомобиль ижараси марказлари ва Wi-Fi зоналар барпо этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Яна бир мулоҳаза: меҳмонхоналардаги ресторанлар овқатларининг ҳалоллигини тасдиқловчи сертификатларга эга бўлиши зарур. Айрим мамлакатларда нон ўрнига гуруч ишлатилишини инобатга олиб, ушбу масалаларга ҳам эътибор қаратилиши лозим, деб ўйлаймиз.

 

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

 Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, иқтисод фанлари доктори,

Жаҳонгир АБИЕВ,

 Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўқитувчиси.



DB query error.
Please try later.