22.05.2018

МАТОНАТ, ИРОДА ВА ВАТАНПАРВАРЛИК ҒАЛАБАСИ

Россиянинг Москва шаҳрида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган I жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ғолиб чиқиб, дунёни лол қолдирди. Дарҳақиқат, қанчадан-қанча катта давлатлар вакиллари турганида Ўзбекистон футболчилари финалга чиқиб, ғолиб бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бўлса керак. Бунинг устига, мезбон — Россия терма жамоаси ҳам чемпионликка асосий даъвогарлардан эди. Аммо ўзбекистонлик болалар барча рақибларини енгиб, бош совринни юртимизга олиб келишди. Бу ғалабага юксак маҳорат ва катта ирода кўрсатишгани, чинакам ватанпарварлик фазилатларини намоён этишгани туфайли эришилди, деб ўйлаймиз.

Жаҳон чемпионатида 16.5 ёшгача бўлган болалар қатнашади. Шу кунгача улар ўртасида ҳар йили халқаро турнир ўтказиб келинаётган эди. Бу йил эса биринчи маротаба жаҳон чемпионати ташкил этилди. Бундан буён миллий терма жамоалар ўртасида жаҳон чемпионати қайси мамлакатда бўлса, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳам ўша ерда бўлади. Жорий йилдан бошлаб, чемпионат ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади.

Жамшид Асадов Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан терма жамоамиз мураббийи:

— Мен Тошкент шаҳридаги 23-Меҳрибонлик уйида футбол мураббийси бўлиб ишлайман. Ўтган йили ёзда интернет сайтида 2018 йил май ойида жахон чемпионатининг ўтказилиши ҳақидаги хабарни ўқиб қолдим. «Sen yolg’iz emassan» республика жамоатчилик болалар жамғармасига мурожаат қилиб, чемпионатда қатнашмоқчилигимизни билдирдик. Ўтган йилнинг ноябрь ойида меҳрибонлик уйлари ўртасида ўтказилган Республика турнирида терма жамоа учун муносиб номзодларни танлаб олдим. Жамоага Бўка туманидаги 15-Меҳрибонлик уйидан 3 нафар, Хлебушкина номидаги 22-Меҳрибонлик уйидан 1 нафар ва Тошкент шаҳридаги 23-Меҳрибонлик уйидан 5 нафар футболчи сараланди.

Март ойининг бошида жаҳон чемпионати бошланишига бир ой қолганида таклифнома олдик. Жаҳон чемпионати нафақат болалар учун балки мен учун ҳам катта янгилик эди. Бу борада тажрибам йўқ эди. Ҳар сафар шогирдларимга, биламан, машғулотлар оғир бўляпти, қийналяпсизлар, лекин шундай қилмасак, эртага мусобақада кучимиз етмай қолади, деб уқтирдим. Африка, Европа, Америка жамоаларини жисмоний кучи ва техникаси жуда юқори. Улар билан ўйнашимиз учун ҳар жиҳатдан тайёр бўлишимиз, ҳар қандай шароитга кўникиб кетадиган бўлишимиз керак, деб болаларнинг руҳий ва жисмоний тайёргарлигини кучайтириб бордим. Ўзбекистон терма жамоаси нима дегани, унинг ортида 33 миллион Ўзбекистон халқи турганини болалар онгига сингдирдим.

Футболчиларимиз машғулотларда жипслашиб, бир оилага айланди. Улар билан 23-Меҳрибонлик уйида бир ой яшадик, тайёрландик. Ўйлайманки, энг катта ютуғимиз бир оила бўлиб жипслашганимизда бўлди.

Чемпионат низоми ҳақида тўхталсангиз?

— Мусобақада қатнашиш учун 9 нафар — 1 дарвозабон, 8 футболчи олиб боришга рухсат берилган. Майдонда 7 киши ўйнайди, 2 киши захирада қолади. 15 минутдан 2 тайм.

Турнирга 3 кун қолганда жамоамиз сардори Эдгар Шамшиев жароҳат олди. У даволаниши учун камида икки ҳафта керак эди. Москвага 8 нафар футболчи билан йўл олдик. Лекин болалар Эдгар билан хабарлашиб туришди. Эдгар ҳам ҳар куни телефонда овозли хабарлар жўнатиб, дўстларига бўш келманглар, деб мадад бериб турди. Болаларга энди Эдгар учун ҳам ўйнайсизлар, унинг йўқлигини ҳеч кимга билдиришимиз керак эмас, дедим.

— Чемпионатнинг очилиш маросими, қуръа ташлаш маросими қандай ўтди?

— Мусобақанинг очилиш маросими жуда чиройли ўтди. Россия спорт вазирлиги, Футбол федерацияси, Россия футбол юлдузлари, миллий терма жамоа мураббийи, санъат юлдузлари иштирок этди. Ташкилотчиларга қойил қолдим, катта жамоалар учун қандай шароит яратиб берилган бўлса бизга ҳам худди шундай эътибор берилди.

Очилиш маросимидан сўнг мусобақага қуръа ташланди. Унда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси қатнашди. Покистон ва Россия билан бир гуруҳдан жой олдик. Кўпчилик бу гуруҳни «ўлим гуруҳи», деб айтишди. Нимага десам, ўтган йилги турнирда Россия билан Покистон финалда ўйнаган. Покистон финалда Россияни ютган. Сизлар чемпион ва иккинчи ўринни олган жамоа билан бир гуруҳдан жой олдингиз дейишди. Ўшанда бир журналист «Сизлар мусобақада биринчи марта иштирок этаяпсизлар, бирданига «ўлим гуруҳи»га тушдингиз, нима бўлади, деб ўйлайсиз?»... Мен унга «Биз бу мусобақага чемпион бўлиш учун келдик, бизга ким билан ўйнашнинг фарқи йўқ», дедим. Болаларга эса билиб қўйинглар, агар биз «ўлим гуруҳи»дан чиқсак, чемпион бўламиз, дедим. Чемпионат охирида ўша журналист билан учрашдик, нима деганим эсингдами, дедим. У кулди, табриклади.

— Энди ўйинлар тафсилоти ҳақида кенгроқ ҳикоя қилсангиз?

— Биринчи ўйин Покистон билан бўлди. Бу жамоанинг футболчилари биринчидан, гавдали, бақувват, иккинчидан, жуда ҳам қўпол ўйнар экан. Биринчи ўйин жуда оғир ўтди, тўрт нафар футболчимиз жароҳат олди. Икки нафар шогирдим жароҳатга чидаб ўйнади. Тошкентда ҳар доим «Болалар вақти келади, жароҳат билан ҳам ўйнаймиз, ғолиб бўлиш учун чидашимиз керак», деб айтардим.

Ҳужумчимиз Руслан Котовнинг оёғига жуда қаттиқ тепишди. Оёғи синди, деб ўйладим. Битта каммиз, захира ўйинчимиз йўқ. Уни текшириш учун тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетишди. Эй худо, шу бола ўйнамаса ҳам соғ бўлсин, деб турдим. Покистон ростдан кучли жамоа экан. Ўйинда ҳисоб очилмади. Уларни йигитларимиз майдон марказида тўхтатишга ҳаракат қилишди. Дарвозамизга яқинлаштирмадик. Агар улар жарима майдонимизга яқинлашса, гол уришади, кучли ўйинчилари бор. Биринчи таймдан кейин улар асабийлашиб, қўпол ўйинга ўтиб кетишди. Болаларимиз кайфияти жанговор эди. Уларнинг кўзида қўрқув йўқ эди.

Гуруҳ босқичи бир кунда бўлиб ўтди. Руслан шифохонадан қайтиб келиб, иккинчи ўйинда майдонга тушди. Россия билан бўлган ўйиннинг биринчи таймида биз ҳисобни очдик. Иккинчи бўлимда яна гол киритиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Гуруҳда 2-ўринни олдик. Покистон битта кўп гол ургани ҳисобига биринчи ўринни олди.

Гуруҳдан чиқиб, Непал жамоасига қарши ўйнадик. Мазкур жамоа ўз гуруҳида биринчи ўринни олган эди. Ўйинчилари жисмоний жиҳатдан жуда кучли экан. Икки нафар иқтидорли ўйинчиси бор эди. Тўғриси, чемпионат бошидан бошлаб Непалдан ўтгунимизга қадар, кўпчилик бизни ҳозир чиқиб кетади, деб туришди. Ўйин тактикамизни ҳеч ким тушунмади. Бешта ўйинда 5 хил тактика билан ўйнадик. Чунки ҳар бир жамоа кучли, ўйин услуби турлича эди. Уларнинг ҳар бирига алоҳида тактикани қўлладик.

Непал жамоаси билан учрашувда болалар жонини бериб югурди. Биз ҳисобни очдик, улар тенглаштирди. Ўйин тугашига 1 минут қолганда ҳимоядан ҳужумга копток оширилди. Руслан Котов коптокни тўхтатмасдан тепмоқчи эди, рақиб ҳимоячи унинг оёғига тепти. Пенальти берилди. Руслан яна жароҳат олди. Уни майдондан кўтариб олиб чиқиб кетдим. Пенальтига қарамадим ҳам. Руслан Караханян пеналтидан гол урди, ўйин тугади. Болаларимиз хурсандлиги ичига сиғмаяпти. Руслан оёғидаги жароҳати билан майдонда югуриб юрибди. Барчамиз ­суратга тушиб, «Мана бугун ютдик, ярим финалга чиқдик, ғалабани сенга бағишлаймиз», деб Эдгарга жўнатдик.

Ярим финалда Бурунди жамоасига қарши ўйнадик. Бу жамоа Бразилияни 5:0 га ютган эди. Ҳужум чизиғи қўр­қинч­ли даражада кучли. Бўйдор ҳужумчиси Бразилияга 3 та гол урган эди. Бир ўзи гуруҳда Бразилияни ютди. Бу ўйинни Беларусь жамоасининг мураббийи билан кўрдик, мазкур жамоа Бурундига 3:0 ҳисобида ютқазган эди. Мен мана шу ўйинчини ёпмасак ютқазамиз десам, у биз шу ўйинчидан ҳимоялана олмадик, бизга иккита гол урди, лекин сизнинг болаларингиз ҳаракат қилса уни ушлайди, деди. Бурунди ҳимоядан ҳужумга жуда тез ўтади. Уларнинг ўйинини кўрган одам профессионал футболчи деб ўйлайди. Иккита-учта тўп узатиш билан ҳужумга ўтиб кетади. Ўйиндан олдин тактик кўрсатмалар берганимда бу кучли ўйинчига Жаҳонгир Очиловни қўйдим. У бўйи паст бўлса ҳам чаққон ҳимоячи. «Жаҳонгир шу бола билан бирга юрасан, тўхтата оласанми уни десам, у «сўз бераман, бу болага копток тегмайди», деди. Жаҳонгир сўзида турди. Биринчи таймдан кейин Бурундининг мураббийи энг зўр ҳисобланган шу ўйинчини бошқасига алмаштирди. Ўйин тугашига 5 минут қолганда Руслан Котов жуда чиройли гол урди. Шундан сўнг Бурунди бор кучини ҳужумга ташлади. Аммо 14 ёшли дарвозабонимиз чемпионатнинг энг ёш дарвозабони маҳорат кўрсатди.

Финалга чиққанимизда журналистлар интервью олишга келишди, гапиролмай қолдим. Стадионда йиқилдим, кўз ёшимни тўхтатолмасдим. Ҳамма болалар йиғлашди.

Менга иккинчи финалчи Покистон ёки Индонезия бўлади, деб айтишди. Биз учун финалга ким чиқиши аҳамиятсиз эди. Финалга Покистон чиқди.

— Чемпионликка бир қадам қолганда ҳар қандай футболчи ҳаяжонини тийиб олиши қийин бўлади. Бу жараён қандай ўтди?

— 15 май куни болалар дам олишди. Кечқурун барчамиз йиғилдик. «Локомотив», «Олмалиқ» футзал клуби аъзолари, машҳур футболчиларимиз Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров видеороликлар жўнатиб, болаларга омад тилашган эди. Кечқурун болаларни йиғиб бу тилакларни кўрсатдим. Айримларининг кўзига ёш қалқиди. «болалар финалгача келдик. Чемпионликка бир қадам қолди. Шу қадамни қўйсак, биз жаҳон чемпионимиз, биз тарихда қоламиз. Сизлар биринчи жаҳон чемпиони бўласизлар. Халқимиз ҳозир сизларни дуо қилмоқда. Ишончни оқламасликка ҳаққимиз йўқ. 19 ёшгача бўлган футболчиларимиз Осиё чемпиони бўлиб келганда, қанақа чиройли кутиб олинди. Халқимиз, Президентимиз қандай хурсанд бўлди. Келинглар, биз ҳам хал­қимизни, Президентимизни хурсанд қилайлик, дедим. Болаларнинг кўзлари ёнганини кўрдим. Худо хоҳласа ютамиз дейишди. Тактикани келишдик, Покистон билан гуруҳ босқичидаги биринчи ўйинда асосий мақсад гол ўтказмаслик, қарши ҳужумда ўйнашга келишган эдик. Иккинчи ўйинда ҳужумкор ўйин кўрсатамиз, тез қарши ҳужумга ўтиш билан ўйнаймиз, деган мақсадда битта ҳужумчини майдонга тушурдик. Юқори босим билан ўйнаб, қарши ҳужумда ҳисобни биринчи бўлиб очдик. Руслан Котов яна жароҳат олди, унинг оғриқдан қичқирганини кўриб, юрагим эзилиб кетди... Қўлимда кўтариб майдондан олиб чиқдим, Шифокорлар унга ёрдам кўрсатаётган эди. Уни майдонга туширмасликка қарор қилдим. Ўйинни майдонда шарҳлаб турган журналист «Руслан, ўзингни қандай сезяпсан, жароҳатинг оғир эмасми?», деб сўраганди, «Мен жамоамга ёрдам бериш учун майдонга тушаман» деди. Шунда стадионга йиғилган томошабинлар қарсак чалиб уни олқишлашди. Руслан майдонга чиқди, лекин оғриқ кучли бўлганлиги учун икки-уч минутдан кейин ўзини алмаштиришни сўради.

Рақибларимиз жуда қўпол ўйнашди, ҳакам 5-6 та вазиятда сариқ карточка кўрсатиши керак эди... Рақибларимиз кўриб турибди бизда захира ўйинчи йўқ, улар тез-тез болаларини алмаштириб ўйинни кучайтириб, босим ўтказишга ҳаракат қилди. Ўйин тугашига 5 минут қолганда, кучимиз етмай қолди. Покистонликлар ҳисобни тенглаштиришди — 1:1.

Навбат пенальтилар сериясига келди. Шу ерда бир сирни айтсам, пенальти тепиш навбати Сон Салимовга келган эди. Лекин у олдимга келиб, мен қўрқяпман, тепа олмайман деди. У тўғрисини айтиб яхши қилди. Дарвозабонимга тепасанми дедим, у «Ҳа, тепаман», деди. У ишонч билан дадил гапирди, иккинчи марта сўрамадим. Дарвозабонимиз чиройли гол урди. Гол ургандан кейин чиройли чапак чалиб дарвозага бориб ўз ўрнини эгаллади. У охирги пенальтини қайтаришини кўнглим сезиб турарди. Шундай бўлди ҳам, тўпни оёқлари орасидан ушлаб олиб, осмонга отиб юборди, копток ерга тушгунча биз унинг олдига етиб бордик. Ҳамма бир-бирини бағрига босган. Болалар қувончини тасвирлаб беролмайман. Улар йиғлашарди, мен ҳам уларга қўшилиб йиғладим. Беларусь дўстларимиз Ўзбекистон байроқларини кўтариб, югуриб майдонга чиқишди. Ташкилотчилар ҳам бизни олқишлашди, Россия аёллар терма жамоаси мураббийи йиғлаб келиб табриклади.

Самолётда уйга қайтяпмиз, ҳаво кемаси капитани йўловчилар олдига чиқиб, ҳурматли йўловчилар, сизлар билан футбол бўйича жаҳон чемпионлари келяпти, деб бизни табриклади. Халқаро аэропортимизда бизни катта тантана билан кутиб олишди...

Мураббий билан суҳбатни шу ерда тўхтатиб, футболчиларимиз таассуротлари билан қизиқдик.

Тоир Эргашбоев, Бўка туманидаги 15-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси, чап қанот ҳимоячиси:

— Устозимиз бизга ишонди, мана шу ишонч ва пухта тайёргарлик туфайли ғалаба қозондик. Рақибларимиз бизга эътиборсиз қарашган эди, лекин биз Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб, ўзимизни тан олдирдик. Биз янги ўйинларга янада яхши тайёргарлик кўрамиз, катта ғалабалар ҳали олдинда, деб ўйлаймиз.

Жаҳонгир Очилов, Хлебушкина номидаги 22-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси, марказий ҳимоячи:

— Биз бир жамоа бўлиб ўйнадик, кимдир хато қилса, бошқамиз уни қўллаб-қувватлашга келишиб олгандик. Ишонч билан ўйнадик. Ютқазишга ҳаққимиз йўқ эди.

... Дарҳақиқат, улар ютқазишга ҳаққимиз йўқ, деб ўйлашди. Улар бутун Ўзбекистон, жумладан меҳрибонлик уйлари болалари, устозлари ўйинларни кузатиб турганини ҳис этишарди. Ғалаба жуда кераклигини яхши билишарди. Ана шу кучли иштиёқ, ғурур, мустаҳкам ирода уларга ғалаба келтирди. Табриклаймиз, раҳмат айтамиз, офарин, деймиз!

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.