Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
22.05.2018

АМЕРИКАГА ТАРИХИЙ ТАШРИФ

Жорий йилнинг 15-17 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мутлақо янги босқичга кўтарилаётганини тасдиқлади

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Депутат сифатида АҚШ тарихи ва дипломатиясидан озми-кўпми хабардорман. Мамлакатга келган давлат раҳбарларига АҚШ Президентлари томонидан юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиши камёб ҳодисадир. АҚШ Президенти Дональд Трамп Президентимизни Оқ уйга кираверишда шахсан ўзи кутиб олди. «Мен учун Ўзбекистон Етакчиси билан учрашиш катта шарафдир», деб таъкидлаши унинг давлатимиз раҳбари ва халқимизга юксак ҳурматидан далолатдир.

АҚШ саноати ўта ривожланган, ҳар томонлама қудратли давлат. Ўтган йилда мазкур мамлакатда ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 18 триллион долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич дунё мамлакатлари ялпи ички маҳсулотининг салкам чорак қисмини ташкил этади. АҚШнинг улкан иқтисодий салоҳияти ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда кенг имкониятлар очади.

Савдо-сотиқ соҳасида мамлакатларимиз ўртасида 1998 йилдан буён энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилмоқда. Юртимизда америкалик сармоядорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 180 дан ортиқ корхона фаолият кўрсат­япти. Узоқ йиллар давомида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро маҳсулот айрибошлаш ҳажми 100-200 миллион доллар атрофида эди. Мазкур ташриф доирасида Президентимизнинг ташаббуси билан ­Вашингтон шаҳрида икки мамлакат компаниялари ўртасида тарихда илк маротаба салкам 5 миллиард долларлик шартнома имзоланди. Бу юртимизда кўплаб янги иш ўринлари яратилиши ва юқори технологияли ­ишлаб чиқариш кенгайишига замин бўлади.

Икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида ўтган музокараларда ҳам асосий эътибор савдо иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди. Вазирлик ва компаниялар, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, юқори технологиялар, савдо-саноат, ёқилғи-энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Дональд Трамп Президентимизнинг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлади. Ўзбекистоннинг минтақада ўсиб бораётган ролини эътироф этди. Жорий йилда Марказий Осиё савдо форумини ва Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасида савдо ва инвестицияларга оид ҳадли битим бўйича Кенгаш йиғилишини ўтказиш юзасидан Ўзбекистоннинг таклифи бундан далолат беришини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг АҚШ Президенти, шунингдек, АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео, АҚШ Сенати раиси ўринбосари, молия бўйича қўмитаси раиси Оррин Хэтч, мудофаа вазири Жеймс Мэттис, АҚШ Конгреси вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли бошчилигидаги конгрессменлар билан бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги барча соҳадаги алоқаларни мутлақо янги, юқори бос­қичга кўтариш масалалари муҳокама этилди.

Жумладан, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар, парламентлараро, ҳарбий, қишлоқ хўжалиги ва халқ хўжалигининг турли соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган шартномалар имзоланди.

Ташриф доирасида Президентимиз Жаҳон банки Президенти жаноб Жим Ёнг Ким билан ҳам музокаралар олиб борди.

Учрашув чоғида боғдорчиликни ривожлантириш, шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, саноат корхоналарининг энергия тежамкорлигини ошириш, иситиш тармоқларини модернизациялаш, молия­вий консультатив хизмат кўрсатиш каби соҳаларга оид битимлар имзоланди.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига қилган расмий ташрифи ўта самарали ва мазмунли бўлди. Олиб борилган музокаралар эса ўзаро ишонч янада ортишига, иқтисодий ҳамкорлик бўйича янгидан-янги имкониятлар очилишига хизмат қилади, деб ишонаман.

 

Шуҳрат МАМАДЖАНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистон Республикаси ўз таш­қи сиёсатида дунёдаги барча давлатлар билан тенглик, ҳурмат ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга алоҳида устуворлик беради. Халқаро миқёсда таранг вазият сақланиб қолаётган ва бошқа давлатлар ички масалалари уларнинг ҳудудларидан ташқарида ҳал этилаётган бир паллада бундай сиёсат принципиал аҳамиятга эгадир.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Шавкат ­Мирзиёевнинг АҚШга давлат ташрифи ана шу сиёсатнинг амалдаги натижасини яққол кўрсатиб берди. Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда амалга ошираётган ислоҳотлари океан ортида ҳам катта қизиқиш билан кузатиб борилаётганининг гувоҳи бўлдик. ­Президентлар Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги кўп томонлама ҳамкорлик муносабатларида иштирок этишини қўллаб-қувватлашларини билдиришди.

Бугун инсоният олдидаги энг мураккаб ва чигал муаммолардан бири Афғонистонда тинчликни таъминлаш билан боғлиқдир. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда. Мамлакатимиз ташаббусининг АҚШда ҳам қўллаб-қувватланиши хайрли ишнинг ижобий натижасига умид беради.

Президент Дональд Трамп Президентимизни афғон ҳукумати ва «Толибон» тинч музокараларни бошлаши лозимлиги тўғрисидаги халқаро ҳамжамиятнинг позициясини тасдиқлаган Тошкент халқ­аро конференцияси муваффаққиятли ўтказилгани билан қутлади. Ўзбекистон томонидан режалаштирилаётган Афғонис­тондаги темир йўл ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга сиёсий ва консультатив кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Ўз навбатида Президентимиз ҳам Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришишга ҳисса қўшаётган Шимолий таъминот тармоғини қўллаб-қувватлашда давом этишини тасдиқлади. Иккала давлат раҳбарлари ҳам Афғонистон хавфсизлик кучлари ва тинч аҳолисига қарши қаратилган террорчилик ҳужумларини қаттиқ қоралашди. Афғонистон дуч келаётган хавф-хатарларга барҳам бериш бўйича мулоқотни кенгайтиришга содиқликларини айтишди.

Президентимиз куни-кеча Андижон вилоятига ташрифи давомида ўтказилган йиғилишда Афғонистон масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Бу мамлакатда тинчлик, тараққиёт бўлиши халқимиз учун нақадар муҳим эканини таъкидлади. ­«... буюк боболаримиз хоклари Ҳиротда. Ўзбек миллати учун Ҳиротгача етиб борсак, буюк боболаримиз руҳи мададкор бўлади. Албатта, бунда афғон халқининг манфаати, иқтисодиёти бор... Шунинг учун катта темир йўл қурилиши ташаббуси билан чиққандик, катта раҳмат, АҚШ Президенти Дональд Трамп қўллаб-қувватлаб, биз баённома қабул қилдик. Қўшма баёнотда ҳам АҚШ Афғонистондаги темир йўл қурилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди...» Тарихни эслайлик, Ўзбекистон ва Афғонистон ҳудудларида азалда савдо-сотиқ, иқтисодий муносабатлар гуркираб ривожланган, карвонлар изи узилмаган замонлар бўлган. Афғонис­тонда темир йўл қурилиши ана шу қадимий алоқалар, борди-келдиларни қайта жонлантириш ва ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, биз ривожланишнинг инновацион йўналишларини танладик ва истаймизми-йўқми бу борада етакчилар билан ҳамкорлик ўзимиз кутган натижаларга эришишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Иқтисодиётнинг реал секторига, таълим ва ижтимоий соҳанинг барча йўналишларига илғор инновацияларни жорий қилишда АҚШ тажрибаси жуда асқотади. Президентимиз бу масалага ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. «Нима учун бизга АҚШ сармояси, технологияси керак? Чунки, унақа технология ва ишланмалар ҳали Ўзбекистонга кирмаган. АҚШ технологияси кирган давлатда ҳисоб-китоб жойида бўлади. Уларнинг технологияси кирган жойда коррупция, ўғрилик бўлмайди...»

Шуларни инобатга олиб айтиш мумкинки, бу ташриф тарихий аҳамиятга эга бўлди. Унинг натижасини эса тез орада ҳис эта бошлаймиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.