Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
24.05.2018

«ҲА ЭНДИ, БИЗ ТИЛЧИ ЭМАСМИЗ» БАҲОНАСИДА ОНА ТИЛИМИЗ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗАЁТГАНЛАР

Кўпчиликка маълумки, кўчалардаги турли эълон ва рекламалар, ҳатто газета, журналлар, китобларда ҳам имловий хатолар учраб туради. Албатта, бу ҳол киши дилини хира қилади. Суриштириб кўрсангиз, кўпчилик айбни ҳарф терувчи ёки компьютерчи ходимга юклайди. Ёки: «Ҳа энди, биз тилчи эмасмиз», каби баҳонани рўкач қилади. Сўзни тўғри ёзиш учун тилчи ёки филолог бўлиш шартми? Мактабда, олий ўқув юртида ўқиган киши ўз она тилини яхши билиши керак. Агар нари-бери ўқиган бўлса, савод ҳам шунга яраша бўлади.

Ўз она тилида тўғри гапириш ва ёзиш инсон маънавиятининг муҳим мезонларидан ҳисобланади. Кўча-кўйда қад ростлаган бинолар, тўйхона ва идоралар муайян бир шахсларнинг мулкидир, лекин маданиятимиз белгиси бўлган тил ва ёзув бутун жамият, бутун миллат мулки саналади.

Шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб турган кўплаб бинолар, тўйхоналар, ресторан, нодавлат ташкилот ва хусусий фирмалар борки, биз бу биноларга фахр-ифтихор туйғуси билан қараш ўрнига, уларнинг номланишида миллийлик йўқлигидан ранжиймиз. Масалан, бинолар пештоқидаги «VERSAL», «NAPALYON», «LION», «BLACK STAR» каби номлар миллий қадриятларимизга хосми, мосми, муносибми? Ўзбек тилида бир-биридан чиройли, маъноли номлар истаганча топилади-ку.

Тилни асраш учун энг аввало оилада, маҳаллада, таълим муассасаларида, ёшларга бериладиган ҳар бир дарс жараёнларида алоҳида эътибор талаб этилади. Атоқли ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг ўша даврда талабаларга айтган қуйидаги фикри ниҳоятда ибратлидир: «Институтни битиргандан кейин жойларга бориб ўқувчиларга инглиз, немис, испан, француз тилларини ўргатасизлар. Менинг сизларга айтадиган энг зарур гапим шуки, сизлар борадиган жойларга чет тиллари билан бирга, балки биринчи навбатда, ўз она тилимиз – ўзбек тилига чексиз муҳаббат туйғусини олиб боринглар! Ўзбек тили ғоят бой, ниҳоятда чиройли, ҳар қандай фикр ва туйғуни ифода қилишга қодир эканини амалда кўрсатинглар! Қаерда ва қандай шароитда ишламанглар, тил маданиятимизнинг машъали бўлинглар!».

Тил софлиги ҳақида гап кетганда, яна Абдулла Қаҳҳорнинг ярим аср аввал билдирган ушбу фикрлари ёдга тушади: «Нима учун тилимизнинг қонун-қоидалари бузиляпти? Нима учун кўча ҳаракатини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?».

Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида ана шундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилган «Тилшуносликнинг долзарб масалалари» мавзуидаги илмий-амалий конфренцияда тилшунос олимлар ва бир қатор мутахассислар томонидан «Лингвистик экспертиза маркази»ни очиш ва таълим муассасаларида иншо, диктант, баён каби ёзма ишларга кенг ўрин бериш зарур, деган таклифлар билдирилди.

Ушбу амалий ҳаракатларимиз билан биз она тилимиз софлигига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

 

Дилфуза ТОШПЎЛАТОВА,

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 3-курс талабаси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: