24.05.2018

ОДАМЛАРГА УМИД УЛАШАЁТГАНЛАР

Миллий реабилитация маркази ва унинг вилоятлардаги ҳудудий бўлимларида ҳар йили ногиронлиги бўлган 20 мингга яқин киши комплекс реабилитация тадбирларидан ўтади

Президентимизнинг «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ногиронлиги бўлган шахс­ларга тиббий ёрдам даражаси ва сифатини ошириш масаласида қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Хусусан, касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар ўсишининг сабабларини аниқлаш, шунингдек, уларнинг олдини олишни ҳам назарда тутувчи профилактика тадбирларини кенгайтириш бўйича скрининг текширувларининг самарадорлигини ошириш белгилаб берилган.

Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази (НРПММ) бош шифокори ­Асқар МЎМИНОВ ушбу фармон ижроси юзасидан қилинаётган ишлар ҳақида мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди.

— Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ва 9 вилоятда, вазирлик тасарруфида бўлган ҳар бири 50 стационар ўринга эга (жами 500 ўрин) Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Марказимиз 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда ички, асаб, умурт­қа поғонаси жароҳати ва патология­си, жароҳатлар оқибати, протезлаш бўлимлари ҳамда ижтимоий ва касбий реабилитация функ­ционал-таш­ҳислаш, физиотерапия ва даволаш-бадан тарбия машқларини ўтказиш (жисмоний реабилитация), биокимё лабораторияси, компьютер томография, рент­ген ва бошқа реабилитация хоналари беморларга хизмат кўрсатади. Мавжуд ўринларнинг 10 таси таянч-ҳаракат тизими аъзолари функцияси бузилиши кузатилган ногиронлиги бўлган болаларга реабилитация хизматини кўрсатиш учун ажратилган. Шу билан бирга, ногиронлиги бўлмаган беморларга хўжалик ҳисобида тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида қўшимча равишда 100 ўрин ташкил этилган.

Марказимизга республиканинг барча ҳудудларидан катта ёшдаги ногиронлиги бўлган шахслар ­Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари, 16 ёшгача бўлган ногиронлик белгиланган болалар эса ўзлари доимий яшаб турган болалар даволаш-профилактика муассасаларидаги Тиббий-маслаҳат комиссиялари томонидан бериладиган ордер (йўл­ланма) асосида тузилган реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури билан биргаликда юборилади. Бир йилда марказдан жами 5,5 мингга яқин ногирон реабилитация тадбирларини олган ҳолда оила ва жамиятга фаоллик билан интеграциялашади.

Марказимизнинг асосий мақсади, турли касаллик ва жароҳатлар асоратидан ногиронлиги бўлган шахс­ларни тиббий, психологик, ижтимоий ва касб бўйича реабилитация қилиш, уларга ногиронлик масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат ёрдами кўрсатиш орқали жамиятга тўлақонли уй­ғунлашишларида кўмак беришдир.

Жорий йилдан бошлаб НРПММ амалиётида юрак фаолиятини бир сутка давомида мониторинг қилиш имкониятини берувчи ЭКГ-Хольтер тиббий аппарати, қўл-оёқлардаги бузилган ҳаракат функцияларини тиклашга хизмат қилувчи МОТОmed (Германия), PIO (Польша) тренажёр асбоб-ускуналари, нафас олиш аъзолари касалликларини самарали даволаш ва респиратор касалликлар профилактикасига мўлжалланган «Юлайзер*Pro» компрессор небулайзери (Украина) қўлланилмоқда. Ушбу тиббий асбоб-ускуналарнинг аксарияти Япония, ­Хитой, Германия, Польша, Россияда ишлаб чиқарилган ва диагностика-даволаш мақсадида қўлланилаётган тиббий ускуналар малакали ёш мутахассислар томонидан самарали ишлатилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида амалга оширилган ногиронларни даволаш ва тиклаш муолажалари ҳамда кейинчалик НРПММда бажарилган тиббий, психологик, ижтимоий, касб бўйича реа­билитация, протезлаш тадбирлари натижасида 2017 йил якунига кўра (ТМЭК қайта кўрик хулосасига биноан) 100 дан ортиқ ногиронни тўлиқ ва қисман соғ­ломлаштирилишига эришилди.

НРПММнинг бир гуруҳ шифокорлари хориждаги нуфузли йирик илмий-тадқиқот марказлари ва клиникаларида халқаро анжуманларда иштирок этиб, ногиронларни комплекс реабилитация қилиш борасидаги малакаларини ошириб келдилар, бир қатор хал­қ­­аро илмий-амалий анжуманларда маърузалар билан қатнашдилар. Германия­даги клиникалардан бирида сколиоз касаллигидан беморни жарроҳлик йўли билан даволаш тажрибаларини намойиш қи­лишди. Бугунги кунда марказимизда 3 нафар тиббиёт фанлари доктори ва 6 нафар тиббиёт фанлари номзоди ҳамда олий тоифали шифокорлар ­самарали фаолият юритмоқда. НРПММ илмий кенгашининг саъй-ҳаракатлари билан марказда Республика фан ва технологиялар агентлиги томонидан берилган 2018-2019 йилларга мўлжалланган илмий грант ишлари амалга оширилмоқда.

НРПММда кўп йиллардан буён ­фаолият кўрсатиб келаётган бўлим мудири, тиббиёт фанлари доктори, олий тоифали травматолог-ортопед ­Алишер Сатторов кейинги 5 йил мобайнида туркум янги жарроҳлик усулларини амалиётга жорий этиб, юртимиздаги кўплаб беморларни даволаб, яна оилалари, ўқиш ва меҳнат жамоа­лари бағрига қайтишига эришди.

Унинг иқтидорли шогирдларидан бири Азиз Қобилов ҳам мунтазам илмий-амалий тадқиқот ишлари билан банд бўлган ҳолда билим ва малакасини мунтазам оширишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, у Украина, ­Беларусь, Польша, Германия, Россия ва Исроил каби давлатлардаги нуфузли клиникаларда малака оширган.

Азиз Қобилов 2010 йилдан буён Марказда «Destando усулида бел умурт­қаларида учрайдиган диск чурраларини замонавий эндоскопик жарроҳлик йўли билан даволаш», умурт­қа поғонаси спондилоартрози касалликларида «пунк­цион дерицепция» жарроҳлик услубиятларини жорий этиб, самарали қўллаб келмоқда.

...Бу марказ фаолияти билан танишиб, гувоҳи бўлдикки, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш юзасидан улкан вазифалар белгиланган ва улар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бир пайтлар орзу ҳам қилиш қийин бўлган шарт-шароит­ яратилгани, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлангани учун ёрдам сўраб келганлар марказ хизматидан миннатдор бўлмоқда.

 

Мирбахтиёр МИРФАЙЗИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.